Ассаламу алайкум! Излаш хизматидан айнан саволимга жавоб топа олмадим. Адашган бўлсам минг бор узр. Бир киши мендан қарзи ҳисобига ўзининг фирмасига банкдан автокредит расмийлаштириб машина олиб бермоқчи. Бунда у менга машинани расмийлаштириб беради, банк ҳаражатлари ва фоизларини ўзи тўлайди. Шу йўл билан менга қарзини(қарз машинани нархига тўғри келади) тўламоқчи ва мен ҳеч қандай фоиз тўламайман. Шу иш шариатимизга тўғри келадими?
Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло “Моида” сураси 2-оятида марҳамат қилади :
«Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг».
Ушбу мўъжазгина жумла дунёдаги барча ҳамкорликлар учун асосий қоида ҳисобланади. Исломдан аввалги даврда ҳамкорлик қоидаси уруғчилик, қабилачилик ва бошқа шунга ўхшаш ўлчовлар асосида бўлар эди. Ўзига яқин бўлган шахс, тоифа, қабила, давлат ёки халқ нима қилса, унга ҳамкор бўлиш зарур эди. Жумладан, зулм ва душманлик ишларида ҳам.
Исломда эса ҳамкорликнинг бош шарти яхшилик ва тақводир. Агар шу шарт вужудга келса, ҳамма билан ҳамкорлик қилинаверади. Аммо қаерда гуноҳ ва ёмонлик бўлса, ким бўлишидан қатъи назар, ҳамкорлик қилинмайди.
Бу ишларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолога боғлиқ. Мазкур ишларни амалга оширишда, албатта, тақво шарт. Шунинг учун ҳам
«Аллоҳга тақво қилинг», – деб алоҳида таъкидланмоқда.
Инсон Аллоҳдан қўрққанидагина Аллоҳни рози қиладиган ҳамкорликларни амалга оширади. Инсон Аллоҳга тақво қилгандагина ундан яхшилик кутиш мумкин. Кимки яхшилик қилса, ўзигадир. Ёмонлик қилса ҳам ўзигадир. Аллоҳдан қўрқмаган, Унинг амрида юрмаганлар билиб қўйсинларки:
«Албатта, Аллоҳ иқоби шиддатлидир».("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам.