Ассалому алайкум! Ғавсул Азам ҳақларида маълумот берсангизлар.
Ва алайкум ассалом! Абдулқодир Жилоний ҳижрий 471-йили Табаристон ортидаги Жийлон қишлоғида туғилган. Куняси Абу Муҳаммад исми Абдулқодир ибн Абу Солиҳ Абдуллоҳ ибн Жангий Дўст ҳанбалий мазҳабида бўлган. Абу Ғолиб Боқилоний, Аҳмад ибн Музаффар ва Абулқосим ибн Баёнлардан ҳадис эшитган. Самъоний ҳофиз Абдулғоний ва шайх Муваффиқуддин ибн Қудомалар ундан ҳадис ривоят қилишган. Имом Заҳабий у зотни : “Шайх, имом, олим, зоҳид, ориф, муқтадо, авлиёлар султони” деб таърифлаган. (Сияру аъломин нубало). Имом Самъоний у кишини тарифлаб : “Абдулқодир Жилоний, Жийлон аҳлидан бўлиб, ҳанбалий мазҳабининг имомларидан ва ўз асридаги уларнинг шайхларидан бўлган. У киши фақиҳ, солиҳ, ўта диёнатдор, хайриятга тўла, кўп зикр қилувчи, доимий фикр қилувчи, қалби юмшоқ, кўзи ёшли зот эди” деганлар. Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ : “Абдулқодир Жилоний, хулқи гўзал, тадаббур билан сукут қилувчи, амри-маъруф, наҳи-мункар қилувчи зот эди. У кишида зоҳидлик ғолиб эди. У кишининг кароматлари ва кашфлари бор. Дўстлари ва ортидан эргашувчилари у киши ҳақида жуда кўп мақтовга лойиқ сўзларни айтганлар. Орасида бир оз ошириб юбориш ҳам бор. Солиҳ, ўта парҳезкор зот эди. “Ғуния” ва “Футуҳул ғойб” номли китоблар ёзган. Китобида ҳасан, заиф ва мавзу даражасидаги ҳадислар ҳам келтирилган. Машойихларнинг раисларидан бўлган” деганлар. (Албидоя ва ан-ниҳоя). Ажабланарли жойи шундаки Абдулқодир Жилоний тасаввуфларнинг раисларидан бўлиши билан бирга тасаввуфга қарши турувчи бидъат, ширклар қаторига қўшувчи салафий ақийдасидагилар ҳам у зотни “Аҳли сунна вал жамоани йўлида юрган зот, салафий эътиқодида бўлган” дейишади. Бизни билганларимиз шулар. Валлоҳу аълам!