Ассалому алайкум! Кўпчилик мазҳабсизлар ўзларининг мазҳаб ушламаслик сабаблари қилиб, мазҳабларда суннат ва ҳадисда йўқ амалларни қилишганликлари учун деб кўрсатишади. Масалан шулардан бири ҳанафий мазҳабида вафот этган одамга Қуръон ўқиб савобини бағишлаш. Бу амал хеч бир ҳадисда келмаган, саҳобалар ҳам қилмаган, лекин ҳанафийлар ақлни нақлдан устун қўйиб, пайғамбаримиз саловот айтинглар менга боради деган гапини ушлаб, саловот айтган Қуръон қандай етмайди деб амал қилишади дейди. Ҳанафий мазҳаби шу амални қайси далил асосида қилиш жоиз деб топган? Шу ҳақида хабар берсангизлар.
Ва алайкум ассалом! Араб алифбосида шер(йиртқич ҳайвон), шир(сут) бир хилда ёзилади. Маъносидаги фарқ эса барчага аён. Ўтган фуқаҳолар билан ҳозирги илм аҳлининг илми орасидаги фарқ шу даража каттадир. Ҳатто Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ тобеъинлардан бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тобеъинлар ҳақида “Аср(аҳл)нинг энг яхшиси менинг аср(аҳл)ларим, ундан кейин улардан кейингилар. Кейин улардан кейингилар” деб башорат берганлар. Ҳозирги аср илм аҳллари тафсир борасида ҳам, ҳадис борасида ҳам, ижтиҳод борасида ҳам, тақво ва зуҳд борасида ҳам, ибодат борасида ҳам ўзларини уларга тенглаштиришлари “шир”ни “шер”га тенглаштириш билан баробардир. Бу уларнинг илмдан эмас, балки илмнинг ҳидидан ҳам бебаҳра эканлигидандир. Саноқли 10-15 китобни ўқиб, саноқли луғатларни ёдлаб олиб, ўзини “илмли” деб билиш, уламоларнинг устидан муҳокама қилиш, бу илмсизликдир. Дунё кутубхоналаридаги барча китобларни ўқиб, ёдлаб, мабодо ҳамма китоблар ёниб кетса, қайтадан ҳофизасидан ёздириб бериш даражасига етган илм аҳллари ҳам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ илм, амал, тақвода камёб одамлардан эканлигини тан олишган. Ҳадисларда молиявий ва баданий қилинган ибодатларнинг савобини ўзгаларга бағишланса етиши келган. Ота-она тарафидан ҳаж қилиш ҳақидаги ҳадислар бунга далилдир. Валлоҳу аълам!