- Муовия ибн ал-Ҳакам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен:«Эй, Аллоҳнинг Расули, менинг чўрим бор эди. Уни икки шапалоғим ила урдим», дедим. Буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга оғир иш санадилар. Шунда мен:«Уни озод қилиб юборайми?» дедим.«Уни ҳузуримга олиб кел», дедилар. Мен уни келтирдим. У зот ундан:«Аллоҳ қаерда?» деб сўрадилар.«Осмонда», деди у.«Мен кимман?» дедилар.«Сиз Расулуллоҳсиз», деди у. Шунда у зот менга:«Уни озод қил. Шубҳасиз, у мўминадир», дедилар». Абу Довуд, Термизий ва Муслим ривоят қилган.Бу ҳадиси шарифда Ислом дини инсон зотини қанчалар улуғлаши яққол кўриниб турибди. Ўша пайтларда қулу чўрилар ҳеч ким томонидан одам ўрнида кўрилмас эди. Хожалар қулларни нима хоҳласа шуни қилар эдилар. Эҳтимол ўша муҳитнинг таъсиридами, Муовия ибн ал-Ҳакам розияллоҳу анҳу ҳам ўз чўриларини икки қўллаб юзига тарсакилабдилар. Аммо ўз хатоларини дарҳол тушуниб, уни тузатишга киришибдилар. Бўлиб ўтган ҳодисани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтиб берибдилар. Бу ишни у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам оғир иш санабдилар. Чунки у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо ўз умматларини қул ва чўриларга нисбатан яхши муомалада бўлишга чорлаб келар эдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларга қул ва чўриларни сўкмаслик, урмаслик ва хусусан, уларнинг юзларига урмаслик ҳақида таълим бериб келар эдилар. У зот ўзларининг баъзи ҳадисларида, ким ўз қули ёки чўрисини ноҳақдан урса, бу ишнинг каффороти мазкур қул ёки чўрини озод қилиш эканини таъкидлаган эдилар.Эҳтимол, шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғир олганларини сезиш билан Муовия ибн ал-Ҳакам розияллоҳу анҳу калтак еган чўри озод қилиб юборишга изн сўрагандирлар.Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг чўри қизни озод қилиш ҳақида сўз очилиш билан уни эътиқод ҳақида саволга тутишларидан, қул ва чўри озод қилишда иймон-эътиқод масаласига ҳам қараш кераклиги чиқади. Албатта, мусулмон шахсни қулликдан озод қилиш ҳар бир мусулмон учун катта шарафдир. Ундан сўнг бошқаларга ҳам навбат келаверади.Бу ҳадиси шарифда эътиқод масаласига оид гаплар бўлгани учун уни ақоид илми уламолари ҳам яхшилаб ўрганиб чиққанлар. Улар хусусан, Аллоҳ осмонда, деган иборага алоҳида эътибор қаратганлар ва ҳадисдаги «Аллоҳ осмонда» деган ибора Аллоҳ таолонинг турган маконига эмас, Олий маконатига, қадрига ишоратдир, деганлар. Чунки, Аллоҳ осмонда ёки фалон жойда, дейишлик билан Аллоҳ таолонинг маконла чегаралаб қўйилган бўлади. Бу эса, У зотнинг шаънига нуқсон бўлиб қолади. Ҳолбуки, Аллоҳ таолони барча нуқсон ва камчиликлардан холий қилиб васфлаш Ислом ақийдасининг асосидир. Баъзи кишилар, ҳадисда келгандан кейин, гапни чўзмасдан ўша ҳадисдаги гапни айтиб қўйилаверса бўлмайдими? дейишлари ҳам мумкин. Аввало, ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзига хос алоҳида васфга эга шахс билан муомала қилмоқдалар. Бу ҳақиқатни кейинги ҳадисни ўрганиш жараёнида яна ҳам тўлиқроқ тушиниб оламиз. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳолатдан бошқа ҳолларда эътиқод ҳақида тамоман бошқача саволлар берганлар. Қолаверса, бу масала фақат ушбу ҳадис билан тугаб қолмайди. Балки бошқа кўплаб ҳадислар ва энг муҳими оятлар бор.