Ассалому алайкум! 1). Саволим билмасликни чегараси қанчалиги ҳақида.
Гап шундаки кўп ҳолларда билмасдан қилинган гуноҳлар ёзилмаслиги ҳақида биламиз. Куфр бобида ҳам шу гап, бирор бир одам билмасдан куфр сўз айтиб юборса, унга диндан чиққанлик ҳукми берилмайди. Бу шариатни ҳукми экан лаббай деймиз албатта. Лекин ҳозирда бир эмас 10 маротабалаб куфр сўзи оғзидан билмасдан чиқадиганлар жуда кўп. Улар ўзларини мусулмонлигини таъкидалашади, жумаларга чиқишади, эҳсонлар қилишади, қабристонга бориб Қуръон ўқишади. Лекин куфрни билмасдан умр давомида гапириб юраверишади. Аслида бу билмасликни чегараси борми?
2). Кофир ва фосиқларни қабрини тепасида туриш тўғри эмаслиги ҳақида оят келтирган эдингиз, мен билмоқчи бўлганим шуки айрим мусулмон жамиятларида мусулмон биродарлар шариатга амал қилишмаса уларни кўмиш ва шу ишга боғлиқ ишлардан бош тортишар экан. Чунки оятда «фосиқ» сўзи ҳам ишлатилган. Лекин мен “Тафсири Ҳилол”да айрим ҳолларда гоҳида кофирларни фосиқ ҳам деб таърифланган деб ёзилган жойини ўқиган эдим. Лекин фосиқ мусулмонларни ҳам фосиқ деб тарифланган жойлари бор. Мени саволим шуки ўша оятда Аллоҳ фақат кофирларни назарда тутганми ёки мусулмон фосиқларни ҳам назарда тутганми?
Ва алайкум ассалом! 1). Билмаган кишиларга гуноҳ ёзилмаслиги мисол қилиб айтганда Тундра ёки Африкани тараққиёт етиб бормаган жойларига тегишли. Сиз ва биз турган ҳолатга қилинган гуноҳ учун гуноҳ ёзилмайди деб бўлмайди. Чунки билишга имконият бўлатуриб ҳаракат қилмаслик, билмаслик узр ҳисобланмайди. Билишга имконият бўлатуриб билмаслик билиб туриб гуноҳ ишга қўл уриш билан баробардир. Ҳар бир инсон фарзи айн даражасидаги амалларни билиши фарзи айндир. Куфрга олиб борадиган сўз ва ишларни билиши ҳам фарзи айндир. Жума масжиди имомлари зиммасига ваъаз насиҳат билан бирга энг аввало ақоидга тегишли масалаларни айтиб ўтишлари ҳам фарзи айн ҳисобланади. Ҳар бир масжид имоми ўз қавмининг ўзига тегишли маҳаллаларнинг кишиларига эътиқодий масалаларни таълимини бериши фарздир. Қиёмат куни шундан сўралинадилар. Маҳалла отинойилари ҳам иймон, ширк ва куфрга тегишли эътиқодий масалаларни билиши, ҳар бир маросим ва анжуманда етказиб боришлари шарт. Акс ҳолда илмига амал қилмаганларнинг сафида бўладилар. 2). Фақат кофирлар назарда тутилган. Валлоҳу аълам!