Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Макканинг қурилиши

11:48 / 15.10.2017 | Azamat | 5811

Ассалому алайкум! Макка ва Мадина қурилиши ҳақида эштишим бўйича бир подшо жинларни ишлатган экан. Бир кун ўладиган бўлиб одамларига “мен ўлганмни жинлар билмасин, билса ишламай қўйишади. Агар жинлар ишламаса одамлар 300 йилда ҳам қуриб битказа олмайди” деган экан. Шу тўғрими? Мен ишонмадим. Шунга аниқлик киритиш учун шу саволни ёздим.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Сиз нотўғри эшитибсиз, бу Макка ва Мадинада эмас. Бу ҳақида Аллоҳ таоло “Сабаъ” сурасида марҳамат қилади:

يَعْمَلُونَ لَهُ مَا يَشَاء مِن مَّحَارِيبَ وَتَمَاثِيلَ وَجِفَانٍ كَالْجَوَابِ وَقُدُورٍ رَّاسِيَاتٍ اعْمَلُوا آلَ دَاوُودَ شُكْرًا وَقَلِيلٌ مِّنْ عِبَادِيَ الشَّكُورُ۝

13. У(жин)лар унга меҳроблар, тимсоллар, ҳовузлар каби лаганлар ва собит қозонлардан хоҳлаганини қилиб беришар эди. Эй Оли Довуд, шукр қилинглар! Бандаларимдан шукр қилувчилари оздир. 

Аллоҳ таоло томонидан Сулаймон алайҳиссаломга бўйсундирилган жинлар у кишига «…меҳроблар…» яъни улкан ибодатхоналар қуриб берар эдилар. «...тимсоллар...» Турли нарсаларнинг тимсолларини ҳам ясаб берардилар. «...ҳовузлар каби лаганлар...» Таом ейдиган лаганлари ҳовуз каби катта бўлар эди. Ўша вақтда шунга эҳтиёж бўлган бўлса керак. Шунингдек, одамлар бажара олмайдиган ишларни қиладиган жинлар Сулаймон алайҳиссаломга мўъжиза сифатида кўрсатилган бўлиши ҳам мумкин. 

«...ва собит қозонлардан хоҳлаганини қилиб беришар эди». Тоғ каби собит қозонларни Сулаймон алайҳиссаломга ясаб бериш ҳам жинларнинг вазифасига кирар эди. Улар Сулаймон алайҳиссалом хоҳлаган ишни бажарар эдилар. Бу эса Довуд алайҳиссалом хонадонига Аллоҳ берган улкан неъмат эди. Шунинг учун Аллоҳ уларга хитоб қилиб: 

«Эй Оли Довуд, шукр қилинглар!» – демоқда. Довуд алайҳиссаломга қанчадан-қанча неъматларни берди. Буларнинг ҳаммаси Довуд аҳлига, яъни Довуд алайҳиссалом хонадонига берилган неъматлардир. Ушбу неъматларга улар шукр қилмоқлари лозим. «Бандаларимдан шукр қилувчилари оздир». Ношукрлардан бўлмаслик керак. Аллоҳнинг неъматлари қадрини билиб, уларни ато қилган Зотга тинимсиз шукр этиш лозим. Неъматга шукр эса неъмат берувчига ҳамду сано, мақтов сўзларини айтиш ва ўша неъматларни неъмат берувчининг розилиги йўлида сарфлаш билан бўлади. Бу дунёда неъмат берувчи Зот Аллоҳ таолонинг ягона Ўзидир. Бандалар доимо Аллоҳ таолога ҳамду сано айтишлари, У Зотнинг неъматларини Ўзининг розилиги йўлида сарфлашлари керак. Аллоҳ таолонинг Сулаймон алайҳиссаломга жинларни хизматкор қилиб бергани ҳақидаги хабарда жинларни улуғловчиларга, уларга ибодат қилувчиларга, «Жинлар ҳар нарсага қодир» деб эътиқод этувчиларга, жумладан, араб мушрикларига қарши катта зарба бор эди. Келаси оятда ўша зарба яна ҳам кучайтирилади:

فَلَمَّا قَضَيْنَا عَلَيْهِ الْمَوْتَ مَا دَلَّهُمْ عَلَى مَوْتِهِ إِلَّا دَابَّةُ الْأَرْضِ تَأْكُلُ مِنسَأَتَهُ فَلَمَّا خَرَّ تَبَيَّنَتِ الْجِنُّ أَن لَّوْ كَانُوا يَعْلَمُونَ الْغَيْبَ مَا لَبِثُوا فِي الْعَذَابِ الْمُهِينِ۝

14. Биз у(Сулаймон)га ўлимни ҳукм этганимизда, асосини еяётган ёғоч қуртидан бошқа ҳеч бир нарса унинг ўлими ҳақида далолат қилмади. Йиқилганида, жинларга, агар улар ғайбни билганларида, хорловчи азобда қолмаган бўлишлари аён бўлди. 

Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломнинг жонларини у киши жинларни ишлатиб қўйиб, асоларига суяниб турганларида олган. Жинлар эса Сулаймон кузатиб турибди, деб қўрққанларидан, машаққатли ишларида давом этаверганлар. Аллоҳ таолонинг иродаси билан бир ёғоч қурти Сулаймон алайҳиссалом суяниб турган асони ея бошлаган. Қурт асони маълум миқдорда еганидан кейин асонинг таянч нуқтасига футур етиб, жойидан сурилган ва Сулаймон алайҳиссаломнинг жуссалари ерга йиқилган. Шундагина жинлар ўз даъволарига қарши ўлароқ, ғайб илмини билмасликларини тушуниб етганлар. Ана шундагина жинларга 

«...агар улар ғайбни билганларида, хорловчи азобда қолмаган бўлишлари аён бўлди». Ҳолбуки, одамлардан баъзилари ўша ожиз жинларга ибодат қилиб юрибдилар. Улар ғайбни биладилар, деб улуғламоқдалар. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat