Ассалому алайкум! Азиз Устозлар, тарозидан уриб қолувчилар ва обрўга дахл қилувчиларга вайл бўлсин дeйилгандаги обрўга дахл қилишни қандай тушуниш мумкин?
Ва алайкум ассалом! Ислом беш нарсани ҳимоя қилишни қаттиқ таъкидлаган. 1). Динни сақлаш. 2). Нафсни сақлаш. 3). Наслни сақлаш. 4). Обрўни сақлаш. 5). Ақлни сақлашдир. Инсоннинг обрўсини, хусусан мўмин мусулмонни обрўсини сақлаш динимиздан қаттиқ таъкидланган амалдир. Ўзганинг обрўсига тажовуз қилиш, масхара қилиш, уни ўзгаларга етказиш ва тарқатиш, тил-кўз мазах орқали обрўсига ишора қилиш шариатимизда ҳаром қилинган. Одатда ўзгалар обрўсига тил текказувчиларда ғийбат қилиш, масхара қилиш, чақимчилик қилиш, уни айбларини қидириб жосуслик қилиш, фаҳшни тарқалишига ҳисса қўшиш каби ишлар содир бўлади. Аллоҳ таоло Қуръон каримда “Ҳар бир обрў тўкувчи ва айбловчига вайл бўлсин”(Ҳумаза сураси 1-оят) деган. Яна бир ўринда “Нур” сурасида марҳамат қилади:
إِنَّ الَّذِينَ يُحِبُّونَ أَن تَشِيعَ الْفَاحِشَةُ فِي الَّذِينَ آمَنُوا لَهُمْ عَذَابٌ أَلِيمٌ فِي الدُّنْيَا وَالْآخِرَةِ وَاللَّهُ يَعْلَمُ وَأَنتُمْ لَا تَعْلَمُونَ
19. Албатта, иймон келтирганлар ичида фаҳш тарқалишини яхши кўрадиганларга бу дунёю охиратда аламли азоб бордир. Аллоҳ биладир, сиз эса билмассиз – деган. Яна бир ўриндаيَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اجْتَنِبُوا كَثِيرًا مِّنَ الظَّنِّ إِنَّ بَعْضَ الظَّنِّ إِثْمٌ وَلَا تَجَسَّسُوا وَلَا يَغْتَب بَّعْضُكُم بَعْضًا أَيُحِبُّ أَحَدُكُمْ أَن يَأْكُلَ لَحْمَ أَخِيهِ مَيْتًا فَكَرِهْتُمُوهُ وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ تَوَّابٌ رَّحِيمٌ
12. Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Жосуслик қилманглар. Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилмасин. Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўплаб қабул қилувчидир, ўта раҳмлидир. (“Ҳужурот” сураси). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Мусулмоннинг мусулмонга ҳамма нарсаси ҳаром. Қони, моли, обрўси” деганлар.عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَنْ صَلَّى صَلَاتَنَا، وَاسْتَقْبَلَ قِبْلَتَنَا، وَأَكَلَ ذَبِيحَتَنَا، فَذَلِكَ الْمُسْلِمُ الَّذِي لَهُ ذِمَّةُ اللهِ وَذِمَّةُ رَسُولِهِ، فَلَا تُخْفِرُوا اللهَ فِي ذِمَّتِهِ
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким намозимизни ўқиса, қибламизга юзланса ва сўйган жонлиғимизни еса, у Аллоҳ ва Унинг Расули кафолатидаги мусулмондир. Аллоҳнинг кафолатини поймол қилманглар», дедилар». (“Олтин силсила” китобидан Саҳиҳул Бухорий). Кафолат остига мўминнинг обрўси ҳам киради. Яна бир ўринда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Чақимчи жаннатга кирмайди” деганлар. яна бир ҳадисларидаأن النبي صلى الله عليه وسلم قال: الربا اثنان وسبعون باباً، أدناه مثل إتيان الرجل أمه، وإن أربى الربا استطالة الرجل في عرض أخيه المعجم الأوسط للطبراني
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам : “Рибо етмиш икки бобдир. Унинг энг паст даражадагиси киши ўз онасига яқинлик қилишидир. Рибонинг энг улкани киши биродарининг обрўсига тил текказишидир” деганлар. Табароний ривояти.وفى حديث ابن عمر أن النبي صلى الله عليه وسلم- قال: من قال في مؤمن ما ليس فيه أسكنه الله ردغة الخبال، حتى يخرج مما قال. وردغة الخبال: هي عصارة أهل النار
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам : “Ким мўминда бўлмаган нарсани гапирса ўша гапидан чиқмагунича Аллоҳ унга родғотул ҳобалдан маскин қилиб беради” дедилар. Абу Довуд ривояти. Родғотул ҳобал дўзах аҳлини ириб тушган йирингларидир. Нафсимизни хуморидан чиқиши учун ўзимизга юқоридаги азобларни вожиб қилиб олмайлик. Валлоҳу аълам!