Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Ношукурлик бўлмайдими?

21:32 / 19.11.2017 | Son of Islam | 4550

Ассалому алайкум! Устозлар, Аллоҳ килаётган хизматингизга муносиб ажр берсин. Саволим куйидагича: 3 йил олдин нуфузли институтни тамомладим. Бир неча жойда ишладим ва ўтган йили шахсий кичик бизнесимни шерикчилик эвазига йўлга қўйдим. Аллоҳга хамд бўлсин оиламиз динга эътиборли, динимиз буюрган фарз амалларнинг ҳаммасини қўлдан келганча адо этамиз. Негадир 1-2 йилдан бери ишларим унчалик юришмаяпти. Албатта ризқ Аллоҳданлигини, тақдиримга ёзилганидан ортиғи ҳам ками ҳам насиб қилмаслигини биламан ва бунга иймон келтирганман. Борига шукр қилиб ҳалол мехнатда давом этяпман. Баъзан яқин дўстимга ишларим юришмаётганини ва муоммоларимни айтиб енгил тортаман, лекин бундан мақсадим нолиш эмас. Шу холатда мен ношукурлик ёки Яратганнинг менга юборган синовларига норозилик қилаётган бўлиб қолмаяпманми? Жавобингиз учун ташаккур. Аллоҳ хаммамиздан рози бўлсин.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Маслаҳат ёки йўл-йўриқ сўраш маъносида бўлса, зарари йўқ. Албатта шукурни кўпайтириб ношукурликни йўқотинг. Аллоҳ таоло “Иброҳим” сурасида марҳамат қилади:

وَإِذْ تَأَذَّنَ رَبُّكُمْ لَئِن شَكَرْتُمْ لأَزِيدَنَّكُمْ وَلَئِن كَفَرْتُمْ إِنَّ عَذَابِي لَشَدِيدٌ۝

7. Ва Роббингизнинг «Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир», – деб эълон қилганини ҳам эсланг». Мусо алайҳиссалом ўз қавмларига Аллоҳ таоло қасам ичиб, таъкидлаган ҳақиқатни эслатмоқдалар: «Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир». Шукр неъмат берувчи Зотга мақтов сўзларини айтиш ва ул неъматни Аллоҳнинг розилиги йўлида сарфлашдан иборатдир. Берилган неъматга шукр этиш инсоннинг тўғри йўлда – мустақим эканини кўрсатади. Шукр қилувчи инсон Аллоҳ таоло ўзини доимо кузатиб туришини ҳис этади ва неъмат етганда зоҳир бўладиган манманлик, исроф ва шунга ўхшаш салбий ҳолатлардан холи бўлади. Натижада ўзига берилган неъматлардан фойдаланиб, яхши амалларни кўпайтиради. Неъматга куфронда бўлиш эса унинг Аллоҳ томонидан берилишини тан олмаслик, У Зотга ҳамду сано айтмаслик ва неъматни номаъқул йўлларда ишлатишдан иборатдир. Етган неъматга куфрон этиш уни берган Зотга – Аллоҳга куфр келтиришдир. Бундай одамлар «Менга неъматни Аллоҳ берди», демайди, балки «Унга ўз илмим, ҳаракатим ва усталигим туфайли эришдим», дейди. Шу сабабдан, ўзларидаги моддий имкониятларни ҳаром-хариш, манманлик, шуҳратпарастлик ва шунга ўхшаш салбий йўлларга ишлатадилар. Оқибатда қаттиқ азобга учрайдилар. Ҳолбуки, шукроналик банданинг ўзига фойда келтиради, холос. Аллоҳ таоло унга эҳтиёжманд эмас. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Сиз тақвода ва сўрашда бардавом бўлиб турсангиз Аллоҳ таоло бир йўлини кўрсатади. Аллоҳ таоло “Талоқ” сурасида марҳамат қилади :

وَمَن يَتَّقِ اللَّهَ يَجْعَل لَّهُ مَخْرَجًا۝ وَيَرْزُقْهُ مِنْ حَيْثُ لَا يَحْتَسِبُ وَمَن يَتَوَكَّلْ عَلَى اللَّهِ فَهُوَ حَسْبُهُ إِنَّ اللَّهَ بَالِغُ أَمْرِهِ قَدْ جَعَلَ اللَّهُ لِكُلِّ شَيْءٍ قَدْرًا۝

Ким Аллоҳга тақво қилса, унинг йўлини очиб қўядир. 3. Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур. Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, унга У Зотнинг Ўзи кифоядир. Албатта, Аллоҳ Ўз ишини етказувчидир. Батаҳқиқ, Аллоҳ ҳар бир нарсага ўлчов қилиб қўйгандир. Ким Аллоҳга тақво қилса, унинг йўлини очиб қўядир. Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур». Яъни ким Аллоҳ таолонинг буюрганини қилиб, қайтарганидан қайтса, бу дунё ва у дунёнинг қийинчиликларидан чиқадиган йўлни Аллоҳнинг Ўзи кўрсатиб қўяди. Тақводор шахснинг мушкулини доимо Аллоҳнинг Ўзи енгил қилиб туради. Шу билан бирга, унга ўзи ўйлаб, хаёлига келмаган томондан ризқу рўз етказиб беради. Одатда, кишилар ризқу рўзим сероб бўлсин, деган мақсадда тақводан воз кечадилар. Бу эса аксинча натижага олиб келади. Ушбу ояти кариманинг маъносидан келиб чиқадиган қоидага биноан, тақводорлик қийинчиликларнинг осонлашиши ва ризқнинг ўйламаган тарафдан келишига сабаб бўлади. Юқорида зикр этилган ишларда ҳийла-найранг кўп ишлатилади. Ҳийладан қўрқишнинг ўзи янги ҳийлага олиб боради. Шунинг учун Қуръони Карим мусулмонларни Аллоҳга таваккул қилишга ундаб, «Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, унга У Зотнинг Ўзи кифоядир. Албатта, Аллоҳ Ўз ишини етказувчидир. Батаҳқиқ, Аллоҳ ҳар бир нарсага ўлчов қилиб қўйгандир», – дейди. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу «Қуръондаги энг катта умидбахш оят, ушбу «ва ман яттақиллаҳа яжъал лаҳуу махрожан ва ярзуқҳу мин ҳайсу лаа яҳтасиб» деган эканлар. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадиси шарифда Набий алайҳиссалом: «Албатта, банда қилган гуноҳи туфайли ризқдан маҳрум бўлади. Қадарни дуодан ўзга ҳеч нарса рад қила олмайди, умрни яхшиликдан ўзга ҳеч нарса зиёда қила олмайди», – деганлар. «Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, унга У Зотнинг Ўзи кифоядир» жумласининг тафсирига уламоларимиз қуйидаги ҳадисни келтирадилар. Набий алайҳиссалом Абдуллоҳ ибн Масъудга қилган насиҳатларида жумладан: «...Ва билки, агар умматнинг барчаси йиғилиб, сенга манфаат етказмоқчи бўлсалар ҳам, Аллоҳ сен учун тақдир қилиб қўйган нарсадан ўзга ҳеч бир нарса қила олмайдилар. Агар сенга зарар етказиш учун тўплансалар ҳам, Аллоҳ сен учун тақдир қилиб қўйган нарсадан ўзга ҳеч бир нарса қила олмайдилар», – деганлар. (“Тафсири Ҳилол” китобидан).  Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat