Шайx ҳазратлари, мен бир сайтда «Ислом динининг пайғамбарлари» деган мавзуни очдим, ичида ҳамма пайғамбарлар ҳақида маълумотлар бор экан. У ерда «Зулқарнайн деган пайғамбар бор» деб ёзилган. Зулқарнайн бу Александр Македонский эмасми?
Йўқ. У эмас. Зулқарнайннинг шахси, қаерда ва қачон яшагани, борган жойлари, қилган ишлари ҳақида жуда кўп гаплар бор. Турли-туман фикрлар, фаразлар ва тахминлар ҳам кўп. Улардан айримлари тафсир китобларимизда ҳам келтирилган. Бу гап-сўзлар қиссачи ва тарихчи одамларнинг ўрганиб топган маълумотларидир. Уларни ҳеч ким айнан Қуръонда зикр этилган Зулқарнайн ҳақида, деб узил-кесил айта олмайди. Айтса ҳам, асоссиз, тахмин ила айтган бўлади.
Мисол учун, баъзилар қиссадаги Зулқарнайндан мурод македониялик Искандар дейишган. Бу гап тўғри эмас. Чунки македониялик Искандар Аллоҳнинг ягоналигига ишонган мўмин бўлган эмас. Қуръондаги Зулқарнайн эса мўмин одамдир. Аммо у набий ҳам, расул ҳам эмас. Бу борада сиз сайтда топган маълумот нотўғри.
Валлоҳу аълам.
Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси рақами: 2022 йил 03-07/1077