Ассалому алайкум! Илмингизни Аллоҳ зиёда қилсин. Аллоҳ номи билан сўз бериб, сўзини устидан чиқмаганлар динимизда нима деб аталади?
Ва алайкум ассалом! Ундайларни қасамхўр. «Ким бир нарса учун қасам ичса-ю, сўнгра ундан яхшироғини кўриб қолса, ўшани қилсин ва қасамига каффорат берсин», дедилар», дейилган. Араб тилида «каффорат» сўзи бир нарсани яхшилаб, мутлақо кўринмайдиган қилиб тўсиб, беркитишга ишлатилади. Шариатда эса содир этилган гуноҳни ювиш учун адо этиладиган молиявий ёки бадан ибодатига «каффорат» дейилади. Ичган қасамини бузишга мажбур бўлган инсон адо этиши вожиб бўлган каффорат қуйидагича: 1. Бир қул озод қилиш. Қасамини бузган кишига каффорат учун белгиланган жазо чораларидан Ислом дини бева-бечораларга, камбағал-мискинларга қанчалик эътибор билан қарагани очиқ-ойдин кўриниб турибди. Шунингдек, бу мукаммал ва оламшумул диннинг қулчиликка қарши бўлгани ва қулларни озод қилишга қаттиқ урингани ҳам кўриниб турибди. Исломда бу ишлар гуноҳларни ювадиган ибодат даражасига кўтарилгани эътиборга сазовордир. 2. Ўнта мискинни тўйдириш. Мискинларни тўйдиришдаги мазкур ўлчов каффорат берувчи ўз аҳлига берадиган бир кунлик ўртача таом миқдоридир. Агар каффорат адо этиши лозим бўган шахс ўнта мискинга таом беришни хоҳламаса, учинчи хил каффоратни адо этиши ҳам мумкин. 3. Ўнта мискинга бутун баданини тўсадиган бир сидра кийим бериш. Кийим ҳам ўша вақтнинг, жойнинг ва қавмнинг ўртача кийими бўлади. Оғзига кучи етмайдиган, ўзига эътибор қаратиш ва бир ишни қилиш ёки қилмаслигини таъкидлаш мақсадида Аллоҳ таолонинг номи ила қасам ичиб, сўнгра ўз қасамига содиқ қола билмаган одам аслида Аллоҳга нисбатан катта беодоблик қилган бўлади. Бу ишнинг жазосига бошқачароқ чора ҳам белгилаш мумкин эди. Аммо Аллоҳ таоло айнан фақир, мискин ва қулларга меҳр кўрсатиб, уларнинг фойдасини кўзловчи чораларни белгилаган. Қасамини бузадиганларнинг ҳаммаси ҳам ўнта мискинни тўйдириш ёки уларга бир сидра кийим олиб бериш, ёхуд бир қул озод қилиш имконига эга бўлавермайди. Уларнинг ичларида камбағаллари ҳам бўлиши турган гап. Ана шундай имкони йўқ қасамхўрларга ўзига хос жазо чораси белгиланган: 4. Агар уларни адо этиш пайтида ожиз бўлса, кетма-кет уч кун рўза тутади. Демак, қасамини бузган одам каффоратни адо қилиш учун ўнта мискинни таомлантириш ёки шунча ададдаги мискинга кийим-бош олиб бериш, ёхуд бир қул озод қилишга молиявий имкони йўқ бўлса, уч кун рўза тутиб, каффоратни адо этиши вожиб бўлади. Аввалги уч жазо чорасининг ичидан бирини танлаш ихтиёрийдир, лекин тўртинчи жазо чорасини адо этишга фақатгина мазкур уч чорани адо этишга имкони йўқ кишиларгина муяссар бўладилар. Шариатимизда қасамини бузган кишилар учун каффорат адо этишни жорий қилишда аввал зикр қилинган фойдалардан ташқари, тарбиявий омил ҳам бор. Қасамини бузган одамга каффорат адо этишни вожиб қилишда уни ўзига келтириш ва ваъз-насиҳат омили бор. Бир марта каффорат адо этишга мажбур бўлган инсон бундан кейин ҳар бир гапини яхшилаб ўйлаб гапирадиган ва Аллоҳ таолонинг номи ила қасам ичишдан олдин ўзига бир назар соладиган бўлади. Унинг ҳолини кўрган бошқа кишилар ҳам ибрат олиб, гапларини ўйлаб гапирадиган бўлишади. Ким ота-онасига гапирмаслик каби маъсиятга қасам ичса, қасамхўр бўлади ва каффорат адо этади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳга тоат қилишга қасам ичган бўлса, тоат қилсин. Ким Аллоҳга осий бўлишга қасам ичган бўлса, осий бўлмасин», деганлар. Кофирнинг қасамида каффорат йўқ. Агар мусулмон ҳолида қасамхўр бўлса ҳам. Кофир ҳолида қасам ичган бўса-ю, мусулмон бўлгандан кейин ўша қасамини бузса, каффорат тўламайди. ("Кифоя" китобидан). Валлоҳу аълам!