Ассалому алайкум! Ҳурматли устозлар, Аллоҳ таоло пайғамбарларга илмдан ташқари хар хил мўжизалар берган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин мўжиза тугаган. Бизни давримизга келиб мўжиза эмас, қандайдир кароматлар бўлади деб эшитгандим. Бу гап қанчалик тўғри? Умуман олганда илмли инсонлар ғайри табиий қобилиятга эга бўлиши мумкинми? Юртимизда шундай инсонлар борми?
Ва алайкум ассалом!
АВЛИЁЛАРНИНГ КАРОМАТЛАРИ
نُؤْمِنُ بِمَا جَاءَ مِنْ كَرَامَاتِهِمْ، وَصَحَّ عَنِ الثِّقَاتِ مِنْ رِوَايَاتِهِمْ
107. Уларнинг кароматларига ва сиқо – ишончли кишилар томонидан қилинган саҳиҳ ривоятларига ишонамиз. Шарҳ: Уларнинг икроми учун содир бўлган кароматларини тасдиқлаймиз. Аммо Дажжол ва унга ўхшаганларга синов учун берилган одатдан ташқари ишларини тасдиқ қилмаймиз. Шунингдек, баъзи солиҳ учун имтихон мақсадида берилган одатдан ташқари ишларни тасдиқ қилмаймиз. Улардан адолатли, ишончли ровийлар тарафидан собит бўлган ривоятларни тасдиқлаймиз. Ҳар бир жоҳил ва ёлғончи қилган ривоятни эмас. Ёки Расул ва Набий шаънига лойиқ нарсалар уларга нисбат берилганига эмас. Мўъжиза ва каромат луғатда бир нарсадир. У одатдан ташқари содир бўлган иш. Мутақаддимларнинг наздида иккаласи ҳам бир нарсадир. Лекин кўпчилик мутааххир уламолар уларнинг орасини фарқлашади. Мўъжиза пайғамбар учун, каромат валий учун, дейишади. Одатдан ташқари ҳар бир иш пайғамбардан содир бўлса, одамлар ўшанга ўхшаш нарсани қилишдан ожиз қолсалар, бу мўъжиза бўлади. Агар одатдан ташқари иш пайғамбардан бошқа аҳли тақво ва солиҳ одамдан содир бўлса, бу каромат бўлади. Агар ўша одатдан ташқари иш тўғри йўлда бўлмаган одамдан содир бўлса, бу сеҳр ёки синов бўлади.АЛЛОҲ ТАОЛОГА ХОС СИФАТЛАР ҲЕЧ КИМГА МЎЪЖИЗА ҲАМ, КАРОМАТ ҲАМ БЎЛМАЙДИ
Шубҳа йўқки, камол сифатлари учдир. 1. Илм. 2. Қудрат. 3. Беҳожатлик. Бу уч нарса ёлғиз Аллоҳнинг Ўзигагина хосдир. Чунки У Зот ҳар бир нарсани Ўз илми билан иҳота қилгандир. У Зот ҳар бир нарсага қодирдир. У Зот оламлардан беҳожатдир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни ушбу уч нарсани даъво қилишдан воз кечишга амр қилгандир:قُل لاَّ أَقُولُ لَكُمْ عِندِي خَزَآئِنُ اللّهِ وَلا أَعْلَمُ الْغَيْبَ وَلا أَقُولُ لَكُمْ إِنِّي مَلَكٌ إِنْ أَتَّبِعُ إِلاَّ مَا يُوحَى إِلَيَّ
«Сен: «Сизларга: «Ҳузуримда Аллоҳнинг хазиналари бор», ҳам демасман, ғайбни ҳам билмасман. Ва яна сизларга: «Мен фариштаман», деб ҳам айтмасман. Мен фақат ўзимга ваҳий қилинган нарсага эргашаман, холос», деб айт». (Анъом сураси, 50-оят). Чунки мушриклар гоҳида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ғайб илмини талаб қилишар эди.يَسْأَلُونَكَ عَنِ السَّاعَةِ أَيَّانَ مُرْسَاهَا
«Сендан Соат (қиёмат) ҳақида, унинг қачон собит бўлишини сўрарлар». (Аъроф сураси, 187-оят). Гоҳида эса таъсир ўтказишни талаб қилар эдилар.وَقَالُواْ لَن نُّؤْمِنَ لَكَ حَتَّى تَفْجُرَ لَنَا مِنَ الأَرْضِ يَنبُوعًا
«Улар дедилар: «Токи бизга ердан чашма отилтирмагунингча, зинҳор сенга иймон келтирмасмиз». (Исро сураси, 90-оят). Гоҳида эса у кишида ҳам башарий (инсоний) эҳтиёжлар борлигини айб деб билишар эди.وَقَالُوا مَالِ هَذَا الرَّسُولِ يَأْكُلُ الطَّعَامَ وَيَمْشِي فِي الْأَسْوَاقِ
«Улар дедилар: «Бу не Расулки, таом еб, бозорда юрадир?!». (Фурқон сураси, 7-оят). Шунда Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзлари бу нарсаларга молик эмасликларининг, бу уч нарсадан Аллоҳ берган миқдоргагина эга бўлишлари мумкинлигининг хабарини беришни амр қилди. У зот Аллоҳ билдирганича биладилар. Аллоҳ беҳожат қилганича беҳожат бўладилар. Аллоҳ одатдан ташқари қодир қилган ишга қодир бўладилар. Барча мўъжиза ва кароматлар ушбу доирадан четга чиқа олмайди.КАРОМАТ ТУШУНЧАСИ ВА УНИНГ ТУРЛАРИ
«Каромат» сўзи «карума», «якруму» феълидан олинган масдар бўлиб, юқорилик ва шараф маъносини англатади. Каромат шу маънода икки хил бўлади: 1. Аслий. 2. Касбий. Биринчи(аслий каромат)нинг мисоли қуйидаги оятда:وَلَقَدْ كَرَّمْنَا بَنِي آدَمَ وَحَمَلْنَاهُمْ فِي الْبَرِّ وَالْبَحْرِ وَرَزَقْنَاهُم مِّنَ الطَّيِّبَاتِ
«Батаҳқиқ, Бану Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик». (Исро сураси, 70-оят). Ушбу каромат мўмин бўлсин, кофир бўлсин, башариятнинг ҳамма аъзолари учун умумийдир. Иккинчи(касбий каромат)нинг мисоли:إِنَّ أَكْرَمَكُمْ عِندَ اللَّهِ أَتْقَاكُمْ
«Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлийингиз энг тақводорингиздир». (Ҳужурот сураси, 13-оят). Бу каромат тақводор мўминда ҳосил бўлади. Одатдан ташқари ишларни каромат дейиш мажозийдир. Чунки Аллоҳ таоло ўша ишларни тақводор мўминнинг икроми учун унинг томонидан содир этади. Аллоҳ таолонинг икром қилиши ўша ишларнинг содир бўлишига сабаб бўлади. Кароматнинг зоҳир бўлишидаги ҳикмат – каромат содир бўлганидан сўнг валийнинг ишончи яна ҳам зиёда бўлиб, дунёдаги зуҳди-тақвоси кучайиб, ҳавойи нафс даъвоси йўқолишидир. Кароматларнинг ростлигига далил: 1. Аллоҳ таолонинг Биби Марям қиссасидаги ушбу ояти:كُلَّمَا دَخَلَ عَلَيْهَا زَكَرِيَّا الْمِحْرَابَ وَجَدَ عِندَهَا رِزْقاً
«Закариё ҳар сафар унинг олдига – меҳробга кирганида унинг ҳузурида ризқ кўрди». (Оли Имрон сураси, 37-оят). 2. Қуръони Каримдаги Каҳф (ғор) соҳибларининг узун қиссаси. 3. Имом Бухорий ва Имом Муслимларнинг икки «Саҳиҳ» китобларидаги кирган ғорларининг оғзига харсанг тушиб қолган уч кишининг қиссаси. 4. Қуръони Каримдаги қуйидаги оят:وَمَن يَتَّقِ اللَّهَ يَجْعَل لَّهُ مَخْرَجًا وَيَرْزُقْهُ مِنْ حَيْثُ لَا يَحْتَسِبُ
«Ким Аллоҳга тақво қилса, унинг йўлини очиб қўядир. Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур». (Талоқ сураси, 2-3-оятлар). 5. Ва ушбу оят:إَن تَتَّقُواْ اللّهَ يَجْعَل لَّكُمْ فُرْقَاناً
«Агар Аллоҳга тақво қилсангиз, сизга фурқон қилиб беради». (Анфол сураси, 29-оят). Ушбу икки оятда валийликнинг шарти бўлмиш тақво зикр қилинди. Сўнгра тақводор валийнинг каромати зикр этилди. Бу унга ҳамма мусибатлардан кушойиш берилиши, ризқининг ўйламаган, билмаган томондан берилиши ва ҳақ билан ботил орасини фарқловчи нурнинг берилишидир. (Ақийдатут-Таҳовия шарҳининг талҳийси китобидан). Валлоҳу аълам!