Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Жаноза

14:43 / 27.12.2016 | Feruzbek | 3985

Ассалому алайкум! Одамни отаси онаси ёки бир яқини утиб қоса эрталаб «отамо отам» ёки бобожоним қандайлар бобом бор эди» деб  давомий қичқириқ қилади. Буни бутун маҳалла эшитиши учун қилади. Эсимни таниганимдан бери шу нарса биз томонларда бор. Ҳеч ким буни нотўғри эканини айтмаган, лекин илмга қизиққанимдан шу нарса менда савол бўлиб қолди. Динимизда шу иш маъқулми?



«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Динимиз бундай ишлардан қайтарган.

АЙТИБ ЙИҒЛАШ ВА ШУНГА ЎХШАШ НАРСАЛАРНИНГ ҲАРОМЛИГИ ҲАҚИДА

عَنْ عَبْدِ اللهِ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: لَيْسَ مِنَّا مَنْ ضَرَبَ الْخُدُودَ، وَشَقَّ الْجُيُوبَ، وَدَعَا بِدَعْوَى الْجَاهِلِيَّةِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا أَبَا دَاوُدَ 

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Ким юзларига урса, ёқаларини йиртса ва жоҳилият даъвати ила чақирса, биздан эмас», дедилар».
Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда биров ўлганида унинг яқин қариндошлари ўзини қайғули қилиб кўрсатиш учун ўзини ўзи уриб, кийим-бошларини йиртиб, «Вой, суянган тоғим, ишонган боғим», «Фалоним, пистоним», деб, Исломга тўғри келмайдиган гапларни айтиб, дод солиб йиғлаши ҳақида сўз кетмоқда. Буларнинг ҳаммаси ниҳоятда ёмон ишлар бўлганлиги ва мусулмон одамга мутлақо тўғри келмаганлиги учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай қилганларни «биздан эмас», демоқдалар. Бу ниҳоятда оғир гап, яъни «биздан эмас» деганлари мусулмонлардан эмас, деганларидир.
Минг афсуслар бўлсинки, кўпгина ўлкаларда ҳозиргача ушбу ҳадиси шарифга амал қилмай келинмоқда. Кишилар, хусусан, аёллар бошқаларнинг жоҳилият ўлчови билан айтадиган гапларидан қўрқиб, ўзларини жоҳилият ишига уриб, юзларини юлиб, қонатадилар, кийимларини йиртадилар. Ҳушларидан кетиб қолгунларича доду фарёд соладилар. Мўмин-мусулмон одам умуман оғзига олиб бўлмайдиган гапларни айтиб, йиғлайдилар.
Аслида ушбу ҳадисга амал қилган ҳолда ман қилинган ишларни мутлақо қилмаслик керак. Ўлган киши ҳақида қайғуришнинг исломий, савобли йўллари бор, ўшаларни қилиш лозим. Ушбу фаслда наҳйи этилган бошқа нарсаларни келгуси ҳадислардан ўрганамиз. 

عَنْ أَبِي مُوسَى رَضِي اللهُ عَنْهُ: أنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم بَرِئَ مِنَ الصَّالِقَةِ وَالْحَالِقَةِ وَالشَّاقَّةِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا التِّرْمِذِيَّ 

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бақириб йиғловчи, сочини олдириб ташловчи ва кийимини йиртувчи аёллардан юз ўгирганлар».
Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Мусийбат етиб, яқин кишиси вафот этганида юқоридаги ҳадисда айтилган ишларни қилувчи аёллар бўлган экан. Улардан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам воз кечган, яъни, улар менинг умматим эмас, деган эканлар. Чунки мазкур ишларни қилувчилар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларига хос бўлмаган ишларни қилган ҳисобланади.
Мусулмон одам яқин кишиси вафот этиб, мусийбат етганида сабр қилади, Аллоҳга дуолар қилади, Аллоҳ таолонинг қазои қадарига рози бўлади. Мусийбатга чидамай, бақириб йиғлаш, бидъат-хурофотга берилиб, сочини олдириб ташлаш ёки кийимларини йиртиш эса мушрика, кофира аёлларнинг ишидир. Мўмина-муслима аёллар эса Пайғамбарлари кўрсатган йўлдан бориб, у зот алайҳиссалом қайтарган ишларни мутлақо қилмасликлари лозим.

