Ассалому алайкум! Устоз кўп савол бераётганим учун узур, сизнинг бундай хайирли ишларингизга Аллоҳ таоло улкан раҳмат ва савоблар билан жавоб қайтарсин. Саволим қуйидагича: Ҳозирги кунларда кўпчилик юртдошларимиз пул топиш мақсадида Россия ва чет элларга кетишмоқда, бола-чақалари бўлагани учун, у юртларда тўғри турар жойлари бўлмагани учун ва бошқа сабабларга кўра ўз айёлларини ўзлари билан олиб кетиш имконлари йўқ, шунинг учун кўпинча шаҳвоний нафсларини қондириш учун зино қилишмоқда ва уларнинг орқаларида қолган ёш келин-жувонларнинг ҳам зино қилишлари кўпайиб бормоқда. Шундай гуноҳи кабирани олдини олиш учун эр ва аёл узоғи билан бир-биридан неча ой мобайнида йироқда бўлиши мумкин?
– Ва алайкум ассалом! Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу халифалик вақтларида кечаси бировга билдирмасдан айланиб, одамларнинг ҳолларидан хабар олиб юриб, бир ҳовлида аёл кишининг ҳижрон ҳақида байт айтганини эшитиб қолибдилар. Суриштирсалар, у а±лнинг эри Ислом лашкарлари билан жиҳодга кетган экан. Сўнгра ҳазрати Умар одам юбориб, қизлари Ҳафса онамиздан: «Аёл киши эрсиз қанча сабр қилади?» деб сўрабдилар. У киши: «Тўрт ой», деб жавоб берибдилар. Буни билгандан кейин Ҳазрати Умар ҳеч кимни аскарликда тўрт ойдан кўп ушлаб турмасликка фармон берганлар.