Ассалому алайкум! Билишимча, Мусо алайҳиссалом билан тортишган фиръавннинг исми Валид ибн Мусъаб бўлиб, у кофирлардан экан. Ундан кейинги фиръавнлар ҳақида нима дейиш мумкин?
Ва алайкум ассалом!
Ўша даврлардаги Миср подшоҳларига нисбатан фиръавн сўзи ишлатилгани тарихдан маълум.
Мусо алайҳиссалом даврларидаги фиръавннинг исми ажнабий китобларда Рамсес II, отасининг исми Сети I, дейилади.
Ислом уламоларининг кўпчилиги унинг исмини Валид ибн Мусъаб деб ёзадилар.
Сабаби, “Рамсес” қибтий сўз бўлиб, “Ра” – қадимги мисрликлар сиғинган “Қуёш илоҳи”нинг номи, “мсес” эса “ўғли, боласи, фарзанди” демакдир.
Уламоларимиз Ислом эътиқодидан келиб чиқиб, бу исмни ишлатмай, уни таржима қилишни маъқул кўрганлар ва таржимада биринчи қисмини тарк этиб, иккинчи қисмини қолдирганлар. Араб тилида “Валид” сўзи “бола, ўғил, фарзанд, қул” маъноларида ишлатилгани учун ҳам айнан мана шу сўзни танлаганлар.
Отасининг исми “Сети” ҳам қибтий сўз бўлиб, қадимги мисрликларнинг эътиқодича, “Сет” ёвузлик илоҳининг номи, “и” қўшимчаси нисбат ҳарфидир. Шунда, бунинг маъноси “Сет илоҳига аталган” бўлади.
Қадимги мисрликлар “Сет” илоҳини боши туя ёки итнинг бошига ўхшаб кетадиган эркак кишининг тимсолида тасвирлашган экан.
Уламоларимиз бу исмни ҳам араб тилига ўгиришиб, бунинг маъносига энг яқин бўлган “мусъаб” – “минилмаган, ишлатилмаган, юк ортилмаган, арқонга ҳам боғланмаган эркак туя” маъносидаги сўзни ишлатганлар. Валлоҳу аълам!