Ассалому алайкум! Ажрашганман, 1 та фарзандим бор. Бола 5 ойлигидан бeри бирга турмаймиз. Ҳозир бола 2 ёш. Кам кўришганмиз, орада кўриб кeлдим, лeкин мени танимади. Мен ҳам маълум сабабларга кўра орада хабар ололмадим. Энди бориб ҳолидан хабар оламан десам ота-онам қарши бўлиб, “эсини танисин” дейишмоқда. Онасисиз ўзини кўриб кeласан дейишда. Мен нима қилай? Жавоб учун олдиндан раҳмат.
Ва алайкум ассалом! Фарзанд сизники ҳисобланади. Доимий ҳолидан хабар олиш, нон-нафақасини бериб туришингиз зиммангизга вожибдир. Агар аёлингиз билан шаръан ажрашган бўлсангиз, у билан кўришиш сизга ҳалол бўлмайди. Аллоҳ таоло “Бақара” сураси 233-оятида марҳамат қилади: «Уларни маъруф ила едириб, кийинтириш туғдирганнинг зиммасидадир». Бу ишни яхшилаб адо қилиш керак, номига эмас. Аммо ҳаддан ҳам ошилмайди: «Ҳеч бир жонга имкониятидан ташқари нарса юклатилмас». Яъни бу нафақа ишида ҳам отанинг иқтисодий ҳолига қаралади. Унинг имконидан ташқари, ортиқча сарф-харажат таклиф қилинмайди. Демак, она болани эмизсин, ота уни боқиб, кийинтирсин, ҳаммаси имконга яраша бўлсин: «Она ҳам ўз боласи туфайли, ота ҳам ўз боласи туфайли зарар тортмасин». Онанинг боласи сабабидан зарар тортиши – эр томонидан унга емоқ-ичмоқ ва кийинмоққа нафақа берилмаслиги ёки оз берилиши. Шунингдек, эмизишга қўймасдан, болани ундан тортиб олиш каби ишлар. Боласи сабабидан отанинг зарар кўришига онанинг қўполлиги, ҳаддан ташқари кўп нафақа сўраши, бола сабабли турли ёмонликлар қилиши киради.(“Тафсири Ҳилол” китобидан). Валлоҳу аълам!