عَنْ أَبِي مَالِكٍ الْأَشْعَرِيِّ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: أَرْبَعٌ فِي أُمَّتِي مِنْ أَمْرِ الْجَاهِلِيَّةِ لَا يَتْرُكُونَهُنَّ؛ الْفَخْرُ فِي الْأَحْسَابِ، وَالطَّعْنُ فِي الْأَنْسَابِ، وَالْاِسْتِسْقَاءُ بِالنُّجُومِ، وَالنِّيَاحَةُ، وَقَالَ: النَّائِحَةُ إِذَا لَمْ تَتُبْ قَبْلَ مَوْتِهَا تُقَامُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ وَعَلَيْهَا سِرْبَالٌ مِنْ قَطِرَانٍ، وَدِرْعٌ مِنْ جَرَبٍ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ وَلَفْظُهُ: أَرْبَعٌ فِي أُمَّتِي مِنْ أَمْرِ الْجَاهِلِيَّةِ لَنْ يَدَعَهُنَّ النَّاسُ؛ النِّيَاحَةُ، وَالطَّعْنُ فِي الْأَحْسَابِ، وَالْعَدْوَى، أَجْرَبَ بَعِيرٌ فَأَجْرَبَ مِائَةَ بَعِيرٍ، مَنْ أَجْرَبَ الْبَعِيرَ الْأَوَّلَ؟ وَالْأَنْوَاءُ، مُطِرْنَا بِكَذَا وَكَذَا 

Абу Молик ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Жоҳилият ишидан тўрт нарса менинг умматимда бордир. Уларни тарк қилмаслар: ҳасаблар ила фахрланиш, насабларга тил текказиш, юлдузлардан истисқо сўраш, овоз чиқариб, айтиб йиғлаш», дедилар. Яна у зот: 
«Агар йиғи солувчи аёл ўлимидан олдин тавба қилмаса, қиёмат куни устида қатрондан бўлган кийим ва қичитқидан бўлган кўйлак билан тирилтирилади», дедилар».
Муслим ва Термизий ривоят қилганлар.
Термизийнинг лафзида: 
«Жоҳилият ишидан тўрт нарса менинг умматимда бор. Одамлар уларни ҳеч қўймаслар: айтиб йиғлаш, ҳасабларга тил текказиш, (касал) юқди, дейиш. «Бир туя қўтир бўлди. Юз туяни қўтир қилди» (дейдилар). Биринчи туяни ким қўтир қилибди? Ва ёғинни юлдузлардан деб билиш. У билан, бу билан бизга ёмғир ёғди, дейиш», дейилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифнинг икки ривоятини қўшганимизда жоҳилият ишларидан беш нарса одамларга сингиб кетган бўлиб, урф-одат ва бошқа омилларга кўра, мусулмонлар ичида ҳам кўп тарқалган ҳолда учраб туради. Бу ёмон нарсалардан фақат Аллоҳ раҳмини еган, чин мусулмон бандаларгина қутулиб қоладилар. Қолганлар эса турли баҳона ва сабаблар топиб, ўша жоҳилий сифатларга мубтало бўлиб юраверадилар. Энди ўша жоҳилият ишлардиан беш нарса билан бир-бир танишиб чиқайлик:
1. «Ҳасаблар ила фахрланиш».
Жоҳилиятнинг энг кўзга кўринган ишларидан бири мана шу – аждодларнинг обрў-эътибори, нуфузи билан мақтанишдир. Ислом дини келишидан олдинги араб жоҳилиятида ҳам отам у қилган, бобом бу қилган, деб фахрланиш, ўзини бошқалардан устун қўйиш бор эди. Бу мутлақо нотўғри ишдир. Ўтиб кетган кишилар яхши иш қилишган бўлса, ўзлари учун қилганлар. Аммо нима учун улардан кейин қолганлар ўзлари бир иш қилмай, ҳасаблари билан фахрланадилар, бошқалардан устунман, деб гердаядилар? Ҳозирда улардан кўра яхши амаллар қилиб турганларни камситадилар? Одамлар орасида турли келишмовчиликларни келтириб чиқарадилар? Исломдан олдин бу ишни қилганларнинг маълум даражада узрлари бўлиши мумкин. Аммо мусулмон бўла туриб, бу ишни қиладиганларга нима дейиш мумкин? Уларнинг гуноҳлари жоҳилийларнинг гуноҳларидан ҳам каттароқ бўлмайдими?
2. «Насабларга тил теккизиш».
Бу бало ҳам олдингисининг давоми. Жоҳилий кишилар ўз ҳасаби ила фахрланиш билан бирга, ўзгаларнинг насабига тил теккизадилар. Уларнинг насаблари ҳалол-пок насаб эканлигини шубҳа остига қўйишга, ўзларига ёқмаган кишиларни «таги паст»ликда айблашга уринадилар. Жоҳилият аҳлининг бундай қилишини тушунса бўлади. Лекин Ислом аҳлидан бу иш содир бўлса, нима дейиш мумкин?! Кишиларнинг насабига тил теккизиш катта гуноҳдир. Буни ҳар бир мусулмон асло унутмаслиги лозим.
3. «Юлдузлар ила истисқо қилиш».
Бунга юлдузлардан серобчилик сўраш ҳам, ёққан ёғингарчиликни фалон юлдуз қилди, пистон юлдуз туширди, деб айтиш, эътиқод қилиш ҳам киради. Бу нобакорлик қадимги жоҳилиятда ўзига яраша содда бўлган. Лекин ҳозирда ҳам кўпгина мусулмонман, деб юрганлар ушбу бидъат-хурофотнинг қурбонидирлар. Чин мусулмон инсон ҳамма нарсалар қатори, ёғингарчилик ҳам Аллоҳнинг иродаси билан бўлади, деган эътиқодда бўлиши лозим.
4. «Айтиб йиғлаш».
Бунда яқин кишиси ўлганидан унинг мадҳини муболаға билан баланд овозда айтиб, бақириб йиғлаш кўзда тутилади. Жоҳилият пайтида шундай бўлган. Шунингдек, қадимги жоҳилиятда айтиб йиғлашни касб қилиб олган аёллар бўлар эди. Улар қаерда бир одам ўлса, аза кийимларини кийиб бориб, кишиларни таъсирлантириш учун қайғу ва аламни кучайтирувчи сўзларни айтиб, баланд овоз билан йиғлар ва бу «хизмат»лари учун ҳақ олар эдилар.
Бу ишни қилувчи аёллар яхши билиб қўйишлари керакки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисда таъкидлаганларидек:
«Агар йиғи солувчи аёл ўлимидан олдин тавба қилмаса, қиёмат куни устида қатрондан бўлган кийим ва қичитқидан бўлган кўйлак билан тирилтирилади».
Лозим қатрондан бўлса, ўзи шундай ҳам шиддатли бўлган дўзах ўти унинг лозимига илашиб, яна ҳам шиддат билан ёнмайдими? Кўйлак қичитқидан бўлса, азоб устига азоб бўлмайдими? Бундай ашаддий азобдан қутулишнинг чораси битта – бу дунёда вақт борида тавба қилиб, шариатимиз ҳаром қилган йиғи солувчилик касбини ташлаш ва кўпроқ ибодат қилиш керак.
5. «(Касал) юқди дейиш».
Бу иллат ҳам қадимги жоҳилиятда ўзига хос равишда авж олган. Хоҳ одамга бўлсин, хоҳ ҳайвонга бўлсин, «касал фалончидан юқди, шуни қилмаса бўлар эди», «у эди, бу эди» каби гапларни кўп эшитар эдилар. Бундай пайтда дунёда фақат касаллик ҳоким бўлиб қолганга ўхшайди. Ҳамма ёқда касаллик, нимани хоҳласа, шуни қила олади, деган фикр ҳукм суради. Бу ишларнинг ҳаммасининг тадбирчиси Аллоҳ таолонинг Ўзи эканлигини эса хаёлларига ҳам келтирмайдилар. Ҳар бир нарса Аллоҳдан, деган эътиқод уларда йўқ. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифда:
«Бир туя қўтир бўлди. Юз туяни қўтир қилди (дейдилар). Биринчи туяни ким қўтир қилибди?» демоқдалар.
Ҳа, бу ҳақда жиддий ўйлаб кўриш, агар Аллоҳнинг иродаси бўлмаса, қўтир касали юқмаслигини эсдан чиқармаслик керак. Ҳамма нарса ягона Аллоҳ таолонинг иродаси билан бўлишига эътиқод қилиш лозим. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat