Аслида тенглик динга қараб бўлади. Мусулмонларнинг барчаси бир бирларига тенгдирлар.Абу Ҳинд розияллоҳу анҳунинг исмлари Ясор бўлиб, Бани Баёза қабиласида қул бўлган эди. Касби қон олиш эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унга бошларидан қон олдирганлар. Шу билан бирга Абу Ҳинднинг хожалари Бани Баёзликларга у билан қиз бериб, қиз олиш, қуда-анда бўлишни маслаҳат берганлар. Фотима бинти Қайс розияллоҳу анҳо Қурайш қабиласидан бўлса ҳам Усома ибн Зайд, асли қул бўлган кишига текканлар. Бу иш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маслаҳатлари билан бўлган. Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳунинг сингиллари Билол ибн Рабоҳ розияллоҳу анҳу билан турмуш қурганлар.Аммо жумҳури уламолар никоҳдаги кафоҳат – тенгликка диндан бошқа, никоҳ айбларидан саломат бўлиш, ҳуррият, насаб ва синоатга ўхшаш нарсаларни ҳам қўшадилар. Чунки, одатда ушбу омилларга эҳтибор бермаслик кўпгина оиланинг бузилишига сабаб бўлади. Лекин тарафлар рози бўлса, никоҳ жоиз бўлаверади. Агар сиз айтган ҳолат юзага келса, ажраш қозининг ҳузурида бўлади ва талоқ ҳисобланмайди. Яҳни, қариндошлар қозига арз қиладилар ва қози ишни кўриб лозим топган ҳукмни чиқаради.