Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Жонлиқ сўйиш ҳақида

07:32 / 07.10.2016 | Ali | 4635

Ассалому алайкум! Саволлар сайтида бир савол жавоб эътиборимни тортди. Иқтибос
«Аллоҳ таоло жон ато этган ва мўминларга ҳалол этилган ҳайвонларни сўйганда, гўшти ҳам ҳалол бўлиши учун ҳайвонни Аллоҳнинг исмини айтиб, «Бисмиллаҳи, Аллоҳу акбар», деб сўймоқ лозим. Кейин қассоб эътиқодли одам, яъни Ислом ақийдасидаги ёки аҳли китоб – яҳудий ёки насроний ақийдасидаги киши бўлиши керак. Ва ҳайвонни шариат ҳукмига мувофиқ сўйиш лозим». Шу ерда «Аҳли китоб-яҳудий ёки насороний ақийдасидаги киши бўлиши кeрак»  дегани, мeни тушунишимча аҳли китобларни мусулмони? Агар саволда ёки мeни тушунишимда хато бўлса узр.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Аҳли китоблар мусулмон эмас. Лекин Аллоҳ таоло “Моида” сураси 5-оятида марҳамат қилади : الْيَوْمَ أُحِلَّ لَكُمُ الطَّيِّبَاتُ وَطَعَامُ الَّذِينَ أُوتُواْ الْكِتَابَ حِلٌّ لَّكُمْ وَطَعَامُكُمْ حِلُّ لَّهُمْ «Бугунги кунда сизларга барча пок нарсалар ҳалол қилинди», – деб юқорида зикр қилиб ўтилган олиймақом маъно яна бир бор таъкидланмоқда. Кейин эса ҳалол-ҳаром масаласида ғайридин миллатлар билан ҳам ўзига хос муомалалар, кенгчиликлар борлиги эслатилиб, бу ҳақда баъзи ҳукмлар баён қилинмоқда: «Китоб берилганларнинг таоми сиз учун ҳалолдир. Сизнинг таомингиз улар учун ҳалолдир». Ислом мусулмонларнинг номусулмонлар билан бирга тинч-омон яшашга рухсат берган. Лекин шунинг ўзи етарли эмас. Модомики, мусулмонлар жамиятда бошқа дин вакиллари билан биргаликда яшар эканлар, табиийки, ўртада турли шаклда яқин алоқалар бўлиши, ўзаро борди-келди қилишлари мумкин. Шундан келиб чиқиб, мусулмонларга аҳли китобларнинг сўйган сўйишлари ҳалол қилинган. Бу оятда «таом» сўзи қўлланган, аммо ундан аҳли китобларнинг барча таомлари, жумладан, чўчқа ёки бошқа ҳаром ҳайвонларнинг гўшти, ароққа ўхшаш ичимликлари ҳам ҳалол экан-да, деб тушунилмаслиги керак. Бу нарсаларнинг ҳаромлиги ўз-ўзидан ҳаммага маълум. Асли ўзи ҳалол бўлган бошқа нарсалар ҳақида ҳам аввал айтиб ўтилди. Демак, бу ерда гап гўшти асли ҳалол бўлган ҳайвонлар аҳли китобларнинг динлари асосида сўйилган бўлса, ҳалол бўлиши ҳақида кетмоқда. Баъзи кишилар «Сизнинг таомингиз улар учун ҳалолдир», дейиш нима учун керак бўлди экан? Улар Қуръон ҳукмига амал қилишмайди-ку? Ҳалол-ҳаромнинг фарқига ҳам боришмайди-ку, дейишлари мумкин. Уламоларимиз бунга жавобан «Мазкур хитоб мўминларга қаратилган, сизлар ҳам уларга ўз таомингиздан берсангиз бўлаверади, деганидир», – дейдилар. (“Тафсири Ҳилол” китобидан). Авваллари насоролар ҳам фақат “Бисмиллаҳ”ни айтиб сўйишар эди. Кейинчалик Исо алайҳиссаломнинг исмларини ҳам қўшадиган ёки даҳрий бўлиб, бутунлай Аллоҳнинг исмини тилга олмай сўйишадиган бўлишди. Шунинг учун аҳли китоблардан “Бисмиллаҳ”ни айтмаганларини сўйгани ҳалол эмас. Яҳудийлар эса ҳозирда ҳам Аллоҳнинг исмини зикр қилиб сўйишади. Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat