Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларни мўътадил равишда зийнатланиб, атир-упалар билан лозим топилган жойларда хушбўйланиб юришга тар-ғиб қилганлар. Аммо шу билан бирга, зебу зийнат орқасидан қувиб, ҳаддан ошишдан, шариатга хилоф иш қилишдан қаттиқ қайтарганлар. Ана шундай ман қилинган ишлар қаторига аёл кишининг сочига бошқа сочни улаш ва улатиш, ясама хол қўйиш ва қўйдириш, қошни ингичка қилиб териш ва тердириш, тишларининг орасини сунъ-ий равишда очиш ва очдириш, юзининг рангини бутунлай ўзгартириш учун турли воситалар билан ювиш ва ювдириш каби амаллар ҳам киради.Мўмина-муслима аёлларга бу ишларни қилишлари ҳам, бошқаларга бажартиришлари ҳам мутлақо мумкин эмас.Буларнинг барчаси жамиятда беҳаёлик, шаҳвоний бузуқлик, фоҳиша гап-сўзлар, жинсий ахлоқсизлик ва зино тарқалишининг олдини оладиган чоралардир. Ушбу илоҳий тадбирларга бандалар чин ихлос билан амал қилган тақдирдагина жамият мазкур ифлосликлар ва ижтимоий касалликлардан пок бўлади.