Ассалому алайкум! Ҳурматли «Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати! Маълумки бизнинг ўлкаларда фиқҳда аҳли сунна вал жамоанинг Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳининг мазҳабларига эргашилади. Аммо ақийдага келадиган бўлсак, бу ўлка халқи учун қайсиниси афзалроқ. Мотуридиями ёки Ашъариями? Иккинчи саволим: Биз каби илми юқори бўлмаган мусулмонлар учун ақийдавий мазҳабларда ҳам худди фиқҳий мазҳаблардаги каби бир мазҳабга тўлалигича амал қилиш вожибми? Аллоҳ илмингизни зиёда қилсин! Барчаларимизга тавфиқ берсин! Ассаламу алайкум вараҳматуллоҳ!
Ва алайкум ассалом! Аслида иймон келтириш жуда ҳам оддий ва осон ишдир. Калимани айтиш ва тасдиқ қилиш. Ким шу икки ишни қилса уни мусулмон дейилади. Мусулмон бўлиш учун шариатимиз қийин қийин шартларни белгиламаган. Исломни қабул қилиш ўқимишли, билимдон кишидан қандай содир бўлса, ўқиш ёзишни умуман билмаган кишидан ҳам ўшандай содир бўлади. Унинг соддалиги худди ҳушбўй мушкни қўлингизга олиб, ҳидлаб мазза қилсангиз бўлди. Аслида иймон шу даражада содда ва осон нарса. Лекин фалсафа ва мантиқчилар унинг ортига тушиб, жомеъ ва монеъ тарифи нима зиёда ва ноқис бўладими йўқми, иймон билан ислом орасида нима фарқ бор каби баҳс мунозалар пайдо қилишди. Ўзаро баҳс мунозарадаги қарашлар турли тарафга тортилиб, хавориж, шиа, мўтазила, карромия, муржиа, қаромита деб номланган фирқалар вужудга келди. Ҳаттоки ислом уламолари бошига шундай кунлар келдики улар шу ва шу каби саволларга жавоб беришларига мажбур бўлдилар ва умматни уларнинг шубҳаларидан ҳалос бўлишлари учун ҳаракат қилишларига тўғри келди. Алҳамдулиллаҳ улар бу ишларни Аллоҳ таолонинг тавфиқи ила аъло даражада бажардилар. Кейинги келадиган умматга шу каби фирқа ва уларнинг шубҳалари пайдо бўлса, уларни кимлигини бемалол ажрата олишлари учун мезон(шаблон) тузиб қўйдилар. Аллоҳ таолога беҳисоб шукрлар бўлсин. Ҳозирда қадимдаги фирқаларнинг жуда кўпи йўқ бўлиб кетди ва умрни уларга қарши баҳс мунозара билан ўтказишга ҳожат қолмади. Иймон яна аслий соддалигига қайтди. Ўлган илоннинг гўрини қайта очишга хожат ҳам йўқ. Лекин баъзи бир доноларнинг қайсидир мақсадлари учун янгидан янги фирқалар пайдо бўлиб, улар ортидан эргашувчилар ҳам топиляпти. Шунингдек инсон қачон ислом доирасига кирадию, нималар билан ундан чиқиб қолиши мумкин. Шунинг учун иймоннинг таъриф ва ҳақиқатини билиб олишимиз зарур. Валлоҳу аълам!