Ассалому алайкум! Ҳурматли хайъат аъзолари. Сизларга маййитни қабрга қўйиш ҳақида аниқлаштирувчи савол бермоқчи эдим. Сизлардан телеграм канали орқали келган жавобда маййит ўнг томони билан ёнбошлатиб қўйилади (чалқанча хам эмас, юз тубан хам эмас) деган жавоб бўлган экан. Ижтимоий одоблар китобида хам Устоз раҳимаҳуллоҳ ёнбошлатиб қўйилади деб ёзган эканлар. Бу жавобни кўрсатганимиздан кейин баъзи танишлар саволга аниқлик киритмоқчи бўлиб бир аҳли илмга қўнғироқ қилинганида улар “Ўзбекистоннинг ҳамма жойида маййит чалқанча қўйилиб, юзи қиблага буриб қўйилади, ёнбош қўйилмайди” деб жавоб берилган. Қайси фатвога амал қилсак тўғри бўлади?
Ва алайкум ассалом! Аллома Косоний раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг «Бадойиъус-Саноиъ фий тартибиш-Шароиъ» китобларида келтирадилар:
وَيُوضَعُ عَلَى شِقِّهِ الْأَيْمَنِ مُتَوَجِّهًا إلَى الْقِبْلَةِ لِمَا رُوِيَ عَنْ عَلِيٍّ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّهُ قَالَ : شَهِدَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ جِنَازَةَ رَجُلٍ فَقَالَ يَا : عَلِيُّ اسْتَقْبِلْ بِهِ اسْتِقْبَالًا وَقُولُوا جَمِيعًا بِاسْمِ اللَّهِ، وَعَلَى مِلَّةِ رَسُولِ اللَّهِ، وَضَعُوهُ لِجَنْبِهِ وَلَا تَكُبُّوهُ لِوَجْهِهِ وَلَا تُلْقُوهُ لِظَهْرِهِ
«Маййит қабрга ўнг тарафига ёнбошлатиб, юзини қиблага қаратиб ётқизилади. Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишининг жасадини кўмишда қатнашдилар. Шунда: «Эй Алий, уни қиблага тўлиқ юзлантиргин ва барчаларингиз «Бисмиллаҳ ва ала миллати росулиллаҳ»ни айтинглар. Ёнбошлатиб қўйинглар. Юзтубан ҳам, чалқанча ҳам ётқизманглар», дедилар» (Бадойиъус Санойиъ). “Дуррул мухтор” китобида “Ўнг ёнбошчасига ётқизилиши керак, шундай қилиш суннат” дейилган. “Дуррул Мухтор”да "Қиблага юзлантириш вожиб ва бу ўнг ёнбошга кўра бўлиши лозим" дейилган. “Баҳрурроиқ” китобида “Қабрда ўнг ёнбоши билан қибла томонга қаратиб ётқизилинади. Суннат шунга жорий бўлган” дейилган. “Фатавои Маҳмудия” китобида “Қасддан маййитни ёнбошлатишни тарк қилиш шафоатдан маҳрум бўлишга олиб боради”. “Фатавои Ҳиндия” китобида:وَيُوضَعُ عَلَى شِقِّهِ الْأَيْمَنِ مُتَوَجِّهًا إلَى الْقِبْلَةِ
“Қабрда ўнг ёнбоши билан қиблага юзлантириб қўйилади. Бу “Хулоса”да келган” дейилган. “Татархония”да ҳам шунингдек барча фиқҳий китобларда шундай келган. “Роддул Муҳтор” китобида “Муаккада суннатни тарк қилиш ҳаромга яқин бўлиб, шафоатдан маҳрум бўлишга сабаб бўлади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ким суннатимни тарк қилса, шафоатимга ноил(сазовор) бўлолмайди. Шунингдек унга шафоатим етмайди” деганлар” дейилган. Қабрда ўнг ёнбоши билан қибла томонга қаратиб ётқизилинади. (Фатавои Қозихон). Юқорида келтирилган фатволарнинг барчаси ҳанафий мазҳабининг энг мўтабар китобларидир. Устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ шу фатволарга қараб фатво берганлар. Валлоҳу аълам!