1. Қуръони Каримдаги оятда сиз айтган жумла йўқ. Сиз айтган масала “Талоқ” сурасида келган. Аллоҳ таоло айтади:БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ.1. Эй Набий! Агар аёлларни талоқ қиладиган бўлсангиз, иддалари учун қилинг ва иддани ҳисобланг ва Алоҳдан қўрқинг. Уларни уйларидан чиқарманглар ва ўзлари ҳам чиқмасинлар, илло, очиқ-ойдин фоҳиша иш қилган бўлсалар (чиқарилурлар) ва ана шулар Аллоҳнинг чегараларидир. Ким Аллоҳнинг чегарасидан чиқса, ҳақиқатда ўзи ўзига зулм қилибди. Сен билмассан, шоядки Аллоҳ ундан кейин бирор ишни пайдо қилса.2. Ва улар муддатларига етсалар, яхшилик билан ушланглар, ёки яхшилик билан ажралинглар ва сиздан икки адолатли кишини гувоҳ қилинглар. Ва гувоҳликни Аллоҳ учун қилинглар. Бу ишингиздан, кимнинг Аллоҳга ва қиёмат кунига иймони бўлса, ваъзланур. Ким Аллоҳга тақво қилса, унинг йўлини очиб қўядир. 3. Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур. Ким Аллоҳга таваккал қилса, бас, унга У зотнинг Ўзи кифоядир. Албатта, Аллоҳ Ўз ишини етказувчидир. Ҳақиқатда, Аллоҳ ҳар бир нарсага ўлчов қилиб қўйгандир.Биринчи оятда эридан ажраган аёл идда ўтириши лозимлиги ҳақида ва яна иддага тегишли баъзи гаплар ҳақида сўз кетган эди. Ушбу икки оятда эса, идда тугагандан кейин нималар қилиш тўғрисида гап кетади.«Ва улар муддатларига етсалар, яхшилик билан ушланглар, ёки яхшилик билан ажралинглар ва сиздан икки адолатли кишини гувоҳ қилинглар».Ушбу жумладаги «Ва улар муддатларига етсалар» дегани-иддалари тугашига яқин қолса, деганидир. Мисол учун, бир аёл талоқ қилинади. У уч марта ҳайз кўриб, яна поклангунча муддатда идда ўтирмоғи лозим. Демак, учинчи поклик охирлаб қолганда эр ражъат қилиб қайтариб олса, оилавий ҳаётлари давом этиб кетаверади.«яхшилик билан ушланглар»,Лекин ушбу қайтариб олиш яхшилик билан, яъни, аёлга қаттиқ тегмасдан, таъна қилмасдан, турли зарарлар етказмасдан бўлиши зарур. Аксинча, узр сўраб, яхши гапириб, совғалар бериб ярашмоқ лозим.Агар худо кўрсатмасин, мабодо идда тугашига яқин қолганда ҳам ажралиш фикридан қайтмаган бўлса, унда ҳам яхшилик билан ажралиш керак. «ёки яхшилик билан ажралинглар»Тушунмаган кишилар ундай пайтда бир-бирларини дунёдаги барча ёмонликлар билан айблай бошлайдилар. Бунақа бўлмаслиги керак. Ўтган солиҳ аҳллардан бирлари ўз хотинларини талоқ қилганларида, кишилар нима айби учун бу аёл талоқ қилинганини сўрашибди. Шунда ҳалиги зот: «Нима учун айбини очишим керак? Агар қайта ярашиб кетсам, ўз хотинимни ёмонлаган бўламан, ярашмасам, бировнинг хотинини ёмонлаган бўламан», деган эканлар. Шариат бўйича, ажралаётган аёлга эр томонидан совғалар бериш ҳам жорий қилинган. Бу бошига мушкул тушган аёлнинг кўнглини кўтаради ва одамларда ҳам турли ёмон фикрлар туғилишидан қайтаради. Улар фалончи хотини билан яхшиликча, совғалар бериб ажрашибди, демак бошқа бир узрли сабабга кўра ажрашяптилар экан, дейишади. Исломда ҳар бир нарса, ҳатто ажралиш ҳам яхшилик билан амалга ошиши керак.Хотинга ражъат қилиб ярашадиган бўлса ҳам ёки бир йўла ажраб кетадиган бўлса ҳам, мусулмонлардан икки кишини гувоҳ қилиш керак. «ва сиздан икки адолатли кишини гувоҳ қилинглар».Аввало, адолатли шоҳидлар яхши амалли кишилар бўлади, улар доимо яхшиликни хоҳлайдилар, эр-хотиннинг ярашиб кетишига ҳаракат қиладилар. Энг муҳими-улар шак-шубҳа ва ҳар хил миш-мишларнинг олдини олишга керак бўлади. Мисол учун, биров талоқ ҳақидаги хабарни эшитган-у, яраш ҳақидагини эшитмаган бўлса, ҳар хил гумонларга бориши мумкин. Гувоҳлар ўша гумонларни кўтаради. Шунингдек, ҳақ-ҳуқуқларни аниқлашда ҳам ёрдам берадилар. Гувоҳлар адолатли бўлишини ҳам Аллоҳ таоло шарт қилиб қўймоқда. Яъни, улар комил мусулмон бўлиб, бирор ибодатни тарк қилмаган, динимиз ман қилган нарсаларга қўл урмаган, ҳеч ёлғон гапирмаган, тақводор кишилар бўлишлари шарт. Гувоҳлик катта масъулият, у кишиларнинг тақдирини белгилайди. Ким гувоҳлик берса, ҳушёр бўлиб, қасддан ёлғон гувоҳлик беришликдан холис бўлиши керак. Шунинг учун ҳам оятда:«Ва гувоҳликни Аллоҳ учун қилинглар», дейилмоқда. Оятнинг давомида Аллоҳга тақво қилишнинг фойдалари ҳақида сўз юритилади. Бу ишингиздан, кимнинг Аллоҳга ва қиёмат кунига иймони бўлса, ваъзланур. Ким Аллоҳга тақво қилса, У зот унинг йўлини очиб қўядир. Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур.Яъни, ким Аллоҳ буюрганини қилиб, қайтарганидан қайтса, бу дунё ва у дунёнинг қийинчиликларидан чиқадиган йўлни Аллоҳнинг Ўзи кўрсатиб қўяди. Тақводор шахснинг мушкулини доимо Аллоҳнинг Ўзи енгил қилиб туради. Шу билан бирга, унга ўзи ўйлаб хаёлига келмаган томондан ризқу рўз етказиб беради. Одатда, кишилар ризқу рўзим сероб бўлсин, деган мақсадда тақводан воз кечишади. Бу эса аксинча натижага олиб келади. Ушбу ояти кариманинг маъносидан келиб чиқадиган қоидага биноан, тақводорлик қийинчиликларнинг осонлашиши ва ризқнинг ўйламаган тарафдан келишига сабаб бўлади.Юқорида зикр этилган ишларда ҳийла-найранг кўп ишлатилади. Ҳийладан қўрқишнинг ўзи янги ҳийлага олиб боради. Шунинг учун Қуръони Карим мусулмонларни Аллоҳга таваккал қилишга ундаб,«Ким Аллоҳга таваккал қилса, бас, унга У зотнинг Ўзи кифоядир. Албатта, Аллоҳ Ўз ишини етказувчидир. Ҳақиқатда, Аллоҳ ҳар бир нарсага ўлчов қилиб қўйгандир», дейди. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу «Қуръондаги энг катта умидбахш оят, ушбу, «ва ман яттақиллаҳа яжъал лаҳу махражан ва арзуқҳу мин ҳайсу лаа яхтасиб» деган эканлар.Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбар алайҳиссалом: «Албатта, банда қилган гуноҳи туфайли ризқдан маҳрум бўлади. Қадарни дуодан ўзга ҳеч насра рад қила олмайди, умрни яхшиликдан ўзига ҳеч нарса зиёд қила олмайди», деганлар.«Ким Аллоҳга таваккал қилса, унга У зотнинг Ўзи кифоядир», жумласи тафсирига уламоларимиз қуйидаги ҳадисни келтирадилар. Пайғамбар алайҳиссалом Абдуллоҳ ибн Масъудга қилган насиҳатларида, жумладан: «...Ва билки, агар умматнинг барчаси йиғилиб сенга манфаат етказмоқчи бўлсалар ҳам, Аллоҳ сен учун тақдир қилиб қўйган нарсадан ўзга ҳеч бир нарса қила олмайдилар. Агар сенга зарар етказиш учун тўплансалар ҳам, Аллоҳ сен учун тақдир қилиб қўйган нарсадан ўзга ҳеч бир нарса қила олмайдилар» деганлар.Шийъа мазҳабида гувоҳликни талоққа деб тушинишган. Аҳли суннада қайта ярашишга деб тушинилган.2. Бунда талоқни келажакда бирор ишнинг содир бўлишига боғланган бўлади. Мазкур боғлаш агар, қачонки, вақтики каби шартни ифода қилувчи лафзлар билан бўлади.Талоқни боғланган иш ихтиёрий иш бўлиб уни эрга нисбати берилган бўлиши мумкин. Мисол учун, гар фалон ишни қилсам, хотиним талоқ бўлсин каби. Ихтиёрий иш хотинга боғланган бўлиши ҳам мумкин. Мисол учун, агар фалон ишни қилсанг, талоқсан каби. Ёки ихтиёрий иш учинчи шахсга боғланган бўлиши ҳам мумкин. Мисол учун, агар отанг фалон гапни айтса, талоқсан каби. Талоқ боғланган иш ғайри ихтиёрий бўлиши ҳам мумкин. Қуёш чиқиши, бировнинг ўлиши, ойнинг бошланиши каби.Мазкур ҳолатларнинг барчасида боғланган иш содир бўлиши билан талоқ тушади.