Ассалому алайкум ҳурматли Шайх Ҳазратлари.Муҳтарам Шайх ҳазратлари, сизга ва аҳлингизга Аллоҳнинг саломлари бўлсин.Ҳозирда Ал-Ҳафиз ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳнинг "Бидоятун Ниҳоя" асарининг инглизча мутолааси билан бандман. Унда охирзамонда содир бўлиши кутиладиган қатор ҳодисалар хусусидаги қатор ҳадислар алоҳида бир бобга жамланган. Ана шу бобдаги ҳадислардан бирини эътиборингизга ҳавола этяпман(ҳадис матнларини инглиз тилидан ўгиряпман,саҳвлар учун маъзур кўргайсиз):Абу Ҳураира розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаламдан ривоят қилдилар."Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалам дедилар:"Токи пояфзаллари теридан тўқилган халқлар ва юзлари қалқонга ўхшовчи, кичик бурунли, қизил юзли ва қисиқ кўз турклар билан муҳораба қилмагунингизча Қиёмат бўлмайди… Улар бошқа тоифа одамлардир.(уларнинг келиб,чиқиши, тиллари умуман бошқа). Уларнинг жоҳилиятдаги энг яхшиси Исломда энг яхшисидир. Бошингизга яна шундай кун келадики, у замонда ҳар бирингиз учун мени кўриш икки баробар ғанимат топлаш ва аҳли аёл орттиришдан ҳам афзал бўлиб қолади. "(Имом Бухорий).Яна Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар, Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи вассалам дедилар: "То Хор ва Кирмон билан-қизил юзли, катта ва тўмтоқ бурунли, юзи қалқонга ўхшовчи, жундан тўқилган пояфзал кийиб юрувчи икки хорижий халқлар билан тўқнашмагунингизча Қиёмат бўлмайди."(имом Бухорий).Амр ибн Салаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаламнинг шундай деганларини эшитганини ривоят қилади: "Катталигидан юзи қалқонга ўхшовчи халқлар билан муҳораба қилишингиз охирзамон аломатларидан биридир."(Аҳмад ривояти).Имом Бухорий ҳам юқоридаги ҳадисни Жарир ибни Ҳаазимдан ривоят қилган.Юқоридаги ҳадисларда зикр этилган халқларни мўғуллар деб тахмин қилса бўладими?Чунки фаҳми ожизимча, тарихдан олинган далилларга асосланилса, уларнинг жисмоний кўриниши ва кийинишлари юқоридаги ҳадисларда келган таърифларга бир қадар мос келади.Жавобингиз учун олдиндан раҳмат. Аллоҳ ишларингизни ўнгласин.Ассалому алайкум.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:
Шундай тахминлар бор. Ҳаттоки, мўғилларнинг ғароти пайтида қиёмат қоим бўлиши яқин қолди деганлар ҳам бўлган.