Оламларни яратган ва уни ўз қудрати ила ҳаракатга келтирган Аллоҳ азза ва жаллага Ўзининг зоти покига муносиб чексиз ҳамду санолар бўлсин.
Парвардигорнинг ҳабиби Муҳаммад Мустафога дуруду салавотларнинг сараси, Маҳмуд мақомию васила бўлсин! Ул зотга эргашганларга Аллоҳ таолонинг раҳмати ва ҳидояти бўлсин.
Ҳазратим! Сизга Тангри таолодан яxшиликларни сўраган ҳолда бир неча саволлар билан безовта қиламан, маъзур тутгайсиз.
1. Минтақамизда эски урф-одатлардан бўлмиш «келин салом» асрлар оша давом этиб келаётган анъаналаримиздан биридир. Ҳозирда баъзилар бу ишни ширкка етакловчи омил сифатида мулоҳаза қилмоқдалар. Шу масалада яна бир бор шариат ҳукмини билдириб ўтсангиз, аёллар масаласида ёзаётган мақоламизга манба бўлар эди.
2. Ҳозирда юртимизда совет давридаги расмий амаллардан баъзилари сақланиб қолган, жумладан, келиннинг куёв томоннинг фамилиясини қабул қилиши. Баъзи имомлар (Тошкентдаги) никоҳ вақтида келиннинг ўз фамилиясида қолишини, бўлмаса насаб масаласига футур етишини куёв томонга таъкидламоқдалар. Бунга ўзимиз гувоҳ бўлдик. Шариатимизнинг бу борадаги ҳукмини сиз муҳтарам устозимиздан билмоқ истадик. Зеро, фатвога сиз ҳақлироқсиз!
3. Ҳурматли устозимиз! Биз билмоқчи бўлган яна бир масала шуки, эр-хотин қўшилгач, уларга ғусл вожиб бўлади. Ушбу ғуслни қилишдан олдин ўтган жунублик вақтида киши «Аллоҳ» лафзини тилга олиши, шайтондан паноҳ тилаши, ҳожатхонага кирганда ҳадисларда келган дуони қилиши жоизми?
Биз учун сарф этган вақтингизга Аллоҳ таолонинг Ўзи улкан ажрлар ато этсин, омин! Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳ.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Саволингизга қараганда, анчагина китоб кўрганга ўхшайсиз. Шундай бўлса-да, сизга ва ўқувчиларимизга яна бир бор эслатиб қўйишимиз лозимки, Аллоҳ таолога нисбатан «Парвардигор», «Тангри» каби сўзларни ҳуда-беҳуда ишлатиш жоиз эмас. Аллоҳ азза ва жалла бутун борлиқни йўқдан бор этган яккаю ягона илоҳдир.
Унинг исмлари ва сифатлари ҳам фақат Ўзига хосдир. Яъни У Ўзини қандай исм ёки сифат билан таърифлаган бўлса, фақат шундай исм ва сифат билан Уни зикр қилишимиз афзал. Унинг сифатлари Қуръони Каримда ҳамда саҳиҳ ҳадисларда билдирилган. «Парвардигор», «Худо» ёки «Тангри» каби сўзлар эса инсонлар томонидан қўйилган номлардир. Аллоҳ таолони мутлақо танимаган, билмаган оми кимсаларга тушунтириш учун бу сўзлардан вақтинча фойдаланиш мумкин. Аммо бироз бўлса-да илми бор мўмин-мусулмонлар Аллоҳ таолони фақат Унинг Ўзи билдирган исмлари билангина зикр қилганлари маъқул.
Энди бевосита биринчи саволингизга келсак, бу савол аввал ҳам берилган. Унга жавоб ҳам бўлган. Лекин одамлар аввалги нарсаларни ўқиб-ўрганишга одатланишмаган. Динни ўрганиш хаёлига келиб қолганда савол сўраш одатга кирган. Савол бериш ҳам ўзига хос ғалати гаплар билан бўлади.
Гап тўйларимизда бўладиган «келин салом» деб аталадиган маросим ҳақида бормоқда. Ўша маросимда келин янги оиласининг катталари билан таништирилади. Шунда келин уларга ўзига хос салом беради. Мазкур салом чоғида келиннинг эгилиши бор.
Ана шу келиннинг эгилишини баъзи кишилар «ширк» дейишмоқда. Яъни Аллоҳни қўйиб, куёвнинг отаси ёки бошқа қариндошларига ибодат қилиш, дейишмоқда.
Эҳтимол, ўша «ширк» деганлар ўзлари нима деб айтаётганларини билмаслар. Лекин ўзлари билмаса ҳам, гапларининг маъноси шу.
Лекин аслида бу маросим ибодат эмас, саломлашишдир. Бундай пайтда ҳеч ким Аллоҳни қўйиб, бандага ибодат қилишни хаёлига ҳам келтирмайди. Бу ерда агар келин салом пайтида намоздаги рукуъ миқдорида эгилиб юборса, саломлашиш одобини бузган бўлади.
Келин саломга қарши бўлаётганлардан фақат биргина киши бир ҳадис таржимасини эслаб, «Шуни далил қилса бўлармикан?» дея сўрагани ёдимда.
Ўша ҳадисни излаб, топдим. Имом Термизий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган эканлар:
عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ، قَالَ: قَالَ رَجُلٌ: يَا رَسُولَ اللهِ، الرَّجُلُ مِنَّا يَلْقَى أَخَاهُ أَوْ صَدِيقَهُ أَيَنْحَنِي لَهُ؟ قَالَ: «لَا»، قَالَ: أَفَيَلْتَزِمُهُ وَيُقَبِّلُهُ؟ قَالَ: «لَا»، قَالَ: أَفَيَأْخُذُ بِيَدِهِ وَيُصَافِحُهُ؟ قَالَ: «نَعَمْ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.
«Бир киши: «Эй Аллоҳнинг Расули! Биздан бир одам ўз биродари ёки дўстини учратиб қолади. Ўшанда унга инҳиноъ қиладими?» деди. «Йўқ», дедилар. «Уни қучоқлаб, ўпадими?» деди. «Йўқ», дедилар. «Қўл ушлашиб кўришадими?» деди. «Ҳа», дедилар».
Ҳадисдаги «инҳиноъ» сўзи «эгилиш» деб таржима қилинганидан келиннинг салом берганидаги эгилиши шу ҳадисга биноан, мумкин эмас, деган хулоса чиқариш мумкин. Аммо эгилиш билан эгилишнинг фарқи бор.
Уламоларимиз, бу ҳадисдаги «инҳиноъ» намоздаги рукуъга ўхшаш эгилиш, деганлар.
Фақиҳлар жумҳури: «Агар бир киши бошқа одамни Аллоҳни улуғлагандек улуғлаш нияти билан унга намоздаги рукуъ даражасида эгилиб таъзим қилса, ҳаром ишни қилган бўлади», деганлар. Аммо Аллоҳни улуғлагандек улуғлаш нияти бўлмаса, қаттиқ макруҳ иш бўлади.
Одамлар одатланиб қолган саломлашиш вақтида бошни эгиш ва энг оз рукуъ даражасига етмай эгилишда куфр ҳам, ҳаром ҳам йўқ, деганлар.
Яқинда Тошкент шаҳрининг бир қанча отин ойилари ва маросим ўтказишда бош бўладиган хонимлар жамланишиб, тўй ва маъракалардаги бидъат-хурофот, исрофгарчилик, ортиқча дабдабаларга қарши курашиш бўйича жуда яхши қарорларни қабул қилишди.
Мазкур мажлисда «келинсалом» масаласи ҳам кўрилди ва бу маросимни динимиздаги саломлашиш одобларига мос равишда ўтказишга келишиб олинди.
Яъни, келиннинг салом пайтида рукуъ даражасида эгилмасдан салом беришини йўлга қўйишга қарор қилинди.
2. Келин оилавий исмини ўзгартирмагани яхши.
3. Мазкур лафз ва дуоларни ҳожатхонадан ташқарида қилса, бўлади.
Валлоҳу аълам.