Ассалому алайкум! Ҳурматли ислом.уз сайти ходимлари, яқинда «рўзада вақт ўтқазиш учун ухлаш» мавзусидаги саволга ва унга бeрилган қисқа жавобга кўзим тушди. Иложи бўлса, манбалар билан қувватланган тўлиқроқ жавоб кeлтирсангиз. Баъзи тушунмовчиликлардан фориқ бўлишимизга ёрдам бeрарди. Жавоб учун олдиндан ташаккур.
Ва алайкум ассалом! Рўза тутишнинг ўзи алоҳида бир фарз ибодатидир. Унинг шариат кўрсатмаларига мувофиқ бамдоддан олдин ният қилиб, шом вақтигача етказса, фарзни адо қилган бўлаверади. Агар рўзани бир инсон деб тасаввур қилинса, тирик бир инсон шаклидаги ҳоли бўлади. Агар рўза тутиб Қуръон ўқиса, гапира оладиган, кўзини номаҳрамлардан тийса, кўра оладиган. Қулоғини ғийбат ва ношаръий гаплардан тийса, қулоғи эшитадиган, садақа қилса, қўли бор, жамоатга қатнаса оёғи бор инсон каби бўлади. Акси бўлса, кўр, соқов, кар, оёқ-қўли йўқ инсон каби бўлади. Шундай бўлсада зиммасидан фарз соқит бўлиб, қиёмат куни бир умр нафл рўза тутиб эришиб бўлмайдиган савобга эга бўлади. Рўзадор одам юқоридаги каби рўзани кар-соқов ва оёқ-қўлсиз қилиб қўядиган бўлса, ундан кўра ухлагани афзалдир. Ухлаш ўрнига тиловати Қуръон ва зикрлар билан машғул бўлса қани эди... Валлоҳу аълам!