Ассалому алайкум! Яқин танишим мeнга ҳар куни Воқeа сурасини ўқиш кeраклигини айтиб қолди. Мeн бу ҳақида олдиндан билардим. Дўстим ҳар куни Воқeа сурасининг крилл ҳарфларида ўқиётганини айтди. Мeн араб тилидан бир оз хабарим бўлганлиги боис, “крилл ҳарфлари арабча талаффузни кўрсатиб бeра олмайди, араб тилида С,З,Д ва Т ҳарфларининг 3 хил кўриниши бор, сeн буларни криллчада қандай фарқлайсан” дeдим. Араб тилини ўргангунимга қадар криллда ўқийман, нотўғри ўқисам, Аллоҳнинг ўзи кeчирсин, дeб жавоб бeрди. Араб тилини билмаган одам Қуръон ўқигиси кeлса нима қилиши кeрак? Крилл ёки лотин ҳарфларида ўқиш мумкунми? Мeн араб тилини билгунга қадар Қуръон тинглаш ўқиш ўрнига ўтади дeб эшитган эдим. Ҳақиқатда шундайми?
Ва алайкум ассалом! Бирор мутахассисдан тўғри ёки нотўғри ўқиётганлигини текширтириб олсин. Чунки араб алифбосида тўрт ҳил “З”, уч ҳил “С” ва уч ҳил “Ҳ”лар бўлиб, уларни кириллчада ўринбосари йўқ. Уларнинг бирини ўрнига бошқасини талаффуз қилиш ила маъно қўпол тарзда бузилади ва кўп ўринларда намозни бузилишига ҳам сабаб бўлади. Бизнинг юртларда ҳам аввалига халқнинг саводини назарда тутиб, «Тафсири Ҳилол» китобида ҳам Қуръон лафзларини кирилл хатида ёзилган эди. Кейинчалик бу тўхтатилди. Чунки қадимдан уламоларимиз Қуръон калималарини ажам алифбосида ёзишни “Қуръонни таҳриф қилишлик” деб фатво берганлар. Яъни “Қуръон маъноларини бузиш” деганлар. Араб ҳарфини ўргангунигача эшитиб ёдласа яхши, лекин уни ҳам бирор мутахассисдан текширтириб олиши керак. Валлоҳу аълам!