Ассалому алайкум! Бир имомнинг маърузасида эшитганманки жаннатга кирган инсон Қуръондан ёд олган сураларини айтиб юриб кетаверар экан. Қаергача ёдлаган бўлса ўша жойда тўхтатилиб сени жаннатдаги жойинг шу ергачадир деб белгиланар экан. Кўпчилик жаннатни дарвозасини олдида хеч қанча юрмасдан қолиб кетар экан. Бу дегани Қуръондан фақат бошидан тартиб билан ёдлаш керакми? Масалан 2-сура бу энг каттадир. Шунга хос тарзда уни ёд олиш хам бошқа суралардан бироз мушкулдир. Ёки кичик суралардан йиригига қараб ёдласа ҳам жаннатда билганича айтиб кетилаверадими.
2). Бу дунёда турли вазиятларда эшитган хар бир раҳматимиз хам хисоб-китоб пайтида тарозини ўнг палласига қўйиладими? Жавоб учун олдиндан раҳмат.
Ва алайкум ассалом! 1). Имконини қилганича кўпайтирилаверади. 2). Буни Аллоҳ таолонинг Ўзи билади. Аллоҳ таоло инсоннинг табиатига тўплаш ва кўпайтириш деган унсурни жойлаштириб қўйган. У инсоннинг ажралмас бир бўлагидир. Кимдир мол дунё тўплайди, кимдир марка тўплайди, кимдир таклифномалар тўплайди. Кимдир эски осори атиқалар ва ҳоказо нарсларни тўплайди. Бу инсон табиатидан ҳеч қачон ажрайлмайди. Ҳатто қари кампирларни қарасангиз чўнтагига бир неча керакли кераксиз нарсаларни солиб олган бўлади. бирор нарса десангиз “сенга оғирлиги тушяптими” деб ҳам қўяди. Аслида бу жуда яхши нарса. Фақат ундан тўғри фойдаланиш керак ҳолос. Инсон бу дунёда қанча нарса тўпласа ҳам барчаси бу дунёда қолиб кетади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу унсурдан тўғри фойдаланиб, биз нимани тўплашимиз керак ва охиратда нима бизга ҳамроҳ бўлишини таълим бериб, куйидаги ҳадисларини айтганлар:
عَنْ أَبِي أُمَامَةَ ، قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : " مَنْ تَعْلَمْ آيَةً مِنْ كِتَابِ اللَّهِ عَزَّ وَجَلَّ اسْتَقْبَلَتْهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ تَضْحَكُ فِي وَجْهِهِ
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳ азза ва жалланинг китобидан бир оятни таълим олса, қиёмат куни бўлганида ўша оят қорини юзига кулиб боққан ҳолида уни кутиб олади” дедилар. Бундан ташқари қиёмат куни бўлганида тўплаган оятларининг самараси жаннатдаги мақомлар бўлади.عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: يُقَالُ لِصَاحِبِ الْقُرْآنِ اقْرَأْ وَارْتَقِ وَرَتِّلْ كَمَا كُنْتَ تُرَتِّلُ فِي الدُّنْيَا، فَإِنَّ مَنْزِلَتَكَ عِنْدَ آخِرِ آيَةٍ تَقْرَأُهَا. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَصَحَّحَهُ
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуръон соҳибига: «Қироат қилиб кўтарилавер. Дунёда қандоқ тартил қилган бўлсанг, худди шундай тартил қил. Албатта, сенинг манзилинг охирги қироат қилган оятинг даражасидадир», дейилади», дедилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар. Термизий саҳиҳ деган. Яъни бизнинг ҳар бир тўплаган оятимиз қиёматдаги мақомимиз экан. Бунинг учун Қуръонни тўлиқ ёд олиш шарт эмас. Ким қанчалик мақомда бўлишни ҳоҳласа, ўшанча тўплайверсин. Шунингдек Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўқилган оятлар савоби ҳақида шундай марҳамат қилганлар.عَنْ عَبْدِ اللهِ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ قَرَأَ حَرْفًا مِنْ كِتَابِ اللهِ فَلَهُ بِهِ حَسَنَةٌ، وَالْحَسَنَةُ بِعَشْرِ أَمْثَالِهَا، لَا أَقُولُ ﭑ حَرْفٌ وَلَكِنْ أَلِفٌ حَرْفٌ وَلَامٌ حَرْفٌ وَمِيمٌ حَرْفٌ
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳнинг Китобидан бир ҳарф ўқиса, унга бунинг учун бир савоб бўлур. Ҳар бир савоб эса ўн мисли(га кўпайтирилур). «Алиф. Лаам. Мийм – бир ҳарф» демайман. Балки «Алиф» бир ҳарф, «Лаам» бир ҳарф, «Мийм» бир ҳарф», дедилар». Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Қуръони Карим қироати битмас-туганмас савоб манбаи экани баён қилинмоқда. Қуръони Каримни ўқиган одамга ҳар бир ҳарф учун алоҳида савоб берилар экан. Умумий қоидага биноан, ҳар бир савоб ўнга кўпайтириб бериларди. Бундан Қуръони Каримни ўқиган одам учун ҳар бир ҳарфни ўқиганига ўн савоб берилиши келиб чиқади. Бунинг ҳаммаси Қуръони Каримнинг чексиз фазлга эга бўлганидандир. Бас, шундай бўлганидан кейин бир ҳарф бўлса ҳам, Қуръони Каримни ўқишга ҳаракат қилмоғимиз зарур. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!