Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Дарсликдан

15:36 / 14.05.2017 | Maftuna | 4910

Ассалому алайкум! Мен дарсликдаги Хоразмийнинг «Мухаббатнома» асарида «Хорут» номли фаришта ҳақида ўқиб қолдим. Айтилишича у ердаги аёлга ошиқ бўлиб Аллоҳ ғазабига учраган фаришта экан. Шу ҳақида қандай малумотлар мавжуд? Жавоб учун раҳмат. Аллоҳ сизлардан рози бўлсин!


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Сиз келтирган гапни билмаймиз. Бу борада Аллоҳ таоло “Бақара” сурасида марҳамат қилади :

وَاتَّبَعُواْ مَا تَتْلُواْ الشَّيَاطِينُ عَلَى مُلْكِ سُلَيْمَانَ وَمَا كَفَرَ سُلَيْمَانُ وَلَكِنَّ الشَّيْاطِينَ كَفَرُواْ يُعَلِّمُونَ النَّاسَ السِّحْرَ وَمَا أُنزِلَ عَلَى الْمَلَكَيْنِ بِبَابِلَ هَارُوتَ وَمَارُوتَ وَمَا يُعَلِّمَانِ مِنْ أَحَدٍ حَتَّى يَقُولاَ إِنَّمَا نَحْنُ فِتْنَةٌ فَلاَ تَكْفُرْ فَيَتَعَلَّمُونَ مِنْهُمَا مَا يُفَرِّقُونَ بِهِ بَيْنَ الْمَرْءِ وَزَوْجِهِ وَمَا هُم بِضَآرِّينَ بِهِ مِنْ أَحَدٍ إِلاَّ بِإِذْنِ اللّهِ وَيَتَعَلَّمُونَ مَا يَضُرُّهُمْ وَلاَ يَنفَعُهُمْ وَلَقَدْ عَلِمُواْ لَمَنِ اشْتَرَاهُ مَا لَهُ فِي الآخِرَةِ مِنْ خَلاَقٍ وَلَبِئْسَ مَا شَرَوْاْ بِهِ أَنفُسَهُمْ لَوْ كَانُواْ يَعْلَمُونَ۝

102. Ва Сулаймон подшолигида шайтонлар тиловат қилган нарсага эргашдилар. Сулаймон куфр келтиргани йўқ. Лекин шайтонлар одамларга сеҳрни ўргатиб, кофир бўлдилар. Ва Бобилда икки фаришта – Ҳорут ва Морутга нозил қилинган нарсага эргашдилар. Икковлари токи: «Биз синовмиз холос, кофир бўлмагин», демасдан олдин ҳеч кимга ўргатмас эдилар. Бас, икковларидан эр-хотиннинг ўртасини бузадиган нарсани ўрганишар эди. Ва улар у ила Аллоҳнинг изнисиз бирор кишига зарар етказувчи эмасдилар. Ва зарар келтирадиган, фойда келтирмайдиган нарсани ўрганурлар. Ва батаҳқиқ, биладиларки, уни сотиб олган кишига охиратда насиба йўқ. Агар билсалар, ўзларини сотган нарса қандай ҳам ёмон! Демак, яҳудийлар Аллоҳнинг китобини худди билмагандек, ортларига ирғитиб юбориб, Сулаймон алайҳиссаломнинг подшоликлари ҳақида шайтонлар айтиб юрадиган нарсага эргашиб кетдилар. Маълумки, Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломга ҳам пайғамбарлик, ҳам подшоликни берган эди. Шу билан бирга, у кишига бутун ҳайвонларнинг тилини ўргатиб, жинларни хизматларида ҳозиру нозир қилиб қўйган эди. Бу илоҳий мўъжизалар у кишининг пайғамбар эканликларини тасдиқлаш учун берилган эди. Мазкур мўъжизалар ҳақидаги оятлар бошқа жойларда келган, ўз ўрнида алоҳида ўрганилади. Ҳозир уларнинг мавзуга алоқадор томони шуки, Аллоҳ Сулаймон алайҳиссаломга берган мазкур мўъжизаларни кўриб, одамлардан баъзилари иймонга келди, иймонлиларнинг иймонлари мустаҳкамланди. Аммо кофирлар, душманлар ва шайтонлар «Сулаймон сеҳргар, у ўз сеҳрининг кучи билан турли ҳайвонлар ила муносабатда бўлмоқда, жинларни ишлатмоқда», деган гапларни тарқатишди. Бундай миш-мишни тарқатишда яҳудийлар қавми айниқса, жонбозлик кўрсатган эди. Шунда Аллоҳ таоло пайғамбарларга берган мўъжизалар билан сеҳрнинг фарқини амалий суратда кўрсатиш учун Бобилга Ҳорут ва Морутни юборди. Улар хоҳлаганларга сеҳр ўргатиш билан вазифаланган эдилар. Аммо сеҳр ўргангани келганларга аввал: «Биз синовмиз холос, кофир бўлмагин», демасдан олдин ҳеч кимга ўргатмас эдилар». Яъни «Биз фитна учун, одамларни синаш учун юборилганмиз. Сеҳрни ўрганган кофир бўлади, сен ҳам уни ўрганиб, кофир бўлма» деган маънода огоҳлантиришар эди. Келган одам бу гаплардан кейин қайтиб кетса, кетди, кетмаса, кофир бўлишини билиб туриб ҳам «Ўрганавераман», деса, ўргатишар эди. Мана шунинг ўзидан пайғамбарлик мўъжизаси билан сеҳр ўртасидаги энг катта фарқ намоён бўлади. Пайғамбарлик мўъжизаси илоҳий неъмат бўлиб, фақат Аллоҳ томонидан берилади. Сеҳр эса ўргатувчидан ўрганса бўладиган, ёмонликка ишлатиладиган бир нарсадир. Шундай қилиб, мўъжиза нима-ю, сеҳр нима – кишиларга амалда кўрсатилган экан. Ушбу ояти карима мазкур масалани муолажа қилар экан, «Сулаймон сеҳргар бўлган», деган даъвога «Сулаймон куфр келтиргани йўқ», деган жавоб келмоқда. Шундан англашиладики, сеҳр куфрга тенглаштирилмоқда. Бу маънони «Лекин шайтонлар одамларга сеҳрни ўргатиб, кофир бўлдилар», деган жумла янада таъкидламоқда. Бу ишлар Бобил номли юртда бўлгани ҳам айтилмоқда, Ҳорут ва Морут исмлари ҳам зикр қилинмоқда: «Ва Бобилда икки фаришта – Ҳорут ва Морутга нозил қилинган нарсага эргашдилар». Ҳорут ва Морутларнинг кимлиги тўғрисида тафсирчилар турли фикрларни айтганлар. Лекин уламоларимиз бу фикрларнинг ҳаммаси ҳам ишончли манбага асосланмаганлигини алоҳида таъкидлаганлар. Шунинг учун оятдаги иборалар эътиборга олинадиган бўлса, бу икки исм эгалари фаришта бўлган», деб айтганларнинг фикрлари қувватлироқ чиққан. Аллоҳ таоло инсонларни хоҳлаган усулда, хоҳлаган воситалар билан синаб кўради, бунинг ҳеч ажабланадиган жойи йўқ. Кофирликни ҳам бўйнига олиб, сеҳрни ўрганганлар бу сеҳрларини нимага ишлатишади? «Бас, икковларидан эр-хотиннинг ўртасини бузадиган нарсани ўрганишар эди». Демак, улар сеҳрни яхшилик учун ўрганмас эканлар. Улар сеҳрни ёмон нарсага ишлатишар экан. Аммо: «…улар у ила Аллоҳнинг изнисиз бирор кишига зарар етказувчи эмасдилар». Ушбу жумлада дунёдаги ишларнинг бориши ҳақидаги исломий тасаввур ўз аксини топган. Яъни дунёда нима иш содир бўлса, барчаси Аллоҳнинг изни билан содир бўлади. Тўғри, Аллоҳ ҳар бир ишнинг юзага чиқиши учун сабабларнинг вужудга келишини шарт қилган. Аммо ўша сабаблар ҳам Аллоҳнинг изни билан таъсир қилади. Илми калом уламолари бу маънони тушунтириш учун оловни мисол қиладилар. Оловни пахтага тутсанг, пахта куяди. У оловдаги куйдириш хусусияти туфайли куядими ёки ўзидаги куйишга бўлган қобилият туфайли куядими? Чунки оловда куймайдиган нарсалар ҳам бор-ку. Хулласи калом, ҳаммаси Аллоҳнинг изни билан бўлади. Агар Аллоҳ таоло хоҳласа, оловдан куйдириш хусусиятини олиб қўяди. У Зот куйдиришга изн бермаса, олов ҳеч нарсани куйдира олмайди. Мисол учун, Иброҳим алайҳиссаломни мушриклар катта гулханга ташлаганларида, Аллоҳ таолонинг амри ила у олов Иброҳим пайғамбарни куйдирмаган. Шунингдек, сеҳргарлар ҳам сеҳрни қилишаверади. Аммо Аллоҳнинг изни бўлмаса, ҳеч кимга зарар етказа олмайдилар. Ояти каримадаги «Ва зарар келтирадиган, фойда келтирмайдиган нарсани ўрганурлар» жумласи сеҳрнинг фақат зарарли нарса эканини тасдиқлайди. Бу эса яҳудийларнинг сеҳрни мақтаб айтадиган гапларига раддиядир. Шу билан бирга, сеҳрни ўрганган, уни ёмонликка ишлатганларга охиратда ҳеч қандай насиба қолмайди. «Ва батаҳқиқ, биладиларки, уни сотиб олган кишига охиратда насиба йўқ». Буни уларнинг ўзлари ҳам яхши биладилар. Сеҳр тўғрисидаги ушбу ояти карима ва бошқа унга тегишли матнлар асосида уламолар узоқ тортишганлар. Ҳатто алоҳида китоб ёзганлар ҳам бор. Бу тортишувлар «Сеҳр нима? Унинг ҳақиқати ҳақида нима деймиз? Сеҳрда нарсаларнинг табиати ўзгарадими ёки одамларнинг кўзига кўриниш ўзгариб, ўзи асл ҳолида қоладими?» каби масалалар устида бўлган. Аммо сеҳр ёмон нарса экани, мусулмон одам учун уни ўрганиш мумкин эмаслиги ҳақида ихтилоф йўқ. Тажриба шуни кўрсатадики, баъзи одамларда ғайриоддий хусусиятлар бўлади. Айниқса, ҳозирги кунда телепатия, магнит уйқуси, экстрасенс ва бошқа хусусиятлар ҳақида шов-шувлар кўпайган. Аммо илмий асосдаги аниқ хулоса йўқ. Баъзи шахсларда бошқа кишиларга таъсир ўтказиш хусусияти борлиги аниқ. Сеҳр ҳам ана шу нарсаларга ўхшаш бир ҳолат бўлиши мумкин. Ўша хусусият билан таъсир ўтказиб, эр билан хотинни ажратиб юбориш мумкиндир. Лекин бундай ишларнинг барчаси Аллоҳнинг изни билан бўлишини унутмаслик керак. Ояти кариманинг охирида уларнинг қилмишларига муносиб баҳо берилади. «Агар билсалар, ўзларини сотган нарса қандай ҳам ёмон!» ("Тафсири ҳилол" китобидан).  Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat