Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Оят ҳақида

22:50 / 17.10.2016 | Amirjon Abdukodirov | 5065

Ассалому алайкум! “Бақара” сурасида келган 141-оятни изоҳлаб берсангизлар, илтимос.  «Уларнинг қилган амаллари ўзлари учун, сизларнинг қилган амалингиз ўзингиз учундир ва сизлар улар қилган амаллар учун масъул бўлмайсиз».


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Бу олдинги ўтиб кетган умматлар ҳақида нозил бўлган оятдир. قُلْ أَتُحَآجُّونَنَا فِي اللّهِ وَهُوَ رَبُّنَا وَرَبُّكُمْ وَلَنَا أَعْمَالُنَا وَلَكُمْ أَعْمَالُكُمْ وَنَحْنُ لَهُ مُخْلِصُونَ۝ 139. Айт: «Биз билан Аллоҳ ҳақида тортишасизми?! Ҳолбуки, У бизнинг ҳам Роббимиз, сизнинг ҳам Роббингиздир. Бизга ўз амалимиз, сизларга ўз амалингиз, биз эса Унга мухлисмиз». Бу ояти карима яҳудий ва насронийларга ва ўзларини ҳақ билиб, Исломни тан олмаётган яна бошқаларга раддиядир. Аллоҳ таоло Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга уларга қарата: «Биз билан Аллоҳ ҳақида тортишасизми?!» – деб айтишни ўргатяпти. Яъни «Биз билан Аллоҳ ҳақида тортишасизларми? Унинг зоти, ҳидояти, кимни пайғамбар қилиб танлаши хусусида тортишиб, ҳужжат суриштирасизларми?» «Ҳолбуки, У бизнинг ҳам Роббимиз, сизнинг ҳам Роббингиздир. Бизга ўз амалимиз, сизларга ўз амалингиз…» Яъни «Ҳаммамиз Унга бандамиз. У Зот сизнинг ҳам, бизнинг ҳам Роббимиздир. У бутун оламларнинг Робби сифатида нимани хоҳласа, шуни қилади. Бизнинг амалларимиз бошқа, Роббимиз ўшаларга қараб ҳукмини чиқаради; сизнинг амалларингиз бошқа, Роббимиз ўшаларга қараб ҳукмини чиқаради. Ҳар кимнинг қилган иши унинг белгиси ҳисобланади. Талашиб-тортишиб ўтиришнинг ҳожати йўқ». «…биз эса Унга мухлисмиз». «Биз мусулмонлар Аллоҳга мухлисмиз. Холис Ўзига иймон келтирамиз, холис Ўзига ибодат қиламиз, холис Ўзидан ёрдам кутамиз. Ушбу ҳолатимиз ҳам ҳеч қандай тортишув, ҳужжат ё солиштирувчини талаб қилмайди». Масала ойдин бўлди. Тортишувларга чек қўйилди. Ора очиқ қилинди. Шу боисдан ҳам келаси оят бу мавзуни бутунлай тарк этиб, бошқа масалада сўз очади: أَمْ تَقُولُونَ إِنَّ إِبْرَاهِيمَ وَإِسْمَاعِيلَ وَإِسْحَقَ وَيَعْقُوبَ وَالأسْبَاطَ كَانُواْ هُودًا أَوْ نَصَارَى قُلْ أَأَنتُمْ أَعْلَمُ أَمِ اللّهُ وَمَنْ أَظْلَمُ مِمَّن كَتَمَ شَهَادَةً عِندَهُ مِنَ اللّهِ وَمَا اللّهُ بِغَافِلٍ عَمَّا تَعْمَلُونَ۝ 140. Ёки «Албатта, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва унинг авлоди яҳудий ёки насоро бўлган», – дейсизларми?! Сен: «Сизлар билимдонроқми ёки Аллоҳми?» – дегин. Ўз ҳузуридаги Аллоҳдан бўлган гувоҳликни беркитган кимсадан кўра золимроқ ким бор?! Ва Аллоҳ қилаётган амалларингиздан ғофил эмасдир. Яҳудийларнинг «Фақат яҳудий бўлганларгина ҳидоят топади» деган даъволарига ва насронийларнинг «Фақат насронийларгина ҳидоятдадир» деган даъволарига қарши яна битта кучли раддия келяпти. Уларни ожиз қолдирадиган савол бериляпти. «Ёки: «Албатта, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва унинг авлоди яҳудий ёки насоро бўлган», – дейсизларми?! Сен: «Сизлар билимдонроқми ёки Аллоҳми?» – дегин». Хўш, яҳудий ва насронийлар бу саволга нима деб жавоб қиладилар? Улар Иброҳимни, Исмоилни, Исҳоқни, Яъқубни ва асботларни яҳудий ёки насроний, дейин десалар, ҳамма, жумладан, уларнинг ўзлари ҳам яхши биладиларки, «яҳудий» ва «насроний» деган исмлар мазкур Набий алайҳиссаломлардан неча замонлар кейин пайдо бўлган. Агар уларнинг яҳудий ҳам, насроний ҳам бўлмаганларини тан олсалар, унда «Фақат яҳудий ва насронийларгина ҳидоятдалар» деган даъволарини қандай тушуниш мумкин?! Хуллас, яҳудийлар ҳам, насронийлар ҳам бу саволга жавоб беришдан ожиздирлар. Бу савол қаршисида уларнинг тилларини тишлашдан бошқа чоралари қолмайди. Аллоҳ таоло худди шу услубда Набий алайҳиссаломга ўргатиб: «Сизлар билимдонроқми ёки Аллоҳми?» – дегин», – дейди. Бу савол яҳудий ва насронийларни баттар мот қилади, чунки улар асло «Биз Аллоҳдан кўра билимдонроқмиз», дея олмайдилар. Аксини, яъни «Аллоҳ биздан билимдонроқ», десалар, унда Аллоҳнинг сўзларига ишонишлари шарт: Аллоҳ ўтган барча пайғамбарларни яҳудий демаган, насроний демаган, балки уларнинг мусулмон бўлганликларини қайта-қайта таъкидлаган. Улар учун тилларини тишлаб, жим қолишдан ўзга чора йўқ. Сўнгра уларнинг энг катта айбларидан яна бири фош этилади: «Ўз ҳузуридаги Аллоҳдан бўлган гувоҳликни беркитган кимсадан кўра золимроқ ким бор?!» Албатта, йўқ. Ҳаммани яратган, ҳамманинг Робби бўлган Аллоҳнинг Ўзи гувоҳликка раво кўрса-ю, у ношукр банда бу гувоҳликни ўрнида адо этмай, беркитса, албатта у энг катта золим бўлади-да. Ўша золимлар кимлар экан ўзи? Улар яҳудий ва насронийлардир. Аллоҳ таоло уларни кўпгина ишларга, жумладан, Муҳаммад алайҳиссаломнинг охирзамон Пайғамбари эканликларига гувоҳлик беришга масъул этган эди. Аммо улар Таврот ва Инжилни бузиб, бу гувоҳликни беркитдилар. Энг золим одамларга айландилар. Ҳолбуки, «…Аллоҳ қилаётган амалларингиздан ғофил эмасдир». Ҳа, албатта, Аллоҳ таоло уларнинг қилаётган ишларидан ғофил эмас. У Зот барча нарсани билиб турибди. Вақти келганда ҳисоб-китобини қилади. Аввалги пайғамбарлар билан ҳозирги яҳудий ва насронийлар орасида ер билан осмонча фарқ борлиги баён қилиб бўлинганидан кейин Иброҳим алайҳиссалом ва у кишининг зурриётлари ҳақидаги оятларнинг сўнгида келтирилган оят яна бир бор такрор этилади: لْكَ أُمَّةٌ قَدْ خَلَتْ لَهَا مَا كَسَبَتْ وَلَكُم مَّا كَسَبْتُمْ وَلاَ تُسْأَلُونَ عَمَّا كَانُواْ يَعْمَلُونَ۝ 141. Булар ўтиб кетган умматдирлар. Уларга ўзлари касб қилганлари бўлур, сизларга ўзингиз касб қилганингиз бўлур. Уларнинг қилган амалларидан сўралмассиз. (“Тафсири Ҳилол” китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat