- Ва алайкум ассалом! Одам алайҳиссаломдан бошлаб қиёматгача бўладиган инсонларнинг барчасини Роббиси Аллоҳ таолодир. Қонун чиқарувчи ҳам Аллоҳ таоло, кимга қандай шариатни белгилаш У зотнинг қўлидадир. Инсонларнинг ҳолатига қараб шариатларни нозил қилган. Бир вақтлар яҳудийлар қиблани Байтул Мақдисдан Каъбага ўзгаришидан эътироз билдиришган эди. Аллоҳ таоло қуйидаги оятни нозил қилди:
لَّيْسَ الْبِرَّ أَن تُوَلُّواْ وُجُوهَكُمْ قِبَلَ الْمَشْرِقِ وَالْمَغْرِبِ وَلَكِنَّ الْبِرَّ مَنْ آمَنَ بِاللّهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ وَالْمَلآئِكَةِ وَالْكِتَابِ وَالنَّبِيِّينَ وَآتَى الْمَالَ عَلَى حُبِّهِ ذَوِي الْقُرْبَى وَالْيَتَامَى وَالْمَسَاكِينَ وَابْنَ السَّبِيلِ وَالسَّآئِلِينَ وَفِي الرِّقَابِ وَأَقَامَ الصَّلاةَ وَآتَى الزَّكَاةَ وَالْمُوفُونَ بِعَهْدِهِمْ إِذَا عَاهَدُواْ وَالصَّابِرِينَ فِي الْبَأْسَاء والضَّرَّاء وَحِينَ الْبَأْسِ أُولَئِكَ الَّذِينَ صَدَقُوا وَأُولَئِكَ هُمُ الْمُتَّقُونَ
177. Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингизгина эмас. Лекин яхшилик – Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, набийларга иймон келтирган ва молини яхши кўра туриб, яқин қариндошларга, етимларга, мискинларга, йўқсил йўлчига, тиланчиларга ва қул озод қилишга берган ҳамда намозни тўкис адо этган, закотни берган киши ҳамда аҳд қилганда, аҳдига вафо қилувчилар, йўқчилик, қийинчилик ва шиддат вақтида сабр қиладиганларникидир. Ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар, ўшаларгина тақводорлардир.
2). Аллоҳ қанотсиз учиришга ҳам қодир. Бир парча гўштни оғизнинг ичига тиқиб гапиртириб қўйишга ҳам қодир.
3). Сиз айтган одам ўзларининг устозларидан ҳам аҳмоқроқ экан. Чунки устозлари дунёвий илмларни ўрганиб охири “Унинг яратувчиси бор экан” деган натижага эришишди. У на диний ва на дунёвий илмдан бехабар одам экан. Оддий гугурт чўп ўз-ўзидан ясалиб олган деса инкор қилади. Шунчалик тартиб-интизом, дақиқ сир-синоатга бой оламни ўзидан ўзи яралиб қолган дейди. Уларни Аллоҳ таоло қалбини кўр қилиб қўйган. Аллоҳ таоло “Фурқон” сурасида марҳамат қилади:
أَمْ تَحْسَبُ أَنَّ أَكْثَرَهُمْ يَسْمَعُونَ أَوْ يَعْقِلُونَ إِنْ هُمْ إِلَّا كَالْأَنْعَامِ بَلْ هُمْ أَضَلُّ سَبِيلًا
44. Ёки уларнинг кўплари тинглай олурлар ёки ақл юрита олурлар, деб ҳисоблайсанми? Улар чорва кабидирлар, холос. Балки улар яна ҳам йўлдан адашганроқдирлар.
Ушбу ояти каримада Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга тасалли ва ҳавойи нафсларини худо қилиб олган кофирларни ерга уриш бор.
«Эй Пайғамбар, сен кофирларнинг сени масхара қилаётганларидан, иймонга келмаётганларидан хафа бўлма,
«Ёки уларнинг кўплари тинглай олурлар ё ақл юрита олурлар, деб ҳисоблайсанми?»
Ҳа, уларнинг кўплари ҳақ сўзларни ибрат, ваъз-насиҳат оладиган даражада тинглай олмайдилар. Иймонга бўлган даъватни англай олмайдилар. Чунки
«Улар чорва кабидирлар, холос».
Ҳайвонлар ҳам сўзларни эшитадилар-у, ибрат олмайдилар ва англай олмайдилар. Ҳавойи нафсини худо қилиб олган кофирлар ҳам шунга ўхшайди. Шунингдек
«Балки улар яна ҳам йўлдан адашганроқдирлар».
Чунки уй ҳайвонлари ўзларига қараган кишига боғланиб, вафодорлик қилади. Ўзларига ёмонлик этганлар билан яхшилик қилганларни ажратади. Ўзларига фойдали нарсаларни кутиб, зарарли нарсалардан қочади. Еган-ичган нарсасининг фарқига боради. Ўзлари ўрганган йўлдан адашмайди. Ўзларига юклатилган вазифани тўлиқ бажаради. Аммо кофирлар-чи? Кофирлар ўз Роббларини тан олмайдилар. Аллоҳ уларга берган неъматларга ношукрлик қиладилар. Ўзларига фойдали нарсани қўйиб, зарарли нарсага уринадилар. Ер юзидаги ҳамма нарсаларга ёмонлик қиладилар. Демак, улар ҳайвондан ҳам баттардирлар.
Эндиги келадиган оятларда Аллоҳ таоло Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эътиборларини борлиқдаги ажойиботларга тортади. Бу эса ўз навбатида, Аллоҳ таолонинг қудратига қойил қолишни кучайтириб, бу дунё сиқилишларини унуттиради:
أَلَمْ تَرَ إِلَى رَبِّكَ كَيْفَ مَدَّ الظِّلَّ وَلَوْ شَاء لَجَعَلَهُ سَاكِنًا ثُمَّ جَعَلْنَا الشَّمْسَ عَلَيْهِ دَلِيلًا
45. Роббинг сояни қандай ёйиб қўйганини кўрмадингми? Агар хоҳласа, уни жилмас қиларди. Сўнгра қуёшни унга далил қилдик.
Сояни доимо кўриб юрамиз, аммо унга унчалик эътибор бермаймиз. Эътибор берсак, бу нарса Аллоҳнинг қудратига далил эканини тушунамиз. Соя қандай пайдо бўлади? Қандай қилиб ёйилади? Қандай қилиб қисқаради? Нима учун ёйилиб-қисқариб туради, яъни ҳаракатланади? Бу нарсаларга эътибор бериш керак бўлганидан Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб:
«Роббинг сояни қандай ёйиб қўйганини кўрмадингми?» – демоқда.
Ҳа, Аллоҳ таоло қуёш мажмуасидаги сайёраларни ҳозирги ҳолида яратмаганида, ораларидаги масофаларни ҳозиргидек мосламаганида, ерни ўз ўқи атрофида айланадиган қилмаганида, ҳеч бир нарсанинг сояси ёйилмас эди. Эҳтимол, соя деган нарса умуман бўлмас эди.
«Агар хоҳласа, уни жилмас қиларди».
Ҳа, агар Аллоҳ хоҳласа, сояни жилмас қилиб, бир хилда, яъни узаймай ҳам, қисқармай ҳам турадиган қилиб қўяр эди. Мисол учун, ерни айланмайдиган қилиб қўйса, соя жилмай тураверар эди.
Демак, биз эътибор бермайдиган, биз учун эътиборсиз даражада оддий туюлган ҳолат – соянинг ёйилиши ҳодисаси ортида ҳам Аллоҳнинг улкан қудрати турибди.
Бу ҳақиқатни оятнинг давомидаги
«Сўнгра қуёшни унга далил қилдик» жумласидан ҳам тушуниб оламиз.
Дарҳақиқат, қуёш бўлмаса, соя қаердан бўлади? Қуёш эса ўзидан-ўзи пайдо бўлган нарса эмас. ("Тафсири Ҳилол" китобидан).
Ҳар бир нарсани ўз табиби бўлади. У каби кўрларнинг табиби Аллоҳнинг Ўзи холос. Аллоҳ ундайларни кўзини очмаса бошқаси очолмайди. Валлоҳу аълам!