Ассалому алайкум! Устозлар кеча бир акамиз билан бир кишини кўргани докторга бориб келдик. Ўша акамиз ёғингарчилик кўп бўлганлиги сабабидан “Эшел” деб номланган махсидан нам ўтганлигини айтиб менга телефон қилди. У киши “энди маҳсини ечиб оёғимни ювишим керакми” деди. Мен ўз ақлимга суянган ҳолатда “ҳар кандай тикилган маҳсини тикиш жойларидан намлик ўтади. Шу “Эшел” маҳсисига уломалар фатво берганлар масҳ тортиб қўяверинг” дедим. Кўнглим ғаш бўлганидан сизлардан сўрашга қарор қилдим. У киши ўша кунги хуфтон намозини қайта ўқисинми ёки масҳ қилгани кифоя қиладими? Сизлардан ва сизларни бизларга тайёрлаб кетган шайх Ҳазратларидан Аллоҳ рози бўлсин.
Ва алайкум ассалом! “Эсхел” жавробларига масҳ тортишнинг жоизлигига уламоларимиз фатво берганлар. Бунга шубҳа йўқ. Сиз айтган гапингиз ҳам тўғри, яъни теридан тикилган маҳсидан ҳам оёққа намлик ўтиши мумкин. Аммо теридан тикилган маҳси бир фарсаҳ яъни беш км-дан узоқ жойга, ўзини кийиб юрилса ярамайдиган ҳолатга келиб қолса, унга масҳ тортиш жоиз эмас. Бу ҳукм ушбу “Эсхел” жавробига ҳам тегишлидир. Шунинг учун уни ҳам текшириб яроқсиз ҳолга келганини ёки яроқли эканини аниқлаш керак. Маҳсига масҳ тортиш ҳам масҳ тортишга яроқли бўлганига жоиздир.
Махси ва чориқдан бошқа, уларнинг вазифасини адо этадиган пойабзалларга ҳам масҳ тортса бўлади. Бунинг учун мазкур пойабзаллар икки оёқнинг тўпиқдан юқорисини тўсадиган, боғламаса ҳам, ўзи тик турадиган ва у билан юриб сафар қилса бўладиган даражада бўлиши лозим. Мазкур сафар энг ози бир фарсах, яъни 5544 метр масофага бўлиши керак. Агар мазкур масофани босиб ўтгунча йиртилиб кетадиган пойабзал бўлса, унга масҳ тортиш жоиз эмас.
عَنِ الْمُغِيرَةِ رضي الله عنه: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صلي الله عليه وسلم تَوَضَّأَ وَمَسَحَ عَلَى الْجَوْرَبَيْنِ وَالنَّعْلَيْنِ. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ بِسَنَدٍ صَحِيحٍ
Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилдилар ва икки жавробларига ҳамда кавушларига масҳ тортдилар».
«Сунан» эгалари саҳиҳ санад ила ривоят қилишган.
Ушбу ҳадисдаги «жавроб» нима эканини уламоларимиз узоқ таҳлил ва баён қилганлар.
«Жавроб» сўзи асли «кавроб» шаклида бўлиб, араб тилига бошқа тилдан кириб қолган экан.
«Қомусул Муҳийт» ва «Лисонул Араб» номли энг мўътамад луғат китобларида айтилишича, жавроб кишининг оёқларига ўраладиган нарса экан. Буни машҳур уламолардан Тийбий ва Шавконий ҳам тасдиқлашган.
Шавконий: «Махси юмшоқ ошланган теридан қилинади, чориқ унинг устидан кийилади, жавроб эса чориқдан ҳам катта бўлади», деганлар.
Ибн Арабий, Айний ва бошқа уламолар: «Жавроб жундан тўқилган бўлиб, ўта совуқ ўлка одамлари кияди», деганлар.
У руслардаги «пийма» номли оёқ кийимига ўхшаш нарсадир.
«Жавроб» ҳақида уламоларнинг гаплари турлича бўлиши у оёқ кийимнинг ҳар юртда ҳар хил бўлиши сабабидандир. Бунга «дўппи» деб аталган бош кийим турли юртларда турлича бўлиши мисол бўла олади.
Абдурраззоқнинг ривоятига кўра, Абу Масъуд Ансорий жавроби ва кавушига масҳ тортар экан.
Нима бўлганда ҳам, ҳамма уламолар масҳ тортиш учун ўша оёқ кийими масҳ муддатида юриб туришга яроқли бўлиши, сув, лой каби турли нарсаларни оёққа ўтказмаслиги кераклигига иттифоқ қилганлар.
Ҳозирги пайтда баъзи араб юртларида юпқа латтадан бўлган замонавий пайпоқлар «жавроб» дейилади. Баъзи бир одамлар ана шу «жавроб» ҳадисда зикр қилинган «жавроб» деб, унга ҳам масҳ тортса бўлади, дея фатво бермоқдалар. Бу мутлақо нотўғридир. Ким бу гапни эшитса, асло қабул қилмаслиги керак. Агар олдин билмай қабул қилган бўлса, энди ундан қайтиб, пайпоққа масҳ тортмаслиги лозим.
Мужтаҳид уламоларнинг ҳаммалари: «Бир фарсах масофага сафар қилишга ярайдиган, тагидаги нарсанинг шаклини билинтирмай турадиган, устидан тери қопланган жавробдан бошқасига масҳ тортиб бўлмайди», деганлар.("Кифоя" китобидан). Валлоҳу аълам!