Ушбу саволингиз учун ташаккур. Чунки бу савол кўпдан бери айтмоқчи бўлиб юрган гапни айтишга сабаб бўлди. Ижозатингиз билан мен масаланинг диний тарафига асосий эътиборни қаратмоқчиман. Ислом душманлари бу илоҳий динга ва мусулмонларга қарши олиб бораётган турли ҳийла найранглар ҳозирда кўпчиликка сир бўлмай қолди. Қонли урушлар, куч ишлатишлар, турли қамаллар, иккиёқлама ўлчовлар ҳам барчага маълум.Жумладан, бу соҳада инсон ҳуқуқлари, санъат, шахсий ҳуррият каби шиорлар ҳам ишга солинмоқда. Бунга севикли пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳақларидаги масхара расмлар ёрқин мисолдир. Ўша расмларни чизганлар ва тарқатганлар инсон ҳуқуқи ҳимоячилари, шахс ва сўз эркинлиги вакиллари ҳисобланадилар. Уларга қарши чиққан бутун бошли бир миллат шахс ва сўз эркинлигини билмайдиган жоҳил, ўрта асрлардан қолган саводсизлар сифатида қораланадилар.Ислом ва мусулмонларга қарши, динимизни қоралаш ва унинг таълмотларини бузиш учун олиб борилаётган фаолиятнинг маккарона услубларидан бири мусулмонлар ичидан динимизга қарши кишиларни топиб, ўшалар орқали иш юритишдир. Муносиб номзод топилади. У муносиб “ҳомийлар” ёрдамида бир “иш” қилади. Мусулмонлар унга қарши чиқади. “Ҳомийлар” ўз номзодларини ҳимоя қилишади. Уни қаҳрамонга айлантиришади. Унга қарши бўлганларни саводсизлик, жоҳиллик, ортда қолганлик ва бошқа айблар билан қораланади. Бунинг мисоллари кўп.Салмон Рушдийни олайлик. У китоб ёзди. Ислом, Қуръон, Пайғамбар алайҳиссалом, У зотнинг жуфти ҳалолларига туҳмат қилди. Мусулмонлар қарши турди. Салмоннинг “ҳомийлар”ни уни қаҳрамон деб эълон қилдилар. Туҳматни адабий асар деб баҳоладилар ва турли туман мукофотлар билан тақдирладилар. Ҳозиргача ҳимоясини қилиб келмоқдалар. Аммо ўша “буюк ёзувчи” бошқа асар ёзмаяпти.Бангаладешдан чиққан Таснима Нисрин ҳам худди шундай бўлди. Уни қаҳрамонга айлантиришади. Унга қарши бўлганларни саводсизлик, жоҳиллик, орта қолганлик ва бошқа айблар билан қораланди.Бир – икки йил аввал ғарбда яшаб юрган мисрлик бир аёлни топиб, жума намозига имомлик қилдирилди. Ўша “намоз” пайтида “ҳомийлар”и уни қуролли қўриқчилар билан қўриқлаб турдилар. У ҳам қаҳрамон бўлди. Унга қарши бўлганлар саводсизлик, жоҳиллик, орта қолганлик ва бошқа айблар билан қораланди.Бу каби фитналардан кўзлаган мақсадлардан бири мусулмонларни ўз қадриятларидан узоқлаштиришдир. Сўнгра динларидан ва қадрятларидан узоқлашган мусулмонларни ўз ортларидан эргаштиришдир. Бугунги кунда исломга ва унинг қадрятларига қарши иш олиб бораётганларнинг баъзи қадрятлари эса, куракда турмайди. Ўша “қадрятлар”дан бири “Бир жинсли никоҳ” деб номланади. Бу “никоҳ” нималигини ҳамма билди. Мусулмонлар ва барча соф табиатли инсоният ўзи учун ор - номус, уят – айб деб биладиган ҳамда нисоният яратилганидан буён барча динларда қораланиб келаётган нарсани инсон ҳуқуқлари, тараққиёт, ҳуррият каби эзгуликларга боғланди. Бунга қарши бўлганлар, инсон ҳақларини поймол қилиш, саводсизлик, жоҳиллик, орта қолганлик ва бошқа айблар билан қораланди. Мутахассисларнинг айтишича, эркакларни “Бир жинсли никоҳ”га олиб борадиган омил аёлларга қизиқиш қолмаслигидир. Зинокорлик тарқалган ва аёл иффати қолмаган ерларда шу нарса кўп тарқалар экан. Улар мусулмонларни ҳам ўзларига ўхшатмоқчилар.