Биргина мисол келтирайлик. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «У Аллоҳ осмонлару ердадир. У сирингизни ҳам, ошкорингизни ҳам билур», деган. Агар ҳозир биз ўрганаётган ҳадиснинг зоҳирига қараб, Аллоҳ таоло осмондадир, дейиладиган бўлса, манабу оятга хилоф қилинган бўлади. Қоида бўйича мабодо оят билан ҳадис зоҳиран бир-бирига қарши маъно англатиб қолса, ҳадисни таъвил қилинади. Агар таъвил қилиш имкони бўлмаса, ҳадис ташланади. Чунки, оят турганда ҳадис, қанчалик кучга эга бўлишидан қатъий назар, олдинга туша олмайди.Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қиздан Аллоҳ ҳақидаги саволдан кейин бевосита Ўзлари ҳақларида сўрашларидан, Ислом ақийдасида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтириш Аллоҳга иймон келтиришдан кейинги иккинчи ўринда туришига далолатдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Муовия ибн ал-Ҳакам розияллоҳу анҳуга:«Уни озод қил. Шубҳасиз, у мўминадир», дейишларидан мўмин инсонни илож борича тезроқ озод қилиш кераклиги чиқади.Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир қора чўри қизни олиб келиб:«Эй, Аллоҳнинг Расули, зиммамда бир мўмин жон (озод қилиш) бор», деди. Шунда у зот у(қиз)га:«Аллоҳ қаерда?» дедилар. У панжаси ила осмонга ишора қилди.«Мен кимман?» дедилар у зот. У набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ва осмонга ишора қилди, яъни, сиз Аллоҳнинг Расулиси деди. Бас, у зот: «Уни озод қил. Шубҳасиз, у мўминадир», дедилар». Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилган.Бу ҳадиси шарифнинг умумий маъноси ҳам ўтган ҳадиснинг умумий маъносининг айни ўзидир. Икки ҳадис айни бир воқеа бўлиб, уни икки ровий ўз таъбири билан ифода қилган. Кўриниб турибдики, қора чўри қиз гапира олмайди. У соқов бўлиши мумкин ёки араб тилини бир калима ҳам билмайдиган бошқа ерли қиз бўлади. Бизнингча биринчи эҳтимол кучли. Чунки Мадинаи Мунавварада бўлиб туриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кимликларини билиб туриб, бир оғиз сўз билан бўлса ҳам айта олмаслик мумкин эмас. Ана шу эътиборлардан бу ҳадиси шарифни ҳам, олдингисини ҳам, маълум, ғайри оддий шароит туфайли ворид бўлган дейишга ҳаққимиз бор.Чўри қизнинг хожаси бўлмиш кишининг: «Эй, Аллоҳнинг Расули, зиммамда бир мўмин жон (озод қилиш) бор», дегани, мен бир мўмин шахсни озод қилишни назр қилган эдим, деганидир. У одамнинг бу гапи зимнида, ўша назр учун манабу қора чўри қизни озод қилсам бўладими, деган савол бор. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг мазкур гапидан кейин дарҳол қиздан иймонга боғлиқ асосий саволларни сўрай бошладилар. Мана шунинг ўзи ҳам чўри қизнинг ғайри оддий ҳолатда эканини, ғолибо соқовлигини кўрсатади. Чунки бошқа ҳар қандай ҳолатда хожанинг ўзи қизнинг иймони ҳақида хулоса чиқариб олса бўлади. Пайғамбарирмиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қиз томонидан қилинган ишоралардан хулоса чиқариб, унинг мўмина эканлигига ҳукм чиқаришлари, чўри қизнинг соқов эканлигига энг кучли далилдир. Чуни ҳеч қачон бошқа тилда сўзловчи шахс ишора ила шаҳодат келтирса бўлади, дейилмаган.