Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Ҳотиниг билан ажраш ёки оқ қиламан!!!

00:00 / 14.07.2009 | eski savollar | 2826
Ассаламу алйкум ҳазрат.Бир танишимнинг ҳотини қайнонаси билан муроса қила олмаяпти. Йигитнинг отаси ҳотин билан ажрашишни талаб қилмоқда, бо'лмаса оқ қилмоқчи. О'ртада 1 фарзанд бор. Йигитнинг ажрашгиси ё'қ, лекин оқ бо'лишдан қорқяпти. Агар йигит ҳотини билан ажрашмаса оқ бо'ладими. Умуман бу ҳолатда нима қилгани афзал?Жазаколлоҳу ҳойрон.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

Ота-онага яхшилик қилиш, уларнинг итоатида бўлиш жуда кўп тарғиб қилинади. Уларнинг фарзанддаги ҳақлари ўта юқори мартабага қўйилади. Аммо ҳамма нарсанинг чегараси бўлганидек, ота-онага яхшилик ва итоат қилишнинг ҳам чегараси бор. Муовия ибн Раййондан ривоят қилинади:«У бир кишининг, Атодан бир одамнинг онаси ва хотини бор. Она хотинини талоқ қилишидан бошқага рози бўлмаслиги ҳақида сўраганини эшитди. Шунда у:«Онаси ҳақида Аллоҳга тақво қилсин ва унга силаи раҳм қилавесин», деди. «Хотинини қўйиб юборадими?» деди. «Йўқ», деди Ато. Шунда ҳалиги одам: «Онаси шундан бошқага рози бўлмаяпди», деди.«Уни Аллоҳ рози қилмасин! Хотини қўлида. Талоқ қилса ҳам танглик йўқ. Тутиб қолса ҳам танглик йўқ», деди».Демак, бу ердаги гаплар ҳам ушбу бобнинг мазмунидан келиб чиқади. Ота-она Аллоҳнинг ғазабини келтирадиган нарсани буюрса қилмаслик керак бўлади. Талоқ худди шундай нарса. Агар талоқ тушса Раҳмоннинг Арши ларзага келади, дейилади. Шунинг учун, бу ривоят она боласига хотинини талоқ қилишни қаттиқ талаб қилса ҳам рухсат йўқлигининг далили сифатида келтирилибди. Аллоҳнинг амрига, диннинг таълимотига қаралса ота-онанинг ҳақи жуда улуғ. Бу ҳақиқатни ҳар бир мусулмон, ким бўлишидан қатъий назар яхши билади. Шу билан бирга ота-онанинг ҳақини қўлдан келганича адо қилишга ҳаракат қилади.Аммо дунёдаги барча махлуқотларга оид нарсаларнинг чегараси бўлгани каби ота-она ҳақининг ҳам чегараси бор. Аллоҳнинг амрига зид бўлган банданинг хоҳиши рад қилинади. Холиққа маъсият бўладиган нарсада махлуққа итоат қилинмайди.Ислом таълимотида иложи борича оилани мустаҳкамлашга амр қилинган. Бошқа бировнинг, агар ўша биров ота-она бўлса ҳам, хоҳишига биноан оилани бузишга рухсат йўқ. Бу ҳақиқатни барча уламолар ўзларининг қадимги ва янги китобларида таъкидлаганлар.Муҳаммад ибн Муфлиҳ ибн Муҳаммад Мақдисийнинг «Ал-Одобуш Шаръийя» номли китобида бу маънода алоҳида фасл бор. Унда жумладан қуйидагилар айтилади:«Фасл: Хотинини талоқ қилишда ота-онага итоат қилиш вожиб бўлмайди. Агар отаси унга хотинини талоқ қилишни амр қилса, ижобат қилмайди. Буни асҳобларимизнинг кўпи зикр қилган». Шайх Тақиюддийн онаси хотинини талоқ қилишга амр қилган киши ҳақида «Унинг учун хотинини талоқ қилиш ҳалол бўлмайди. У онасига яхшилик қилаверади. Хотинини талоқ қилиш онасига яхшилик қилишдан эмас», деган.Ҳозирги фиқҳий китобларда ҳам худди шу маънодаги ҳукмлар келган. Худди шу маънони қизини мажбурлаб ажратиб олишга уринадиган ота-оналар ҳақида ҳам айтилади.Шариатнинг ҳукми шу бўлганидан кейин ота-оналар инсоф қилишлари ва ўз фарзандларининг оиласини бузишни ўзларига эп кўрмасликлари керак.«Бир киши имом Аҳмаддан:«Отам хотинимни талоқ қилишмга буюрмоқда?» деб сўради.«Уни талоқ қилма!» деди.«Умар розияллоҳу анҳу ўғли Абдуллоҳга хотинини талоқ қилишни амр қилган эмасми?» деди.«Отанг Умар розияллоҳу анҳудек бўлганда сен ҳам қиласан», деди.Яъни, отанг Умарга ўхшаб ҳақ ва адолатни, ҳавойи нафсга эгашмасликни биладиган даражага етмагунча хотинингни талоқ қилмай тур». (Мавсуъа Фиқҳийяя. 80жуз. 71-72 бет).Ҳумайддан ривоят қилинади:«Ҳасанга:«Бир кишини онаси хотинини талоқ қилишга амр этди?» дейилди. Шунда Ҳасан:«Талоқ онага яхшилик қилиш ишларидан эмас», деди».Одамлар тарафидан Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳга, бир одамнинг онаси хотинингни талоқ қиласан, деб туриб олса, нима қилади? дейилган экан. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ айтибдилар-ки, Хотинини талоқ қилиш онага яхшилик бўладиган ишлардан эмас. Яъни, онанинг хурсандчилиги учун қилинадиган иш эмас. Бу дегани онаси хотинингни талоқ қиласан, деб туриб олса талоқ қилиш керак эмас. Онасининг бу талаби нотўғри талаб, ношарий талаб. Уни қилмаса боласи гуноҳкор бўлмайди, дегани.

Топ рейтинг www.uz Openstat