Шунинг учун ҳам, биз мусулмонларнинг қизлик ва аёллик иффати ҳақидаги муқаддас таълимотларимиз бошқалар тарафидан қораланади. Бунга қарши турли чораларни қўллашга ўтадилар. Айнан, “Бокиралик юки” масаласи бўйича иш олиб борилаётганига анча бўлган.Ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари бошида, нуфузли халқаро ташкилотнинг қарорига биноан Қоҳирада аҳоли муаммоларига бағишланган умумжаҳон йиғини чақиришга қарор қилинди. Шу муносабат билан дунёдаги энг нуфузли Ислом ташкилотларидан бири Ислом Олами Робитаси таъсис ҳайъатининг фавқулотдаги мажилиси бўлди. Бошқа аъзолар қатори менга ҳам таклифнома билан бир қаторда катта ҳажмдаги ҳужжатлар келди. Улар Қоҳирадаги анжуманнинг режалари эди. Ҳужжатлар аввалидан охиригача Ислом ва мусулмонларга зид эди. Уларда жинсий бузуқларнинг кўчаларда ўтказадиган намойишларидан тортиб, қиз ва аёлларни жинсий эркинлигига қарши турадиганларни жиноий жавобгарликка тортишгача режалар бор эди. Мажлисимиз аъзолари Ислом давлатлари раҳбарларига, мусулмонларга баёнот билан мурожаат қилдилар. Йиғиннинг асосий нотиқларидан бири бўлмиш Беназир Бухутто хонимга алоҳида мурожаат қилиб, ўз нутқида динимиз таълимотлари ва қиз ҳамда аёлларимизнинг иффати, ор-номуси масаласини қаттиқ ҳимоя қилишни илтимос қилдик. Бизнинг мурожаатимизга ҳамма ижобий муносабат кўрсатди. Аллоҳ раҳмат қилсин, Беназир Бухутто хоним ажойиб чиқиш қилиб, ёвуз режа эгаларини шарманда қилди ва ўз дини ва диндошларини шарафлади.“Бокиралик юки” масаласи бўйича катта шармандаликлардан яна бири ўтган йили бўлиб ўтди. Муслималарнинг бокиралик қадрятларидан тинчи бузилаётган фитначилар баъзи мусулмон ва араб давлатлари бозорларига “сунъий бокиралик пардаси”ни савдога чиқаришга ҳаракат қилдилар. Уларнинг режаси бўйича қизлар “Бокиралик юки”ни эсга ҳам олмай зино қилиб юришаверади. Тўй куни бозордан орзон боҳога “сунъий бокиралик пардаси”ни сотиб олса, куёвни алдаш осон кўчади.Ҳар доимдагидек, мусулмонлар бу нобакорликка қаттиқ қаршилик кўрсатдилар. Уламолар масаланинг хатарини одамларга баён қилдилар. Азҳари шариф ва бошва диний муассасалар фатво ва баёнотлар чиқардилар. Шу тарийқа фитначиларнинг яна бир фитнаси чиппакка чиқди.Мана энди, “Бокиралик юки” бизга ҳам етиб келибди. Бу сафар кино санъати орқали келибди. Бу “санъат дурдонаси”га яна ғарбдан “ҳомий” топилибди. Ҳомий Швейцария элчихонаси экан. Ҳа, ўша ҳаммага таниш Швейцария. Кеча яқинда масжид меъзаналарини тақиқлаган, мусулмонлар қолиб, ғарб давлатларининг ҳам танқидга учраган, исломий белгиларни кўришга ҳам тоқати йўқ Швейцария. Икки қисмдан иборат бу фильмни кўрган одам уни нима учун суратга олинганини дарҳол пайқаб олиши қийин эмас. Фильм муаллифлари ўз ишлари билан мусулмонлар вакили бўлмиш ўзбек халқининг урф одати, оила тизими ва дину диёнатини масхара қилишдан бошқа нарсани кўзламагани аниқ. Фильмда имомнинг иштирокини муаллифларнинг қаллоблиги десак хато қилмаймиз. Биринчидан, имом жуда қисқа гапирган бўлиб, у томошабинларда турли тоифадаги одамлар фикр билдирганлигини кўрсатиш мақсадидагина суратга олинган. Иккинчидан, имом фақатгина оила мавзусида гапирган ва фильм мавзуси хусусида бирор оғиз сўз айтмаган.Бугунги кунда қизларнинг бокиралиги, шарми-ҳаёси, ор-номусига доир диний таълмотлар ва удумлар амалда қўлланилмоқда. Бунинг нимаси ёмон. Жуда кўп оилалар никоҳ кечасидаги ҳолатларни шифокорлар маслаҳатлари, катталар, янгаларнинг ўғитлари асосида тўғри тушуниб келмоқдалар.Фильм муаллифлари ўз ишлари билан ўзбек халқининг урф одати, оила тизими ва дину диёнатини масхара қилишдан бошқа нарсани кўзламагани аниқ. Танланган манзаралар ва шахслар ҳам яхши ният билан танланган эмас. Кўпчилик иштирокчилар ўзини суратга олинаётганини сезмаганга ўхшайди. Ҳолат ҳатто шу даражага бориб етганки, келиннинг ички кийимини кийиш жараёни ҳам яширин тарзда суратга олинган. Бу шаклда ўзбек халқига мансуб ҳеч бир аёл ўзи билиб туриб суратга тушмаслиги аниқ. Муаллиф суратга олинаётган келиндан, яхши кўриб турмушга чиқаяпсизми, деб сурайди. Келин, ҳа, деса, ростини айтинг, қачон учрашгансиз, дейди. Яъни, ўзбеклар бир-бирини кўрмай туриб турмуш қуришади деган фикрни олдинга суришга ҳаракат қилади. Фильмда бир аёл бизнинг халқимизда аёл киши ўзининг танасига, сочи ва қошига ҳам эга эмаслиги ҳақида шикоят қилади.Фильм муаллифлари ўз ниятларига эришиш мақсадида иложи борича билимсиз, унча бунча нарсани фарқига бормайдиган одамларни танлашган. Мисол учун, бир соқол қўйиб чопон кийган шахс, жума куни туғилган қизларга Оиша, Фотима ва Одина исмлари қўйилади, чунки, ўша кунда туғилган қизларнинг қизлик пардаси йиртилганда қон чиқмайди, дейди. Бу ҳам тўқима ёлғон орқали халқимизни ёмон кўрсатишдан бошқа нарса эмас.Хонтахта атрофида ўтирган икки аёлнинг суҳбатида ҳам, уларнинг бири бу гапларга унча эътибор бермагани учун озроқ гапирган. Аммо фильм эгаларининг мақсадига мувофиқ гапларни айтган аёлнинг гапи кўпайган. Йигирматалаб аёллар келин куёвнинг биринчи қўшилиши натижасини кутиши ва шунга ўхшаш орада сир бўлиб қоладиган гаплар чет эллар учун бир неча тилдаги фильмнинг асосий гапларига айланган. Фильмда қизлик пардаси йўқ бўлса, нима бўпти қабилида гап юритади. Бир эпизод ҳамма нарсани бузиб юбориши керакми, дейди.Албатта, буларнинг барчаси ўзбек халқининг урфи одати, иззат нафси, дину дёнатига мутлақо зид бўлган гаплардир. Бу орқали халқимизнинг минг йиллар давомида сақлаб келаётган аёллик, қизлик иффатини оёқ ости қилишга уринишдир.Шунинг учун ҳам қизларимизнинг тўй маросимигача бегона йигит билан ўзаро алоқада бўлиши нисбатан камдир.Шуни таъкидлаш керак-ки, динимиз таълимотлари ва миллийлигимизга кўра йигит ҳамда қиз ўртасида никоҳдан кейин бошланадиган жинсий муносабатлар билан боғлиқ ҳолатлар, тафсилотлар жуда тор доирадаги инсонларгагина маълум қилинади. Бу ҳам ўзимизга хос миллий одоб-ахлоқ нормасидир. Шу нуқтаи назардан қараганда, бундай нозик масалалар ҳақида фильм суратга олиш, уни омма эътиборига ҳавола қилишнинг ўзи жиддий мулоҳаза, уят, андишани талаб қилади.Бевосита фильм сюжети ҳақида гап кетганда, аввало, уни ўзбек халқининг қадимий диний ва миллий қадриятларидан бири ¬– иффатлилик масаласини эскилик сарқити сифатида талқин этишга бўлган уриниш дейиш мумкин.Шунингдек, фильмда ўзбек тўй маросимлари билан боғлиқ айрим жиҳатлар қаттиқ танқид остига олинган. Жумладан, янгалар томонидан никоҳнинг илк кечаси куёвнинг чимилдиқдан чиқишини кутиши ва бокираликдан нишона берадиган чойшабларни йиғилганларга кўрсатиши ёввойилик элементи сифатида баҳоланган. Аслида эса, бу келин-куёвнинг муносабати ўзаро ишончга асосланганини кўрсатади.Фильмнинг иккинчи қисми ҳам исми кўрсатилмаган "мутахассис" аёл интервьюсидан бошланган ва унда қиз ва аёлларимизнинг ота-оналари ва турмуш ўртоқларининг изнисиз қарор қабул қилмаслиги гўёки, шахс ҳақ-ҳуқуқларининг поймол қилиниши сифатида баҳоланган. Шу билан бирга, аёл, юртимиздаги гинеколог мутахассисларни саводсизликда айблаш орқали уларни обрўсизлантиришга уринган.Кадрлар атайин эски ва кўримсиз жойларда суратга олинган. Бу ҳам, аслида фильм орқали ўзбек халқини қашшоқ ва маданиятсиз қилиб кўрсатиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар ифодасидир.Фильмда реал воқелик акс эттирилмаган. Никоҳ маросими, ундан сўнг бўлиб ўтадиган ҳолатлар ниҳоятда бўрттирилган, аксарият лавҳалар ҳаётий асосларга эга эмас. Бу, фильмнинг махсус буюртма асосида ишлангани ҳақида хулоса чиқариш имконини беради. Жумладан, ҳеч қайси рисоладаги ўзбек аёли камера нарида турсин, ҳатто ўз онаси олдида ҳам кийим алмаштирмайди.Умуман олганда, халқимиз ҳаётида иффат ўта нозик масалалар сирасига киради. Балоғатга етган йигит, қизнинг расмий никоҳ маросими ўтгунга қадар ўзаро жинсий алоқага киришиш нафақат, диний, балки миллий қадриятларимизга ҳам зиддир. Шунингдек, ҳар бир йигитнинг фақат бокира қиз билан турмуш қуриши мустаҳкам қоида ҳисобланади. Бу нафақат, унинг балки унга яқин бўлган барча инсонларнинг ҳам ҳоҳиш иродасидир. Сирасини айтганда, халқимизда жинсий ҳаёт фақат икки кишининг қарашлари, ёндашувлари устивор бўлган ўзаро ишонч ва меҳр-муҳаббатга асосланган макон ҳисобланади. Биз шунақамиз. Бизнинг табиатимиз шунақа. Ўзлигимиз асрлар давомида шаклланган ана шундай қадриятларга асосланади...Хуллас, бокиралигини қаерда йўқотганини билмайдиганлар у ҳақда гапирмасалар яхши бўларди.Бу билан мазкур ишнинг орқасида турган кучлар ислом динининг муқаддас қадриятларини, ҳамда ўзбек ҳалқининг асрлар мобайнида шаклланган миллий маданияти, анъана ва урф-одатларини йўқ қилиш орқали, инсон ҳуқуқларини чеклаш ниқоби остида, уларни аҳлоқсизликка, фохишабозликка даъват этмоқда. Бу орқали ҳалқнинг маънавияти ва диний эътиқодини йўқ қилиб ўзларининг "қадрятларини" жорий этишга ҳаракат қилишмоқда.