Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Сўнгги нозил бўлган оят

18:51 / 16.07.2017 | 18544

Ассалому алайкум! Қуръони каримнинг сўнгги нозил бўлган ояти қайси?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан энг охирги нозил бўлган оят ҳақида саҳиҳ ривоят йўқ.

СЎНГГИ НОЗИЛ БЎЛГАН ОЯТ

Қуръони Каримнинг энг сўнгги нозил бўлган ояти ҳақидаги ривоятлар анчагина бор. Лекин уларнинг ҳеч бирида охирги оят ҳақидаги сўз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб бормайди. Шунинг учун уламолар уларнинг барчасини ижтиҳод билан айтилган гаплар, дейишади. Қуръони Каримнинг энг сўнгги нозил бўлган ояти ҳақидаги қавл ва ривоятлардан баъзиларини келтирамиз. 1. Имом Бухорий Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан, Байҳақий Умар розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда Қуръони Каримнинг энг сўнгги нозил бўлган ояти Бақара сурасидаги қуйидаги оят экани айтилади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ اتَّقُواْ اللّهَ وَذَرُواْ مَا بَقِيَ مِنَ الرِّبَا إِن كُنتُم مُّؤْمِنِينَ۝

Эй иймон келтирганлар! Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга тақво қилинг ва рибонинг сарқитини ҳам ташланг  (278-оят). Аммо муҳаққиқ уламолар бу оят Қуръони Каримнинг энг сўнгги нозил бўлган ояти эмаслигини, балки рибо ҳақида нозил бўлган оятларнинг охиргиси эканини таъкидлайдилар. 2. Саъид ибн Мусайяб ва Ибн Шиҳоб раҳматуллоҳи алайҳилардан келтирилган ривоятларда:  Қуръони Каримнинг энг сўнгги нозил бўлган ояти  дайн  оятидир , дейилган. Бу оят Бақара сурасидаги оят бўлиб, у Қуръони Каримдаги энг узун оят ҳамдир. Мазкур оят Аллоҳ таолонинг қуйидаги қавли ила бошланади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ إِذَا تَدَايَنتُم بِدَيْنٍ إِلَى أَجَلٍ مُّسَمًّى فَاكْتُبُوهُ

Эй иймон келтирганлар! Маълум муддатга қарз олди-берди қилган вақтингизда уни ёзиб қўйинг  (282-оят). Аммо уламоларнинг кўпчилиги бу қавлни ҳам қабул қилмаганлар. 3. Ибн Мардавайҳ Умму Салама розияллоҳу анҳодан келтирган ривоятда айтилишича, Қуръони каримнинг энг сўнгги нозил бўлган ояти Оли Имрон сурасидаги қуйидаги оятдир:

فَاسْتَجَابَ لَهُمْ رَبُّهُمْ أَنِّي لاَ أُضِيعُ عَمَلَ عَامِلٍ مِّنكُم مِّن ذَكَرٍ أَوْ أُنثَى بَعْضُكُم مِّن بَعْضٍ فَالَّذِينَ هَاجَرُواْ وَأُخْرِجُواْ مِن دِيَارِهِمْ وَأُوذُواْ فِي سَبِيلِي وَقَاتَلُواْ وَقُتِلُواْ لأُكَفِّرَنَّ عَنْهُمْ سَيِّئَاتِهِمْ وَلأُدْخِلَنَّهُمْ جَنَّاتٍ تَجْرِي مِن تَحْتِهَا الأَنْهَارُ ثَوَابًا مِّن عِندِ اللّهِ وَاللّهُ عِندَهُ حُسْنُ الثَّوَابِ۝

