Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Намозда кўрсатгич бармоқни кўтариш

19:18 / 04.04.2018 | Abdubosit | 6871
Ассалому алайкум! Азиз устозлар, аттаҳият ўқилаётганда кўрсаткич бармоқ билан тўғрига кўрсатишади. Аслида шундай қилиш керакми? Мен яхши билмаганим учун намозларимда ундай қилмайман. Жавоб учун олдиндан раҳмат.

«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ваалайкум ассалом! Бу масаладаги ихтилоф икки хилдир. Бири ушбу саволда келгани каби, мазкур ишорани қилиш ёки қилмаслик тўғрисида. 

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا جَلَسَ فِي الصَّلَاةِ، وَضَعَ كَفَّهُ الْيُمْنَى عَلَى فَخِذِهِ الْيُمْنَى، وَقَبَضَ أَصَابِعَهُ كُلَّهَا، وَأَشَارَ بِإِصْبَعِهِ الَّتِي تَلِي الْإِبْهَامَ، وَوَضَعَ كَفَّهُ الْيُسْرَى عَلَى فَخِذِهِ الْيُسْرَى. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ  

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намозда ўтирсалар, ўнг кафтларини ўнг сонларига қўяр, бармоқларини тугиб, бош бармоқ ёнидаги бармоқлари билан ишора қилар эдилар. Чап кафтларини чап сонларига қўяр эдилар».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Ушбу ҳадиси шарифда бармоқларни тугиб, кўрсаткич бармоқ билан ишора қилиниши ҳақида сўз бормоқда.
Бу бармоқ араб тилида «саббоба» дейилади. Шунинг учун ташаҳҳудда қилинадиган ишорани ҳам «ишораи саббоба» дейилади.
«Ишораи саббоба» ташаҳҳудда «Ашҳаду аллаа илааҳа» деганда «лаа»ни айтаётганда кўрсаткич бармоқни юқорига кўтариш билан бўлади. Ўша бармоқни кўтаришда бошқа бармоқлар йиғиб олинади.
Баъзилар ушбу ривоятдаги «бармоқларини тугиб» деган жумлани «ташаҳҳудга ўтиришда тугиб ўтиради» деб тушунганлар. Шунинг учун аввалдан қўлларини муштга ўхшатиб ўтиришади ва «лаа»га келганда кўрсаткич бармоқларини юқорига кўтаришади. Албатта, бу нотўғридир.
«Саббоба» «сўкиш» дегани бўлиб, «ишораи саббоба» – «сўкиш ишораси» демакдир.
Ташаҳҳудда «Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳу»нинг «лаа»сида кўрсаткич бармоқни кўтариш шайтонни сўкиш бўлади. Ишорани қилгандан сўнг, намоз тамом бўлгунча ўша бармоққа қараб турилади.
Баъзи уламоларимиз бу ишорани қилмасликни айтганлар. Аммо Ибн Ҳумом ва Али Қорий каби уламоларимиз: «Буни қилмаслик ривоят ва дироятга хилоф бўлади», деганлар.
Биз ихтилофдан четланиш мақсадида уламолар мажлисида: «Устози ўргатганлар қилсин, ўргатмаганлар қилмасин. Аммо ихтилоф бўлмасин», деб айтганмиз.
Бу масаладаги иккинчи ихтилоф ишораи саббобани қилиш сифатида бўлади. Ҳанафийлар юқорида зикри ўтган ҳадиси шарифдаги кўрсатма асосида ишораи саббоба қиладилар. Аммо ихтилофни ўзига касб қилиб олган баъзи бировлар бошқача шаклда ишора қиладилар. Улар ўзларини билимдон қилиб кўрсатиш, бошқаларни хатокор санаш ва энг муҳими, ихтилоф чиқариш мақсадида бошқа ривоятларда сифати келган ишорани қилишади. Мисол учун, кўрсаткич бармоқни ташаҳҳудда доимий равишда айлантириб туришади.
Бир амални қилиш бўйича ҳадисларда турли хил кўриниш келган. Бир мазҳаб улардан бирини олган, бошқа мазҳаб иккинчисини олган. Иккиси ҳам тўғри. Мазҳабга эргашганларнинг ҳаммаси ўз мазҳабида далил қилиб олинган ривоятга амал қилган, бошқаларга эътироз билдирмаган ва улар билан тортишмаган. Ҳамма бир-бирини ҳурмат қилган. Аммо ҳозирги ихтилофчилар эса ҳанафийлар орасида ихтилоф чиқармоқчи бўлсалар, уларнинг мазҳабида амал қилинмайдиган ривоятни келтириб, «Ҳанафийлар хато қилишмоқда!» деб жар солишади. Бундан нима фойда бор? Кимга фойда бор ва қандай фойда бор?! (“Ихтилофлар сабаблар ечимлар” китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat