Ассалому алайкум Шайх жаноблари, сизга хурматимни билдирган ҳолда қуйидаги саволларни бермоқчиман.1. Қуръони Каримда Аллоҳ Таоло ва Иблис алайҳилаъна ўрталарида бўлган воқеа такрор келади. Шунингдек, Мусо алайҳиссаломни Туво водийсида Аллоҳ Таоло билан мулоқоти қайта-қайта такрорланади ва яна Мусо алайҳиссалом аҳллари билан Мадяндан Мисрга кетаётганда йўлдан адашганлари ва узоқда олов кўрганлари қиссаси агар янглишмасам Каламуллоҳни 2 та жойида учрайди. Саволим шуки юқоридаги оятларни мазмуни бир хил бўлса ҳам лекин сўзма-сўз турли жойларда фарқланишлар бор. Буни сабаби нимада ? 2. Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васалламдан келган баъзи ҳадисларда ҳам маъно бир ҳил бўлса ҳам лекин сўзларда фарқланишлар бор. Яъни бир ровий бир ҳадисни айтса, бошқа ровий шу ҳадисни сўзма-сўз эмас, балки баъзи сўзларни бошқачароқ қилиб айтади ёки аввалги ровийни ҳадисида келмаган баъзи қўшимча сўзлар бўлади. Бу нарсани ҳатто бир хил ровий келтирган ҳадисларда ҳам кўриш мумкин. Шуни сабаби нимада?3. Сунани Термизийни ўқиётганимда бир нарсага диққат қилдим. Имом Термизий бир ҳадисни келтирадилар ва шу ҳадисдан кейин изоҳ сифатида ёзадиларки, фалон уламо бу ҳадисни олган, бошқалари олмаган, яъни хаётга татбиқ этмаган деб. Буни қандоқ тушуниш мумкин? Бу саволлар албатта менинг илмим саёзлиги сабабли келиб чиқди. Шу саволларимга вақт ажратиб жавоб беришингизни илтимос қилмоқчи эдим. Ҳақ Таоло ажрингизни берсин!
– Ва алайкум ассалом! 1. Қуръони Каримда қиссалар турли жойларда ва турли муносабатлар билан келади. Ўрнига ва мавъзуига қараб, қисса ҳам ўзгариб туради. Баъзиларга такрор бўлиб туюлган қиссалар, аслида, ҳар жойда алоҳида ўзгача маъно билдиради ва турли мақсадларда ишлатилади.
Пайғамбарлар қиссаси иймон йўлидаги тинимсиз курашнинг узоқ йўлини акс эттирувчи баёнотдир. Ўтганлар ҳаётида иймон учун кураш қандай борганини, оқибат нима бўлганини билиш келажак авлод учун ибрат бобида ниҳоятда муҳимдир. Шу боисдан ҳам Аллоҳ таоло Пайғамбарлар қиссаларига алоҳида эътибор беради ва қуръони Каримда улардан йигирма бешталарининг қиссаларини келтиради. Қуръони Каримнинг васфи, такрорланган китобдир:
«Аллоҳ энг гўзал сўзни ўхшаш ва такрорланган китоб этиб туширар».
Қуръони Карим энг гўзал сўздир. Унинг оятлари гўзалликда, пурмаъноликда, ҳикматда, тўғриликда ва ҳукмда бир-бирига ўхшашдир. «Такрорланадиган» бўлиши эса, ҳукмлари такрор-такрор келади, ҳикматлари такрор-таркор келади, ваъзлари, огоҳлантиришлари, ваъдаю таҳдидлари ҳам такрор-такрор келади. Шунингдек, суралари, оятлари такрор-такрор ўқилади, ёд олинади, ўрганилади.
Қуръони Каримдаги такрорнинг яна бир боиси ушбу оятнинг кўп такрорланишини ўрганиш орқали англанади.Ўшал кунда ёлғонга чиқарувчиларга вайл бўлсин?
«Вайл» бу оятда «ҳолига вой» бўлсин деган маънони англатади.
Ушбу ояти карима «Мурсалат» сурасида ўн марта такрорланган. Бу усул араб тилининг фасоҳати ва балоғати нуқтаи назарида юқори даражали усул ҳисобланади. Чунки у бежизга ўн марта такрорланмаган. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ўзининг маҳбуб Пайғамбари Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга ушбу «Мурсалат» сурасини нозил қилар экан, зора кофирлар иймонга келсалар, деган мақсадда улардан олдин ўтган қавмлар ҳолатини эслатади. Инсонни бир томчи ҳаром сувдан, яъни нутфадан яратилганлигига ишора қилади. Ҳаммани она қорнида зарарсиз сақланадиган қилдик дейди. Ернинг яратилишига, бу мағрур тоғларнинг, улардаги зилол булоқ сувларининг ризқ учун бериб қўйилганлигига ишора қилади. Хуллас, суранинг охирги оятигача ўз қудратини қайта-қайта мисоллар билан эслатаверади.Зора кофир бандаларим иймонга келса, зора маҳбубимнинг даъватлари бекор кетмаса... Бу ношукр бандалар шунда ҳам Аллоҳнинг ягоналигини, қиёмат кунининг муҳаррарлигини инкор қилади. Парвардигор уларнинг нақадар тубанликка юз тутганлигидан ғазабланиб, энди улар ҳолига «вайл бўлсин», «вайл бўлсин» дея хитоб қилади. Бу хитоб сураи карима охиригача қаттиқ бир оҳонглаштириш бўлиб янграйверади, янграйверади...
2. Бундай бўлишининг бир неча сабаблари бор:
Аввало Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам бир ҳалисни бир неча мажлис ва муносабатларда айтганлар ва ораларида сиз мулоҳаза қилганга ўхшаш фарқлар бўлган бўлиши мумкин.
Ровийлар ҳам ўзларига етганини айтишган. Мисол учун узоқроқда ўтирган ровий сўзларни тўлиқ эшитмаган бўлиши мумкин.
Бир саҳобийнинг ривоятида фарқ бўлиши, бир марта айни сўзлари айтган бўлсалар, иккинчи мартада керак жойини ёки ўтирганларга тушунарли бўлиши учун гапирган бўлишлари мумкин ва ҳоказо.
3. Имом Термизийнинг китоблари «Сунан» китоблар жумласига киради. «Сунан» номи билан шуҳрат топган ҳадис китобларда ҳадислар фиқҳ боблари асосида келтирилади. Мисол учун “Таҳорат китоби”га таҳоратга тегишли ҳадислар жамланган. “Китобус солат”да эса намозга тегишли ҳадислар келтирилади ва ҳаказо.
Мазкур услубдаги китобларнинг энг машҳурлари, Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Насаий ва Имом Ибн Можаларнинг “Сунан” китобларидир. Шунинг учун у киши баъзи сиз айтиб ўтган гапларга ўхшаш ибораларни ўзлари қўшганлар. Имом Термизийнинг ҳадисларнинг мартабаларини ҳасан, саҳиҳ ёки бошқача дея атиш одатлари ҳам машҳур.