Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Мукаррам фаришталар

08:46 / 31.07.2017 | Хасанбой | 9855

Ассалому алайкум! Ҳурматлик устозлар, мукаррам фаришталар қандай фаришталар? Уларни фаришталар ичида юқорилари ҳисобланиши жоизми?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Уларнинг Аллоҳ таолонинг ҳузурида мукаррам эканликларини Аллоҳ Ўзи Қуръон каримда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг муборак ҳадис шарифларида зикр қилиб ўтганлар. Аллоҳ таоло “Таквир” сурасида Жаброил алайҳиссалом ҳақларида марҳамат қилади:

ذِي قُوَّةٍ عِندَ ذِي الْعَرْشِ مَكِينٍ۝ مُطَاعٍ ثَمَّ أَمِينٍ۝

20. У қувватли, Аршнинг эгаси ҳузурида мартабаси олийдир. 21. Итоат қилинадиган, омонатлидир. Яъни Жаброил алайҳиссаломга барча ўзига хос фаришталар итоат қиладилар. Улар унга итоат қилишдан заррача ҳам бўйин товламайдилар. У бўлса ваҳийни омонат билан етказади, хиёнат қилмайди. Демак, Жаброил алайҳиссаломда Қуръонни турли нуқсонлардан сақлаш учун керак бўлган барча сифатлар мавжуд. Унинг ўзига итоат қиладиган хизматчилари – ёрдамчилари ҳам бор. Ўша ёрдамчилар унинг итоатидан ҳеч чиқмайдилар. Улар Қуръонга тегишли хизматларни олиймақом этиб адо этадилар. Энг муҳими, Жаброил алайҳиссаломнинг ўзи омонатли, ишончли. Ул зот «амийнул ваҳий» номини олган эдилар. Аллоҳ таоло Жаброил алайҳиссаломни Ўз ваҳийсига амийн – ишончли шахс қилиб олган. Жаброил алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг барча пайғамбарларига ваҳийни омонат билан етказиб келаётган фариштадир. Ундан ҳеч бир хиёнат содир бўлмаган ва бўлиши мумкин ҳам эмас. Шунинг учун ҳам Қуръон ҳақида заррача шубҳа қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ! “Бақара” сурасида:

مَن كَانَ عَدُوًّا لِّلّهِ وَمَلآئِكَتِهِ وَرُسُلِهِ وَجِبْرِيلَ وَمِيكَالَ فَإِنَّ اللّهَ عَدُوٌّ لِّلْكَافِرِينَ۝

98. Ким Аллоҳга, Унинг фаришталарига, расулларига, Жаброилга ва Микоилга душман бўлса, албатта, Аллоҳ кофирларнинг душманидир. “Абаса” сурасида:

بِأَيْدِي سَفَرَةٍ۝كِرَامٍ بَرَرَةٍ۝

15. Элчиларнинг қўлларидадир – 16. ҳурматланган ва ўта яхшиларнинг. Ҳа, Қуръони Карим оятлари «сафара» – элчи фаришталар қўлидадир. У элчи фаришталарнинг сифатлари – улар ҳурматланган ва ўта яхшидирлар. Улар, аввало, фариштадирлар. Фаришталар Аллоҳнинг амридан заррача ҳам четга чиқмайдиган, ўзларига берилган амрни сўзсиз ва бекаму кўст бажарадиган зотлардир. Шунинг учун ҳам Қуръони Карим оятларини нақл ва муҳофаза қилишларида ҳеч қандай шак-шубҳа бўлиши мумкин эмас. Иккинчидан, мазкур фаришталар оддий фаришта эмас, элчи фаришталардир. Элчилик сифатлари ҳам уларнинг Қуръони Карим оятларини муҳофаза қилишда ва нақл этишда яна ҳам аниқлик билан, яна ҳам эҳтиёткорлик билан, яна ҳам омонат билан ҳаракат қилишларини таъминлайди. Учинчидан, мазкур фаришталар Аллоҳ таолонинг ҳузурида алоҳида «ҳурматланган» фаришталардир. Аллоҳ таоло беҳудага буларни кўплаб фаришталар ичидан алоҳида ҳурматламаган. Ана ўша илоҳий ҳурматлаш ҳам уларнинг Қуръони Карим оятларини муҳофаза ва нақл қилишда алоҳида аниқлик, эҳтиёткорлик ва омонат билан тасарруф қилишлари учундир. Тўртинчидан, Қуръон оятлари Аллоҳ таоло томонидан қўлларига ишониб топширилган фаришталар «ўта яхши» фаришталардир. Фаришталар ҳаммаси Аллоҳ таолонинг энг яхши қуллари эканига ҳеч шубҳа йўқ. Аммо Қуръон оятларига масъул қилинган фаришталар ўша энг яхши қуллар ичида ҳам «энг яхши»лари экани алоҳида эътиборга сазовордир. Демак, Қуръон туфайли, Қуръон оятлари хизмати туфайли бу хизматга лойиқ топилган фаришталарнинг қадр-қийматлари, обрў-эътиборлари ва мартабаю даражалари ҳам ортган. Худди шу ҳолат инсонларга нисбатан ҳам бўлган. Қуръони Карим билан Аллоҳ таоло Ўзи хоҳлаган бандаларининг шон-шарафини кўтарган. Аввало, Қуръон оятларини олий – самовий мақомдан, Руҳул Амийн – Жаброил алайҳиссаломдан қабул қилиб олиш учун башариятнинг энг афзали бўлмиш Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни танлаб олган. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Худди шунингдек ҳадисларда бир неча вазифаларга тайинланган фаришталарни ҳам Аллоҳнинг наздида жуда ҳам мукаррам эканликлари баён қилинган. Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat