Ассалому алайкум! Муҳтарам устозлар, бир қўшним бор. Инсофли, диёнатли одам, 5 вақт намоз ўқийди, бировга ҳам зарари тeгмаган. Аммо ҳар йили 31-дeкабр куни бироз спиртли ичимлик ичаман дeйди. Унинг бу иши гуноҳ эканлигини, намозда бардавом бўлган одам бундай иш қилиши яхши эмаслигини тушунтиришга ҳаракат қиламан. Аммо натижа йўқ. Намоз ўқийдиган одамни бу ишдан қайтаришда қандай йўл тутишим кeрак. Раҳмат
Ва алайкум ассалом! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдек зот ҳам ҳеч кимни мажбурлаб бирор нарсадан қайтар олган эмаслар. Аллоҳ таоло “Қосос” сурасида марҳамат қилади : إِنَّكَ لَا تَهْدِي مَنْ أَحْبَبْتَ وَلَكِنَّ اللَّهَ يَهْدِي مَن يَشَاء وَهُوَ أَعْلَمُ بِالْمُهْتَدِينَ 56. Албатта, сен ўзинг севган кишингни ҳидоят қила олмассан. Лекин Аллоҳ кимни хоҳласа, ўшани ҳидоят қиладир. У ҳидоятга юрувчиларни яхши билувчидир. Демак, одамларни ҳидоят қилиш фақат Аллоҳ таолонинг измидадир. Аллоҳдан бошқа ҳеч кимнинг, ҳатто охирзамон Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳам бу ишга қурблари етмайди. Агар у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор кишини ҳидоят қилиш имконига эга бўлганларида, амакилари Абу Толибни ҳидоят қилган бўлар эдилар. Аммо бунинг имкони бўлмади. Абу Толиб ҳидоятга муяссар бўлмай, дунёдан ўтди. Бунинг учун Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам қаттиқ афсус чекдилар. Аллоҳ таоло эса бу ҳақда Пайғамбарига ушбу оятдаги баёнотни берди: «Албатта, сен ўзинг севган кишингни ҳидоят қила олмассан». Сенинг ишинг бандаларга Аллоҳнинг даъватини етказиш, холос. Ҳидоят қилиш сенинг ҳаққинг ҳам, вазифанг ҳам эмас. Шунинг учун ҳидоятга кириши орзу қилинган баъзи кишиларнинг ҳидоят топмаганларидан хафа бўлма. «Лекин Аллоҳ кимни хоҳласа, ўшани ҳидоят қиладир». Ҳидоят қилиш фақат Аллоҳнинг иши. Чунки «У ҳидоятга юрувчиларни яхши билувчидир». Ўша илми асосида кишиларни Ўзи билиб, ҳидоятга бошлайди. (“Тафсири Ҳилол” китобидан). Валлоҳу аълам!