Ассалому алайкум! Ҳурматли Устозлар, биз Россияда ишлаймиз. Шом намозига баъзида сал кeч қолиб кeтяпмиз, кeч қолган пайт қарасак хали қоронғу тушмаган, лeкин осмонда битта икта юлдуз кўринган бўляпти. Шундоқ бўлса ҳам ўқиб олсак бўладими ёки қазо бўлиб қоладими? Шом намозини охирги вақти қачон.
2). Вақтимиз оз булганлигидан ва совуқдан баъзида таҳоратимизни ушлаб юрамиз. Мисол Пeшин намозини ўқиб, аср ва шом намозигача қорнимиз дам булса хам, бавл қилгимиз кeлса хам қилмасдан ўзимизни тутиб юрамиз ва шу ҳолда намоз ўқиймиз. Шундай қилсак бўладими?
Ва алайкум ассалом! 1). Шом намозининг ҳар бир минтақа учун аввалги ва охирги вақтлари бор. Сиз тақвимдан шу соатларни аниқлаб, шуни орасида ўқиб олсангиз қазо ҳисобланмайди. http://savollar.islom.uz/savol/42274 2). عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: إِذَا وُضِعَ الْعَشَاءُ وَأُقِيمَتِ الصَّلَاةُ فَابْدَءُوا بِالْعَشَاءِ. وَفِي رِوَايَةٍ: إِذَا قُدِّمَ الْعَشَاءُ فَابْدَءُوا بِهِ قَبْلَ صَلَاةَ الْمَغْرِبِ، وَلَا تَعْجَلُوا عَنْ عَشَائِكُمْ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِيُّ Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кечки таом қўйилса-ю, намозга иқомат айтилса, кечки таомдан бошланглар», дедилар». Бошқа бир ривоятда: «Кечки таом тақдим қилинса, Шом намозидан олдин ундан бошланглар. Кечки овқатингизда шошилманглар», дейилган. Икки Шайх ва Термизий ривоят қилганлар. Шарҳ: Намоз билан таом бир вақтга тўғри келиб қолса-ю намознинг вақти бемалол бўлса, олдин таом тановул қилишдан бошланади. Чунки инсондаги таомга бўлган эҳтиёж намозига путур етказиши мумкин. Намозда ҳам хаёлига таом келиб, намоз ўқигандек бўлмайди. Намозни зеҳн ва фикр холи бўлганда ўқиш керак. Шунингдек, кишининг хаёлини олиб қочадиган таомга ўхшаш бошқа эҳтиёжлар бўлса, аввал уларни қондириб олиб, кейин хотиржам равишда, кўнгилни бир жойга қўйиб, намоз ўқишни бошлаш лозим. وَعَنْهَا عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: لَا صَلَاةَ بِحَضْرَةِ الطَّعَامِ، وَلَا هُوَ يُدَافِعُهُ الْأَخْبَثَانِ Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Таом ҳозир бўлганда намоз йўқ. Уни икки (томондаги) чиқинди қистаб турганда ҳам», дедилар». Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар: 1. Таом ҳозир бўлганда намозни кейинга суриш. Албатта, намознинг вақти чиқиб кетгунча таом еб ўтирилмайди. 2. «Заҳар танг» қилиб турган одам ҳам намоз ўқимасин. 3. Қазои ҳожати қистаб турган одам ҳам намозини кейин ўқисин. 4. Қорни дам бўлиб, ел қистаб турган одам ҳам намоз ўқимасин. Бундай ҳолларда бўшаниб олиб, янги таҳорат қилиб, кейин хотиржам намоз ўқилади. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!