Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Жума намози

06:40 / 20.11.2016 | Solih | 4165

Ассалому алайкум! Бизни қишлоқда жума намози ўқилмайди. Жума намозини ўқиш учун қўшни қишлоққа бориш кeрак, лекин қўшни қишлоқдаги масжид бизни уйдан 5 км узоқликда. Шу сабаб мeндан жума намози соқит бўладими?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом!

عَنْ أَبِي الْجَعْدِ الضَّمْرِيِّ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: مَنْ تَرَكَ ثَلَاثَ جُمَعٍ تَهَاوُنًا بِهَا طَبَعَ اللهُ عَلَى قَلْبِهِ. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ وَالْحاَكِمُ

Абу Жаъд аз-Зомрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким писанд қилмай, уч Жумъани тарк этса, Аллоҳ унинг қалбига муҳр босгай», дедилар». «Сунан» эгалари ва Ҳоким ривоят қилганлар. Шарҳ: Аввало ушбу ҳадиснинг ровийси билан танишиб олайлик. Бу саҳоба Абу Жаъд аз-Зомрий куняси билан машҳур бўлганлар. У кишининг асл исмлари Амр ибн Бакр эди. Бу зот Маккани фатҳ этиш ва Табук ғазотларида иштирок этдилар. Жамал воқеасида эса Оиша розияллоҳу анҳо онамиз билан қатнашиб, мана шу урушда вафот этдилар. Ҳадисларни Салмон Форсийдан ривоят қилдилар. Бу кишидан Убайда ибн Суфён ал-Ҳазрамий ва бошқалар ривоят қилганлар. Ушбу ҳадиси шарифда Жумъа намозига эътиборсизлик билан қараб бўлмаслиги ҳақида сўз бормоқда. Эътиборсизлик ила уч Жумъа намозини узрсиз тарк қилган одамнинг қалбига Аллоҳ муҳр босиб, яхшилик кирмайдиган қилиб қўйиши ўша одамнинг ўзи учун, оиласи учун, жамияти учун катта бахтсизликдир. Чунки Аллоҳ муҳрлаб қўйган қалбдан ҳеч қачон яхшилик чиқмайди. Бундан ортиқ бахтсизлик бўлиши мумкин эмас. Демак, Жумъа намози ўқийдиган намозхонлари кўп бўлган жамиятда яхшилик ҳам кўп бўлади. Аксинча, жамиятнинг бу намозни ўқимайдиганлари қанча кўпайса, ўша жамиятнинг ёмонлари ҳам, мусибатлари ва мушкулотлари ҳам шунчалик кўпайиб бораверади. Ичимизда Жумъага чиқмайдиганларимиз бор бўлганидан кейин жамиятимизнинг яхшиликка эриша олмаётганидан ажабланмасак ҳам бўлаверади.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: مَنْ تَرَكَ الْجُمُعَةَ مِنْ غَيْرِ ضَرُورَةٍ كُتُبَ مُنَافِقًا فِي كِتَابٍ لَا يُمْحَى وَلَا يُبَدَّلُ. رَوَاهُ الشَّافِعِيُّ. وَلِأَبِي دَاوُدَ وَالنَّسَائِيِّ: مَنْ تَرَكَ الْجُمُعَةَ بِغَيْرِ عُذْرٍ فَلْيَتَصَدَّقْ بِدِينَارٍ، فَإِنْ لَمْ يَجِدْ فَبِنِصْفِ دِينَارٍ

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир Жумъани заруратсиз тарк этса, ҳеч ўчирилмайдиган ва алмаштирилмайдиган Китобга мунофиқ деб ёзилур», дедилар». Шофеъий ривоят қилган. Абу Довуд ва Насаийнинг ривоятларида: «Ким бир Жумъани узрсиз тарк қилса, бир динор садақа қилсин. Агар топмаса, ярим динор», дедилар». Шарҳ: Ҳар иккала ривоятда узрсиз бир Жумъа намозини тарк қилиш қанчалар катта гуноҳ эканлиги алоҳида таъкидланмоқда. Бир одамнинг номи ҳеч ўчирилмайдиган ва алмаштирилмайдиган Китобга мунофиқ деб ёзиб қўйилиши унинг абадий мунофиқ бўлиб қолиши ҳақидаги хабардир. Жумъа намозини узрсиз тарк қилган одам бу гуноҳни ювиш учун топса, бир, топмаса, ярим динор садақа қилиши ҳам бу қанчалар оғир гуноҳ эканлигини кўрсатиб турибди. Зеро, оғир гуноҳларгагина садақа ила каффорот берилади. Қолаверса, динор тилло пул бўлиб, ўша вақтда катта маблағ ҳисобланган.

عَنْ حَفْصَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: عَلَى كُلِّ مُحْتَلِمٍ رَوَاحُ الْجُمُعَةِ، وَعَلَى كُلِّ مَنْ رَاحَ الْجُمُعَةَ الْغُسْلُ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ

Ҳафса розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир эҳтилом бўлувчига Жумъага бориш лозимдир. Ҳар бир Жумъага борувчига ғусл лозимдир», дедилар». Абу Довуд ва Насаий ривоят қилганлар. Шарҳ: Демак, Жумъа намози ҳар бир балоғатга етган мусулмон эркакка фарздир. Балоғатга етган мусулмон эркак узрсиз Жумъа намозини тарк қилса, гуноҳкор бўлади. Жумага борувчи ҳар бир киши ғусл қилиб бориши лозим. Чунки кўпчилик жамланадиган, бирга ваъз-насиҳат эшитиб, намоз ўқийдиган жойга ҳамма ғусл қилиб, покланиб бормаса, турли ҳидлар тарқаб, нохуш ҳолат юзага келади. Шу боисдан бу ҳадиси шарифни ҳаётимизга жорий қилиб, барчамиз ҳар Жумъа намозига ғусл қилиб боришимиз лозим.

عَنْ طَارِقِ بْنِ شِهَابٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: الْجُمُعَةُ حَقٌّ وَاجِبٌ عَلَى كُلِّ مُسْلِمٍ فِي جَمَاعَةٍ إِلَّا أَرْبَعَةً؛ عَبْدٌ مَمْلُوكٌ أَوِ امْرَأَةٌ أَوْ صَبِيٌّ أَوْ مَرِيضٌ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالبَيْهَقِيُّ وَالْحاَكِمُ

Ториқ ибн Шиҳоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жамоат ила Жумъа (ўқимоқ) ҳар бир мусулмонга ҳақдир, вожибдир. Магар тўрт киши – мамлук, қул, аёл киши, ёш бола ва бемор мустаснодир», дедилар». Абу Довуд, Байҳақий ва Ҳоким ривоят қилганлар. Шарҳ: Аввало ҳадиснинг ровийcи Ториқ ибн Шиҳоб розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик. Ториқ ибн Шиҳоб ибн Абу Шамс ибн Салама ал-Бажалий ал-Аҳмасий, кунялари Абу Абдуллоҳ. Ториқ ибн Шиҳоб розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрганлар-у, лекин суҳбатларида бўлмаганлар. Ҳадисларини тўртта халифа ва бир нечта саҳобалардан ривоят қилганлар. Абу Бакр ва Умар ибн Хаттоб даврларидаги ўттиз учта ғазотда иштирок этганлар. Ториқ ибн Шиҳоб розияллоҳу анҳу Куфада истиқомат қилдилар. Ҳижратнинг 83-йили вафот этдилар. Ушбу ҳадиси шарифда Жумъа намози ҳар бир мусулмон кишига фарз эканлиги қаттиқ таъкидланмоқда. Буни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўз услубларидан, «ҳақдир, вожибдир» деганларидан ҳам билиб оламиз. Шу билан бирга, бу ҳадиси шарифда Жумъага бориши узрли бўлган одамлар ҳам зикр этилмоқда. Мазкур тоифадаги кишилар Жумъага бормасликлари мумкин: 1. «Мамлук, қул» Бировнинг мулки ҳисобланган қул кишиларга Жумъа фарз бўлмайди. Чунки Жумъага бориш алоҳида қўшимча ҳаракат, сарф-ҳаражат ва бошқа нарсаларни тақозо қилади. Қул кишилар эса ўз ҳолатларига биноан, бу нарсаларда ортиқча қийинчиликларга дуч келадилар. Шу мақсадда уларга енгиллик яратиш учун Жумъа намозига боришлари фарз қилинмаган. 2. «Ёш бола» Балоғатга етмаган ёш боланинг бошқа ибодатларни қилиши ҳам фарз эмас. Ёш бола мукаллаф эмас. Бинобарин, унга Жумъа намози ҳам фарз эмас. 3. «Аёл киши» Исломий ҳаёт тарзида аёл кишининг ўзига яраша ҳолатлари, вазифалари бор. Ана шуларни эътиборга олган ҳолда муслима аёлларга Жумъа намози фарз қилинмаган. 4. «Бемор» Ислом енгиллик динидир. Кишиларни тоқатларидан ташқари нарсаларга таклиф қилмайди. Жумъага бориш беморга оғир бўлса, у бормаслиги мумкин. Ушбу ҳадислар ва бошқа шу маънодаги далилларни тўлиқ ўрганиб чиққан уламоларимиз, хусусан, маълум ва машҳур тўрт сунний мазҳаб имомлари «Жумъа намозини адо этиш фарзи айн – ҳар бир кишига алоҳида фарздир», деганлар. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat