Ассалому алайкум! Ҳурматли устозлар, салафлар ва халафлар тўғрисида, уларнинг бир биридан фарқи нималиги ҳақида маълумот берсангизлар.
Ва алайкум ассалом!
Салаф сўзи луғатда “собиқ”, “муқаддам ўтган” маъносини билдиради. Унинг муқобилида халаф сўзи “улардан кейин келган”, “ўринбосар” деган маънони билдиради. Уламолар истилоҳида эса салаф калимасидан саҳоба, тобеъин ва табаъ-тобеъинлар ирода қилинади.
عَنْ عَبْدِ اللهِ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: «خَيْرُ النَّاسِ قَرْنِي، ثُمَّ الَّذِينَ يَلُونَهُمْ، ثُمَّ الَّذِينَ يَلُونَهُمْ، ثُمَّ يَجِيءُ أَقْوَامٌ تَسْبِقُ شَهَادَةُ أَحَدِهِمْ يَمِينَهُ، وَيَمِينُهُ شَهَادَتَهُ». قَالَ إِبْرَاهِيمُ: وَكَانُوا يَضْرِبُونَنَا عَلَى الشَّهَادَةِ وَالْعَهْدِ. أطرافه: 3651، 6429، 6658 - تحفة: 9403
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларнинг энг яхшилари менинг замондошларимдир. Сўнгра улардан кейин келганлар, сўнгра улардан кейин келганлар. Кейин шундай бир қавмлар келадики, баъзи бирларининг гувоҳлиги қасамидан, қасами эса гувоҳлигидан ўзиб кетади», дедилар». (“Олтин силсила” китобидан Саҳиҳул Бухорий).
Халаф сўзи икки хил шаклда ишлатилади. Халаф шаклида келса, яхши ўринбосар. Халф шаклида келса, ёмон ўринбосар маъносида ишлатилади. Аллоҳ таоло “Марям” сурасида марҳамат қилади :
فَخَلَفَ مِن بَعْدِهِمْ خَلْفٌ أَضَاعُوا الصَّلَاةَ وَاتَّبَعُوا الشَّهَوَاتِ فَسَوْفَ يَلْقَوْنَ غَيًّا
59. Бас, уларнинг ортидан бир ўринбосарлар қолдики, улар намозни зое қилиб, шаҳватларга эргашдилар. Бас, тезда ёмонликка йўлиқурлар. Валлоҳу аълам!