Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам токи соҳибларидан изн сўрамагунча икки хурмони бир-бирига қўшишдан қайтардилар».Бешовлари ривоят қилганлар.Бу ҳадиси шарифда зикр қилинаётган ҳолат хурмо оз бўлиб, ҳар бир донаси ҳисобли бўлган вақтга оиддир. Ана ўшандоқ вақтда икки хурмони бир-бирига қўшиб қўйилса, бошқалардан кўра икки ҳисса кўпроқ ейишга ҳаракат бўлади. Бу кўпчилик шерик бўлган таомда одобсизлик, очкўзлик ва баднафсликдан бошқа нарса эмас. Шунинг учун ҳам, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бундоқ ишдан қайтармоқдалар. Агар эгалари томонидан изн бўлсагина хурмоларни бир-бирига қўшиш мумкин экан.Демак, таом оз пайтида, кўпчилик орасида шериклик бўлганида, бошқалардан кўпроқ ҳиссани ўзлаштириш учун ҳийла қилиш, баднафсликнинг турли кўринишларини изҳор қилиш ҳаром иш ҳисобланар экан. Бундоқ ишлар мусулмончилик обрўсига тўғри келмас экан. Бу ишдан узоқ бўлиш, болаларни ҳам шу руҳда тарбиялаб бориш зарур.