Мен бир қавмни кўрдим. Улар суннат намозини ўқимай, ўрнига қазо намозини ўқийдилар. Улар хуфтон намозидан олдин 4 ракъат суннат, яъни 4 ракъат қазо, хуфтон намозининг фарзини. Кейин 2 ракъат суннатнинг ўрнига 3 ракъат қазо витр намозини ўқиб, кейин 3 ракъат витр ўқишади. Улардан бунинг сабабини сўрасам, «Ҳам қазо намозини ҳам суннатни адо қилган бўласан» деди. Шундай қилишнинг ҳукми қандай?
Фарз, вожиб ва суннати муаккада бўлган намозларга алоҳида ният қилиш шарт. Улар билан бошқа намозларни қўшиб адо қилиб бўлмайди. Аммо қазо намозларини таҳиятул масжид, шукур вузуъ каби нафл намозларининг ўрнига ўқиса, уларнинг савобига ҳам эга бўлади. Масалан бир киши масжидги кириб келиб, таҳиятул масжид ўрнига қазони ният қилиб намоз ўқиса, қазони ҳам таҳиятул масжидни ҳам адо қилган бўлади. Шунингдек таҳажжудга турган кишилар ҳам қазолари бўлса, нафл ўрнига қазоларини ўқиши керак. Шу билан қазони ҳам адо қилган бўлади ва кечасида бедор бўлганнинг савобини ҳам олади. Фарзлардан олдин ва кейин ўқиладиган суннат намозларнинг ўрига қазоларни ўқишга келсак, бу билан ушбу ҳадисда келган савобдан бебаҳра қолади :
عَنْ أُمِّ حَبِيبَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صلي الله عليه وسلم يَقُولُ: مَا مِنْ عَبْدٍ مُسْلِمٍ يُصَلِّي ِللهِ كُلَّ يَوْمٍ ثِنْتَيْ عَشْرَةَ رَكْعَةً تَطَوُّعًا غَيْرَ فَرِيضَةٍ إِلَّا بَنَى اللهُ لَهُ بَيْتًا فِي الْجَنَّةِ. قَالَتْ أَمُّ حَبِيبَةَ: فَمَا بَرِحْتُ أُصَلِّيهِنَّ بَعْدُ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ.
وَزَادَ التِّرْمِذِيُّ: أَرْبَعًا قَبْلَ الظُّهْرِ وَرَكْعَتَيْنِ بَعْدَهَا، وَرَكْعَتَيْنِ بَعْدَ الْمَغْرِبِ، وَرَكْعَتَيْنِ بَعْدَ الْعِشَاءِ، وَرَكْعَتَيْنِ قَبْلَ صَلَاةِ الْفَجْر
Умму Ҳабийба розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Қайси бир мусулмон банда ҳар куни фарздан ташқари ўн икки ракъат ихтиёрий намоз ўқиса, албатта, Аллоҳ унга жаннатда уй қуриб беради», дедилар.
Умму Ҳабийба: «Шундан кейин уларни доимо ўқиб келмоқдаман», дедилар».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Термизий: «Пешиндан олдин тўрт ва кейин икки ракъат. Шомдан кейин икки ракъат, Хуфтондан кейин икки ракъат. Бомдоддан олдин икки ракъат»ни зиёда қилган».
Ҳанафий мазҳаби ушбу ривоятни маҳкам ушлаб, ҳаётга яхшилаб татбиқ қилган мазҳабдир. Ушбу ҳадисида фарз намозларига тобеъ суннатларни қўймай ўқиб боришга қаттиқ тарғиб ва улкан ваъда бордир.
Бу ваъда, жаннатда ушбу намозлар учун мукофот тарийқасида Аллоҳ таоло томонидан қуриб бериладиган алоҳида уйдан иборатдир.
Фарз намозларга тобеъ суннат намозларининг қўймай ўқиб боришга бундан ортиқ тарғиб бўлмаса керак.
Шунинг учун ҳам, Умму Ҳабийба онамиз ушбу ҳадисни эшитганларидан бошлаб, у намозларни асло қўймаганлар. Биз ҳам худди шундоқ қилишимиз керак.
Фарз намозларидан олдин ўқиладиган суннат намози ўзига хос равишда фарз намоздан олдин, машқ - тайёрланиш вазифасини ҳам ўтайди. У намозни ўқиб, анча тайёрланиб олган намозхон учун фарз намозининг хушуъ-хузуъини жойига қўйиш осон бўлади.
Фарз намозларидан кейин ўқиладиган суннат намозлари эса, фарз намозда баъзи қусур ва камчиликлар содир бўлса ўрнини тўлдириш вазифасини ўтайди.
Шунинг учун ҳам, шариатда бу намозларни «мукаммилот» - тўлдирувчи намозлар деб аталади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, таъкидланган суннат намозларига ҳанафий мазҳаби алоҳида эътибор билан қараган. Бунга Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатларидан ҳужжатлар келтирганлар. У зот баъзи вақтларда суннат намозни қазосини ўқиганлари ҳақида ривоятлар ҳам бор.
Шунингдек, сафарда ҳам юриб кета туриб ўқиш имкони бўлмаса ўқимаса, майли. Аммо тўхтаб турганда ўқилади, деганлар.
Суннат намозларни қасддан ўқимаслик жуда ёмон иш.("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан).
Баъзи бир ўзбек тилида ёзилган китобларда “Суннатни ҳам қазони ҳам ният қилиб ўқиса, иккиси ҳам адо бўлади” деб ёзилиб, фуқаҳоларимизнинг баъзи китобларига нисбати берилганини ҳам кўрдик. Лекин ҳавола қилинган жойда у ибораларни топа олмадик. Валлоҳу аълам!