Робблари уларга:  Мен сизлардан эркагу аёл амал қилувчининг амалини зое қилмасман. Баъзингиз баъзингиздансиз. Ҳижрат қилган, диёрларидан чиқарилган, Менинг йўлимда азият чеккан, жанг қилган ва қатл этилганларнинг ёмонликларини ўчиргайман ҳамда уларни албатта остларидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритгайман, Аллоҳ ҳузуридан савоб ўлароқ , дея ижобат қилди. Ва Аллоҳ ҳузурида гўзал савоб бўлган Зотдир  (195-оят). Бу қавлнинг раддияси унинг ҳужжати ўлароқ келтирилган ривоятнинг ўзидадир. Унда айтилишича, ушбу оят Умму Салама розияллоҳу анҳонинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга берган  Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳнинг эркакларни зикр қилиб, аёлларни зикр қилмаганини кўрмоқдаман?  деган сўроқларига жавоб ўлароқ нозил бўлган уч оятнинг сўнггисидир. Қуръони Каримнинг сўнгги нозил бўлган ояти эмас. 4. Имом Муслим Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда айтилишича, охирги нозил бўлган сура Наср сурасидир. Аммо уламолар:  Бу охирги нозил бўлган сурадир, охирги нозил бўлган оят эмас. Сура Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларига ишора бўлиб тушган оятларнинг охиргиси, умумий Қуръони Карим оятларидан охирги нозил бўлгани эмас , дейдилар. 5. Ноилмий доираларда Қуръони Каримнинг барча оятлари ичида энг сўнгги нозил бўлгани Моида сурасининг учинчи ояти бўлса керак, деган гумон бор. Улар оятнинг қуйидаги қисмидан шу хулосани чиқарганлар:

الْيَوْمَ أَكْمَلْتُ لَكُمْ دِينَكُمْ وَأَتْمَمْتُ عَلَيْكُمْ نِعْمَتِي وَرَضِيتُ لَكُمُ الإِسْلاَمَ دِينًا

Бу кун сизга динингизни мукаммал қилиб бердим. Сизга неъматимни батамом қилдим. Ва сизга Исломни дин деб рози бўлдим. Бу оят Қуръони Каримнинг охирги тушган оятларидан бири ҳисобланади. Ояти карима Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг видолашув ҳажларида нозил бўлган. Ушбу ояти карима нозил бўлганда, ҳамма саҳобалар:  Динимиз мукаммал бўлди, Аллоҳ бизга неъматини батамом қилиб берди, Исломни дин деб рози бўлди , деб чексиз қувондилар. Аммо ҳассос қалбли инсон, буюк идрок ва ақл соҳиби Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу йиғлай бошладилар. Бу ҳолни кўрган саҳобалар ташвишга тушдилар ва:  Сенга нима бўлди, эй Умар, нечун йиғламоқдасан?  деб сўрадилар. Шунда ҳазрати Умар:  Ҳар бир нарса мукаммал бўлганидан сўнг унга нуқсон етиш бошланади. Мен бу оятни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларининг яқинлашганига белги деб билмоқдаман , дедилар. Ушбу зикр қилинган омилларга биноан, Улуми Қуръон илмидан бехабар бўлган кимсалар мазкур оятни Қуръони Каримнинг охирги нозил бўлган оятидир, дея тахмин қилишади. Аммо бу гап тўғри эмас. Чунки ушбу оят нозил бўлганидан кейин яна бошқа оят нозил бўлганини илмли кишилар яхши биладилар. Бу кун сизга динингизни мукаммал қилиб бердим  ояти нозил бўлганидан кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саксон бир кун яшаганликлари ҳам ишончли манбаларда қайд этилган. 6. Қуръони Каримнинг охирги нозил бўлган ояти Бақара сурасидаги қуйидаги оятдир:

وَاتَّقُواْ يَوْمًا تُرْجَعُونَ فِيهِ إِلَى اللّهِ ثُمَّ تُوَفَّى كُلُّ نَفْسٍ مَّا كَسَبَتْ وَهُمْ لاَ يُظْلَمُونَ۝

Ўзингиз Аллоҳга қайтариладиган Кундан қўрқинг. Сўнгра ҳар бир жон касб қилган нарсасини тўлиқ олур. Уларга зулм қилинмас  (281-оят). Қуръон илмлари билан шуғулланган уламолар ушбу ояти карима Аллоҳ нозил қилган оятлар ичида энг охирги оят эканини баён қилганлар. Ибн Журайжнинг айтишларича, Набий алайҳиссалом ушбу ояти карима нозил бўлганидан сўнг тўққиз кун яшаганлар, холос. (“Қуръон илмлари” китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat