Ва алайкум ассалом! Шаҳват Аллоҳ таоло тарафидан инсоннинг табиатига жойлаштирилган қувват бўлиб, ўша нарса инсонни ҳаракатга келтиради. У бўлмаса инсон жонсиз нарсадек бўлиб қолади. Уни нафс деб ҳам айтилади. Унинг мисоли машойихлар таърифига кўра ёввойи отга ўхшайди. Уни қўлга олиб, жиловлаб, тўғри мақсадларда фойдаланилса инсон камол топади ва роббисининг розилигига эришади. Арабларда “Нафсинг сени маркаб(улов)инг ҳисобланади. Мақсадинга етиштиради” деган бир мақол бор. Яъни кимда бу нарса қанчалик даражада кучли бўлса, жиловлаб тўғри йўлга солинса тезроқ мақсадига етиштиради. Масалан ғазаби кучли инсон ғазабини юта олса Аллоҳ таоло Ўзининг энг муқарраб бандаларини сифатлаб “аччиғини ютадиганлар ва одамларни афв қиладиганлардир. Аллоҳ яхшилик қилувчиларни севадир” деган даражага эришади. Уни жиловлай олмаслик ва унинг ортидан юриш инсонни ҳалокатга ташлайди. Чунки нафснинг одати ҳаром нарсаларга кўпроқ мойил бўлади. Валлоҳу аълам!