Ассалому алайкум! Устозлар, ўзбек оиласида хеч қандай диний тушунчасиз туғилиб-ўсиб, рус йигитга турмушга чиқиб ва у оилада насроний динини қабул қилган аёл муртад бўладими?
Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло "Бақара" сураси 221-оятида марҳамат қилади: «Ва мушриклар иймонга келмагунларича, уларга никоҳлаб берманг». Яъни мўминаларни уларнинг никоҳига берманг. Муслима-мўмина аёллар мусулмон динидаги эркакдан бошқа эркакка турмушга чиқишлари мутлақо мумкин эмас. Агар у эркак Исломга кириб, мўмин бўлсагина, рухсат бўлади. Ҳатто эркак яҳудий ёки масиҳий динида бўлса ҳам, муслима аёлнинг унга никоҳланиши ҳаром. Фақат мусулмон эркак бўлиши шарт. Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом: «Биз аҳли китобнинг аёлларига уйланамиз, улар бизнинг аёлларимизга уйланмайдилар», – деганлар. Худди аёлларга ўхшаб, эркаклар фазлининг ўлчови ҳам иймондир: «Шубҳасиз, мўмин қул мушрикдан, гар у сизни қизиқтирса ҳам, яхшидир». Яъни эркак киши қул бўлса ҳам, мўмин бўлса, бас, бошқа иймонсиз эркаклардан яхшидир... Эркак бўлсин, аёл бўлсин, иймонсизлиги, мушриклиги жуда ёмон, ким улар билан алоқада бўлса, хусусан, никоҳ каби муқаддас ва нозик алоқада бўлса, касофати уради. Урганда ҳам, энг ҳассос нуқтада – ақийда бобида уради ва инсон ўз турмуш ўртоғига эргашиб, динидан чиқиб кетиши хавфи бор. Шунинг учун оятда: «Анавилар ўт-оловга чақирарлар», – дейилади. Анавилар (мушриклар) ўзлари билан бирга бўлганларни мушрикликка, бу дегани, дўзах ўтига чақирадилар. «Аллоҳ эса Ўз изни ила жаннатга ва мағфиратга чақирар ҳамда одамларга Ўз оятларини баён қиладир. Шоядки, эслатма олсалар». Шунинг учун Аллоҳ таолонинг баён қилиб берган оятларига амал қилиб яшаш керак. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). У аёл ҳам барча каби фитратда туғилгандир. Агар ота-онаси мусулмон бўлишган бўлса ва яна туғилганида мусулмонлар одатларини бажо келтирган бўлсалар, яъни қулоққа азон чақириш каби, у аёл мусулмон бўлган. Бу борада мен Исломни қабул қилмаганман дейиш ноўрин. Чақалоқ ҳеч нарсага ақли етмагани билан ота-она шуни ирода этган бўлса, шу кифоя. Насороликда ҳам худди шундайдир. Чақалоқни таъмид қилинганидан кейин насоро бўлган ҳисобланади. Муртад ва кофир маъноларини яхши англаб олишимиз керак. Муртад сўзи «иртадда» феълидан бўлиб, қайтди, яъни сўзидан қайтди маъносини билдиради. Олдин мусулмон бўлиб, кейин бошқа динга ўтган кишини муртад дейилади. Чунки, у олдин «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад унинг қули ва элчисидир», деб гувоҳлик бериб, кейин бу сўзидан қайтди. Бу борада чақалоқликлигида ота-онаси унга шу динни ихтиёр этиб, Ислом одатларини бажарган бўлса, кейинчалик у катта бўлиб, бошқа динни танлаган бўлса ҳам муртад ҳиссобланади. Кофир сўзи «кафара» феълидан бўлиб, инкор этди маъносини билдиради. Яъни Аллоҳнинг борлигини инкор қилган кишига кофир дейилади. Бу сўз асосан атеисларга қўлланади. Чунки улар Худо борлигини тан олишмайди, инкор этишади. Бошқаларга ҳам қисман, жузъий равишда қўлланади. Аллоҳни тан олган, Унинг баъзи сифатлари, неъматларини ёки Исломнинг баъзи аҳкомларини инкор этган кишиларга жузъий равишда қўлланади. Исломни қабул қилмай насроний динини қабул қилганларга муртад ва кофир сўзи қўлланилмайди. Уларни Ислом таълимоти бўйича насоро, масиҳий ёки аҳли китоб дейилади. Исломда аҳли китоблар билан муомила таълимоти бўлиб, шунга кўра улар билан яхши муомилада бўлинади. Валлоҳу аълам!