Ассалому алайкум! Бир ҳадисда : “Аллоҳ юзта раҳматни яратди ва eр юзига биттасини туширди. Ўзида тўқсон тўққизтаси қолди. Қиёматда ўша битта раҳматни қайтиб олиб юзта раҳмат ила бандаларига раҳм қилади” дeган маънода айтилган экан. Буни қандай тушуниш мумкин? Бу Аллоҳни роҳийм сифатиданми? Ахир Аллоҳ Қадимку, Аллоҳни раҳмати яратилмаганку.
Ва алайкум ассалом! عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم يَقُولُ: «إِنَّ اللهَ خَلَقَ الرَّحْمَةَ يَوْمَ خَلَقَهَا مِائَةَ رَحْمَةٍ، فَأَمْسَكَ عِنْدَهُ تِسْعًا وَتِسْعِينَ رَحْمَةً، وَأَرْسَلَ فِي خَلْقِهِ كُلِّهِمْ رَحْمَةً وَاحِدَةً، فَلَوْ يَعْلَمُ الْكَافِرُ بِكُلِّ الَّذِي عِنْدَ اللهِ مِنَ الرَّحْمَةِ لَمْ يَيْأَسْ مِنَ الْجَنَّةِ، وَلَوْ يَعْلَمُ الْمُؤْمِنُ بِكُلِّ الَّذِي عِنْدَ اللهِ مِنَ الْعَذَابِ لَمْ يَأْمَنْ مِنَ النَّارِ». طرفه: 6000 - تحفة: 13005 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деяётганларини эшитганман: «Аллоҳ раҳматни яратган куни юзта қилиб яратди. Тўқсон тўққизта раҳматни Ўз ҳузурида олиб қолди, барча махлуқотларига эса биргина раҳматни юборди. Агар кофир Аллоҳнинг ҳузуридаги барча раҳматни билганида, жаннатдан ноумид бўлмас эди. Агар мўмин Аллоҳнинг ҳузуридаги барча азобни билганида, дўзахдан хотиржам бўлмас эди». (“Олтин силсила” китобидан Саҳиҳул Бухорий). Ушбу ҳадисдаги махлуқотларга берилган раҳм қилиш, Аллоҳ таоло яратган махлуқдир. Уни махлуқотларнинг қалбига солгандир. Аллоҳнинг “Роҳийм” сифати эса Аллоҳнинг зотида қоим бўлиб, азалий ва абадийдир. Раҳматнинг 100 бўлак дейилиши, мисол тариқасида инсонларнинг ақлига тушунарли бўлиши учундир. Аслида Аллоҳ таолонинг раҳматининг чеки йўқдир. Валлоҳу аълам!