Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Қурон Карим ҳақида

18:48 / 09.07.2016 | Sardor Niyazov | 6864

Ассалому алайкум! Қуръон каримдаги оятлар биламизки бўлиниб тушган. Энг аввал “Алақ” суранинг аввалги 5 ояти тушса, кeйин бошқа суранинг бошқа ояти. Саволим бу оятлар бир сураларга, суралар эса Қуръонда  қандай тартиб  билан йиғилган. Олдиндан раҳмат. Аллоҳ ишларингизда рози бўлсин ва ажру савобини бeрсин.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом!

ҚУРЪОННИНГ ЖАМЛАНИШИ

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик вақтларида, яна ваҳий тушиб қолар, деган умидда Қуръон жамланиб, китоб шаклига келтирилмаган. У зотнинг вафотларидан кейин Қуръон кишиларнинг қалбида ва ёзган нарсаларида қолди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўнг мусулмонларга Абу Бакр розияллоҳу анҳу бошлиқ этиб сайландилар. У кишининг даврларида диндан қайтганлар билан мусулмонлар орасида қаттиқ жанг¬лар бўлди. Шу жангларда Қуръонни тўлиқ ёд олган кўплаб қорилар шаҳид бўлдилар. Шунда ҳазрати Умар Абу Бакрга (Аллоҳ у зотлардан рози бўлсин): «Қорилар ўлиб кетаверса, Қуръонга зарар етиши мумкин, шунинг учун уни китоб шаклига келтириб, жамлаб қў¬йиш керак», деган маслаҳатни бердилар. Аввал бошда ҳазрати Абу Бакр иккиланиб турдилар, чунки бу иш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик вақтларида қилинмаган эди. Кейинроқ эса Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳам Қуръонни китоб шаклига келтириб қўйиш зарур эканини англаб етдилар ва Зайд ибн Собит исмли саҳобани чақириб, бу ишни амалга оширишни у кишига топширдилар. Чунки Зайд ибн Собит Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан жуда кўп бирга бўлган, Қуръонни энг яхши ёд олган ва уни Набий алайҳиссаломнинг ҳузурларида ёзган, Пайғамбаримиз вафот этадиган йиллари Жаброил фариштага Қуръонни аввалидан охиригача ўқиб ўтказганларида бирга бўлган эди. Зайд ибн Собит, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳумо ва бошқалар Қуръони Каримни пухта ёд билишларига қарамай, бу улкан ишнинг мустаҳкам, ишончли бўлишига ҳаракат қилиб, масжидда: «Кимнинг қўлида ёзилган Қуръон бўлса ва унинг Пайғамбаримиз ҳузурларида ёзилганига иккита гувоҳи бўлса, бизга олиб келсин, Қуръонни жам қилишга халифанинг буйруғи бўлди», – деб эълон қилдилар. Икковлари масжидда ўтириб, гувоҳларни текшириб, ниҳоятда аниқлик билан бир йилдан ортиқ вақтда Қуръонни жамлаб бердилар. Сўнг кўпчиликка кўрсатдилар, ҳамма рози бўлди. Агар бирор ҳарфи ўрнида бўлмаса, минглаб ёд биладиганлар қарши чиқар эди. Лекин асосий таянч ёдлаш бўлиб қолаверди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам фариштадан ёдлаганлар, у кишидан саҳобалар, саҳобалардан эса улардан кейинги авлод ва ҳоказо, ҳозиргача етиб келган. Шундай қилиб, Зайд ибн Собит ва Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳумолар машаққатли уринишлардан кейин Қуръонни кийик терисидан ишланган саҳифаларга ёзиб бўлдилар ва уни белидан боғлаб, Абу Бакрнинг уйига қўйиб қўйдилар. У киши оламдан ўтганларидан кейин саҳифалар ҳазрати Умарнинг уйларида, у кишидан сўнг эса қизлари – Пайғамбаримизнинг завжалари Хафса онамиз ҳузурларида қолди. Вақт ўтиши билан Ислом давлатининг чегараси кенгайиб, кўплаб халқлар ҳам мусулмонликни қабул қилиб, мусулмонларнинг сони кўпайгандан сўнг Қуръонни ўқишда турли келишмовчиликлар чиқа бошлади. Бу ҳолатни кўрган ўша вақтдаги халифа Усмон ҳазратлари Хафса онамиздан Абу Бакр давридаги саҳифаларни сўраб олиб, ундан олти нусха кўчиришга буйруқ бердилар. Нусхалар тайёр бўлгандан сўнг мусулмонлар яшайдиган диёрлардаги марказий шаҳарларга биттадан нусхага биттадан қори қўшиб жўнатдилар ва ҳаммага фақат шу нусхадан Қуръонни кўчириш ва шу қоридан қироат ўрганишга буйруқ бердилар. Бошқа мусҳафларни ёқиб юбориш ҳақида фармон чиқди. Дунёда ҳеч бир уммат ҳеч бир китобга Ислом уммати Қуръони Каримга аҳамият берганидек аҳамият берган эмас. Илк оятлар нозил бўлган вақтдан бошлабоқ, аввало, уларни Набий алайҳиссалом ёдлар эдилар, сўнг мусулмонларга ўқиб берар, ёзишни билганларга ёздириб қўяр эдилар. Бошқа муқаддас китоблар каби, Қуръон махсус бир тоифа кишилар қўлида турмади. Балки у барча омманинг кўз ўнгида ва қулоқ остида бўлдики, уни ҳамма доимо ўқир эди. Намозда ҳам, бошқа жойларда ҳам Қуръон ўқилар эди. Ҳукмни ҳам Қуръондан чиқарар эдилар. Қуръон уларнинг ягона қўлланмаси бўлиб, диний, ижтимоий ва сиёсий ҳаётларида доимо йўлбошчи бўлиб келди. Бундай нарсани ҳеч ўзгартириб бўлмайди. Чунки Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръонни ҳеч қандай ўзгаришсиз сақлашни зиммасига олган. Бу ҳақда Қуръонда шундай дейилади: «Албатта, Биз Қуръонни нозил қилдик ва албатта, уни Биз Ўзимиз муҳофаза қиламиз», («Ҳижр» сураси, 9-оят).

ҚУРЪОННИНГ ТАРҚОҚ ТУШИШИ ВА БУНИНГ ҲИКМАТЛАРИ

Аввал айтганимиздек, Қуръон йигирма уч йил давомида тарқоқ ҳолда нозил бўлди. Гоҳида бир, гоҳида икки-уч оят нозил бўлар эди, бир тушганда ўнта оятгача ҳам нозил бўлган вақтлар бўлган. Қуръон оятлари кишиларга яхшироқ сингиши ва қалбларга мустаҳкам жо бўлиши учун атроф-муҳитни, содир бўлаётган воқеаларни эътиборга олган ҳолда тушар эди. Мана шу ҳолда кишиларга ҳужжат бўлиши осон бўлар ва мўъжизакорлик қуввати янада ортар эди. Агар Қуръон тарқоқ ҳолда тушмаганда, одамларга баҳона топилиб, биз бунчалик кўп нарсани бажара олмаймиз, деган гапларни айтишлари мумкин эди. Аввал бир ёки бир неча оят нозил бўлгандан сўнг бир қанча фурсат ўтса, албатта, улар бундай баҳонани қила олмас эдилар. Қуръоннинг тарқоқ тушишининг бошқа ҳикматлари ҳам бор. Шулардан бири – кишиларни ота-боболаридан қолиб келган урф-одатларидан ва ўзлари кўникиб қолган тузумларидан бирданига ажратиб бўлмас эди. Шунинг учун Қуръон аста-секин тушиб, юқорида зикр қилинган нарсаларни бирин-кетин Ислом келтирган тартиб ва қоидаларга алмаштирди. Қуръоннинг тарқоқ тушишининг ҳикматларидан яна бири – уни ёдлаш осон бўлиши учун эди. Чунки Набий алайҳиссалом ва у кишининг атрофларидаги саҳобаларнинг кўпи ўқиш-ёзишни билмас эдилар. Ахир Қуръон бирдан тушса, уни ёдлаш қийин бўлиб қолар эди. Маълумки, Набий алайҳиссалом ва мўминлар ўз душманларидан узлуксиз озор, жафо чекиб турар, қийинчилик, машаққатларга учрар эдилар. Тоқатлари тоқ бўлган пайтларида Қуръон оятлари нозил бўлиб, уларга тасалли берар, уларнинг қалбини тинчлантирар ва оғирларини енгил қилар эди. Мусулмонлар ҳаётида турли ҳодисалар бўлиб турарди. Баъзан тушунмовчиликлар, бу ишнинг динимизда ҳукми қандай экан, деган саволлар пайдо бўларди. Шундай ҳолатларда оят нозил бўлиб, бу ишларга аралашар, тўғри йўлга солиб юборар ва саволларга жавоб берарди. Бу эса Қуръоннинг ҳаётга янада сингиб кетишига олиб келар эди. Қуръони Каримнинг тарқоқ тушишининг энг улкан ҳикматларидан бири – унинг масдари, келиб чиққан жойига ишора ва ҳақиқий илоҳий китоблигига ҳужжатдир. Ўйлаб кўринг, йигирма уч йил давомида ҳали у сурадан уч оят, ҳали бу сурадан икки оят, олдинма-кейин, баланд-паст бўлиб тушса-да, ҳаммаси йиғилиб, бутун инсониятни тўғри йўлга бошлайдиган, бир ҳарфи ўз ўрнидан бошқа жойга тушмаган Китоб ҳосил бўлса! Бу иш фақат ҳар нарсага қодир улуғ Аллоҳнинг қудратли ҳикмати билан бўлиши мумкин, холос. (“Тафсири Ҳилол” китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat