Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Суннат ҳақида

00:54 / 05.08.2016 | Mahmud | 4042

Ассалому алайкум! Суннат кийим қанақа бўлиши керак ва ҳозирги кунда иштонни калта қилиб кийиш, ёки шимини қайтариб олиб намоз ўқишади. Шу тўғрими?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! وَقَالَ عَبْدُ الرَّحْمَنِ  رَضِي اللهُ عَنْهُ: سَأَلْتُ أَبَا سَعِيدٍ عَنِ الْإِزَارِ، فَقَالَ: عَلَى الْخَبِيرِ سَقَطْتَ، قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم: «إِزْرَةُ الْمُسْلِمِ إِلَى نِصْفِ السَّاقِ، وَلَا حَرَجَ -أَوْ لَا جُنَاحَ - فِيمَا بَيْنَهُ وَبَيْنَ الْكَعْبَيْنِ، مَا كَانَ أَسْفَلَ مِنَ الْكَعْبَيْنِ، فَهُوَ فِي النَّارِ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالْبُخَارِيُّ وَالنَّسَائِيُّ Абдурраҳмон розияллоҳу анҳу айтди: «Абу Саъиддан изор ҳақида сўрадим. Шунда у: «Хабардорини топдинг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдиларки, «Мусулмоннинг изор тутиши икки болдиргачадир. Ундан икки тўпиққача танглик – ёки гуноҳ – йўқ. Икки тўпиқдан пастга тушган нарса дўзахдадир». Абу Довуд, Бухорий ва Насаий ривоят қилишган. Янги зоҳирийлар ушбу ва шунга ўхшаш маънодаги ҳадисларнинг зоҳирий маъносини маҳкам ушлаб олиб, шалвор ёки шимининг пойчаси тўпиғидан пастга тушган ҳар бир одамнинг дўзахга тушиши ҳақида фатво чиқаришдан толмайдилар. Улар ўзларининг бу ишларида бирор масалада ҳукм чиқаришдан олдин бир мавзудаги ҳадисларни жамлаб, солиштириб кўриш қоидасига амал қилмаганлари учун шундай хулосага келишган. Аслида эса агар бирор ҳадис маъносини яхши тушуна олмай қолсак ёки барор ғайриоддий ҳолатни кўрсак, дарҳол шу мавзудаги бошқа ҳадисларни ўрганиб чиқишимиз лозим бўлади. Ана ўшанда умумий солиштириш йўли билан мазкур ҳадисни тўғри тушуниш имконига эга бўламиз. Янги зоҳирийларнинг «пойчаси тўпиғидан пастга тушган одам дўзахий бўлиши» ҳақидаги гапидан хабардор бўлганлар «Наҳотки, иймонда, Исломда, ибодатда, тақвода юрган одам ҳам биргина пойчаси тўпиғидан пастга тушгани учун дўзахий бўлса», деган гапни хаёлига келтириши турган гап. Аммо Аҳли сунна вал жамоа ақийдавий мазҳабидаги мўътараф фиқҳий мазҳабларга эргашган мусулмонлар оммасининг фақиҳлари бу масалага эски ва янги зоҳирийлардан фарқли қараганлар. Улар бу масалани ҳам, бошқа масалалар каби, бирор масалада ҳукм чиқаришдан олдин бир мавзудаги ҳадисларни жамлаб, солиштириб кўриш қоидасига амал қилган ҳолларида ҳамда Аллоҳ таолонинг охирги ва мукаммал дини, қиёматгача боқий қолувчи, барча замонлар ва маконларда инсониятга икки дунё саодати йўлини кўрсатиб берувчи дини бўлмиш Исломнинг умумий мақсадлари, ҳикматлари ва қоидалари асосида ҳал қилганлар. Улар аввало кийиниш борасида Исломнинг умумий таълимотларига назар ташлаганлар ва бу ҳақда қуйидаги икки ривоят ва уларга ўхшаган бир қанча матнларни топганлар. عَنْ عَمْرِو بْنِ شُعَيْبٍ، عَنْ أَبِيهِ، عَنْ جَدِّهِ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: «كُلُوا، وَاشْرَبُوا، وَالْبَسُوا، وَتَصَدَّقُوا فِي غَيْرِ إِسْرَافٍ وَلَا مَخِيلَةٍ». رَوَاهُ النَّسَائِيُّ Амр ибн Шуаъйбдан, у отасидан, у бобосидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Енглар, ичинглар, кийинглар ва садақа қилинглар, исроф ва мутакаббирлик бўлмаса бас», дедилар». Насоий ривоят қилган. Ушбу ҳадиси шариф инсон ҳаётида ҳар куни, ҳар доим такрорланиб турадиган ҳолатлардаги умумий исломий қоидани баён қилмоқда. Кимлардир еб-ичиш, кийиш ва садақа ишларида тарки дунё йўлини тутиб, имкони бор нарсани қилмасдан, ўзини ўзи қийнайди. Албатта, ҳозир бу тоифадагилар оз. Кимдир ҳаётни еб-ичиш, кийинишу ўйин-кулгидан иборат деб тушунади. Бутун имкониятларини мазкур нарсаларга сарфлайди. Еб-ичишда ҳам, кийинишда ҳам, садақа қилишда ҳам доимий ва чегарасиз равишда исрофга йўл қўяди. Энг ёмони, бу масалада дунёқарашлари нотўғри бўлганидан, ейдиган таомлари, ичадиган ичимликлари, киядиган кийимлари ва қиладиган садақалари ила манманлик, мутакаббирлик қиладилар. Ҳозирда худди шу тоифа кўпчиликни ташкил этади. وَقَالَ ابْنُ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: كُلْ مَا شِئْتَ، وَالْبَسْ مَا شِئْتَ، مَا أَخْطَأَتْكَ اثْنَتَانِ سَرَفٌ أَوْ مَخِيلَةٌ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтадилар: «Модомики сенда икки нарса: исроф ва манманлик бўлмаса, хоҳлаганингни е, хоҳлаганингни кий». Бухорий ривоят қилган. Машҳур саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббоснинг бу ҳикматли гаплари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таълимотларини у зотдан эшитган кишининг ўз иборалари билан айтиши десак, хато бўлмас. Яна шуни таъкидлашимиз лозимки, ушбу ривоятларда Аллоҳ таоло ҳалол қилган, ҳалол-пок йўл билан топилган неъматлар ҳақида сўз кетмоқда. Имом Бухорий ривоят қилган ушбу икки ривоятда Исломдаги кийиниш қоидалари исроф ва манманликдан четланиш асосида эканини тушуниб олдик. Буни кийими ила манманлик қилиб юрганларни қораловчи ҳадислар ҳам таъкидлайди. عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ  رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: «بَيْنَمَا رَجُلٌ يَمْشِي، قَدْ أَعْجَبَتْهُ جُمَّتُهُ وَبُرْدَاهُ، إِذْ خُسِفَ بِهِ الْأَرْضُ، فَهُوَ يَتَجَلْجَلُ فِي الْأَرْضِ، حَتَّى تَقُومَ السَّاعَةُ». رَوَاهُ الشَّيْخَانِ Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир киши ўзининг соч шокиласига ва кийимига маҳлиё бўлиб юриб бораётганида, бирдан уни ер ютиб юборди. Энди у қиёмат қоим бўлгунча ерга ботиб бораверади», дедилар». Икки шайх ривоят қилишган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтган умматлардан бир киши ўзининг чиройига, кийимига зеб бериб, мутакаббирлик қилгани қандай оқибат билан тугаганини ажойиб васф қилиб, сиз билан биз мусулмонларни ўша шахсга ўхшашдан қайтармоқдалар. Мазкур бадбахтликка гирифтор бўлган одам сочини ҳавас билан ўстирган экан. Унинг сочи елкасига тушиб турар экан. Кийимни ҳам бошқаларга кўз-кўз қилиш учун танлаб кийган экан. Бир куни «…ўзининг соч шокиласига ва кийимига маҳлиё бўлиб юриб бораётганда, бирдан уни ер ютиб юборди». Бунга ўхшаш нобакорларни, арзимаган нарса ила ўзини ўзгалардан устин қўядиганларни, кийими ила манманлик ва мутакаббирлик қиладиганларни ер ҳам ўз устида олиб турмай, ютиб юборишга тайёр экан. Аммо ер уни ютиши билан иш битиб қолмайди. Балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисда айтганларидек: «Энди у қиёмат қоим бўлгунча ерга ботиб бораверади». Яъни у қиёматгача ер ютиш азобини чекиб, қийналиб туради. Қиёмат куни эса унинг абадий ҳоли қандай бўлишини Аллоҳ таолонинг Ўзи белгилайди. Ким ана шундай ҳолга учрамай деса, зинҳор-базинҳор кийими билан манманлик қилмасин. (“Ихтилофлар ҳақида” китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat