Ассалому алайкум! Кириб келаётган Рамазон ойи барчамизга муборак бўлсин! Мусулмон бандалар ўзига-ўзи ўлим тилаши бу қанчалик тўғри амал? У тортган азоблар ҳисобига доим омонатини топшириб барчасидан халос бўлишини хоҳлаши мумкинми?
Ваалайкум ассалом! Бу барчасидан халос бўлиш деган нарса хом хаёлдир. Бу жасадни инсонга Аллоҳ таоло омонат тарзда берган ва қандай фойдаланишликнинг йўл йўриқларини ҳам ўргатган. Аллоҳ таоло айтганидан бошқа нарсада фойдаланиши омонатга хиёнат ҳисобланади. Ўзини ўлдириш ҳам ўша омонатга хиёнатнинг энг улканларидан ҳисобланади. Унинг жазоси ҳам улкандир.
عَنْ ثَابِتِ بْنِ الضَّحَّاكِ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ حَلَفَ بِمِلَّةٍ غَيْرِ الْإِسْلَامِ كَاذِبًا مُتَعَمِّدًا فَهُوَ كَمَا قَالَ، وَمَنْ قَتَلَ نَفْسَهُ بِحَدِيدَةٍ عُذِّبَ بِهِ فِي نَارِ جَهَنَّمَ
Собит ибн Заҳҳок розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Исломдан бошқа миллат номига қасддан, ёлғондан қасам ичса, у ўзи айтганидекдир. Ким ўзини темир билан ўлдирса, жаҳаннам ўтида ўша билан азобланади», дедилар».
وَقَالَ حَجَّاجُ بْنُ مِنْهَالٍ: حَدَّثَنَا جَرِيرُ بْنُ حَازِمٍ، عَنِ الْحَسَنِ، حَدَّثَنَا جُنْدَبٌ رَضِي اللهُ عَنْهُ فِي هَذَا الْمَسْجِدِ فَمَا نَسِينَا، وَمَا نَخَافُ أَنْ يَكْذِبَ جُنْدَبٌ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: كَانَ بِرَجُلٍ جِرَاحٌ فَقَتَلَ نَفْسَهُ، فَقَالَ اللهُ: بَدَرَنِي عَبْدِي بِنَفْسِهِ حَرَّمْتُ عَلَيْهِ الْجَنَّةَ
Ҳасандан ривоят қилинади:
«Жундаб розияллоҳу анҳу бизга шу масжидда сўзлаб берган эди – биз (буни) эсдан ҳам чиқармадик, Жундаб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг номларидан ёлғон гапиради, дея қўрқмаймиз ҳам. – «У зот шундай дедилар: «Бир кишининг жароҳати бор эди. У жонига қасд қилди. Шунда Аллоҳ: «Бандам жони хусусида Мендан «илгарилаб» кетди. Унга жаннатни ҳаром қилдим», деди».
حَدَّثَنَا أَبُو الْيَمَانِ، أَخْبَرَنَا شُعَيْبٌ، حَدَّثَنَا أَبُو الزِّنَادِ، عَنِ الْأَعْرَجِ، عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: الَّذِي يَخْنُقُ نَفْسَهُ يَخْنُقُهَا فِي النَّارِ، وَالَّذِي يَطْعُنُهَا يَطْعُنُهَا فِي النَّارِ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўзини бўғ(иб ўлдир)ган дўзахда ҳам бўғади. Ўзига санчган дўзахда ҳам санчади», дедилар». (“Олтин силсила” китобидан Саҳиҳул Бухорий).
عَنْ جَابِرِ بْنِ سَمُرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: أُتِيَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِرَجُلٍ قَتَلَ نَفْسَهُ بِمَشَاقِصٍ، فَلَمْ يُصَلِّ عَلَيْهِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ
Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзини мишқослар билан ўлдирган одам олиб келинди. Бас, у зот унга жаноза ўқимадилар».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Шарҳ: «Мишқос» – кенг тиғли, пичоққа ўхшаш нарса.
Ўзини-ўзи ўлдириш Исломда қаттиқ қораланади. Бу иш мўмин-мусулмон одамга мутлақо тўғри келмайдиган ишдир. Ўзини-ўзи ўлдириш Аллоҳнинг қазои қадарига норози бўлиш, Аллоҳ берган ҳаёт неъматига нонкўрлик қилиш, осийлик ва иродасизликдир. Ўзини-ўзи ўлдириш мусулмонларга хос бўлмаган қўрқоқлик ва номардликдир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзини-ўзи ўлдирган одамга жаноза намози ўқимаганликлари бу одамга қилган номаъқулчилиги учун берилган муносиб жазо ҳамдир. Охиратда эса алоҳида жазолар бўлади.
Имом Бухорий Собит ибн Заҳҳок розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ алайҳиссалом:
«Ким ўзини темир асбоб билан ўлдирса, жаҳаннам оташида ўша билан азобланади», деганлар.
Имом Бухорий Жундаб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бир одамнинг жароҳати бор эди. У ўз жонига қасд қилди. Шунда Аллоҳ азза ва жалла:
«Бандам жони ҳақида Мендан аввал ўзи шошқалоқлик қилди. Унга жаннатни ҳаром қилдим», деди», деганлар.
Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ўзини-ўзи бўғган дўзахда ҳам ўзини бўғиб туради. Ўзига-ўзи пичоқ урган дўзахда ҳам пичоқ уриб туради», деганлар. Демак, ўзини-ўзи ўлдирган одамнинг дўзахга тушишига шубҳа йўқ.
Одамларга ўрнак бўлиши учун бу дунёда ҳам ундайларга ўзгача муносабатда бўлинади.
Умар ибн Абдулазиз, Авзоий ва имом Аҳмаднинг мазҳаблари бўйича ўзини-ўзи ўлдирган одамга жаноза намози ўқилмайди.
Уламолар «Боғий – Ислом давлатига қарши чиқ¬¬қанлар ва фосиқларга ҳам мана шу – ўзини-ўзи ўл¬дир¬ганнинг муросаси қилинади», дейдилар. Токи бошқалар ҳам буларнинг қилмишини қилмасинлар.
Қолган уч имомлар эса «Ўзини-ўзи ўлдирганга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари жаноза ўқимаганлар, аммо бошқаларга ўқишни амр қилганлар. Шунинг учун таниқли бўлмаган оддий одамлар ўқиб қўйса бўлаверади», дейдилар. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!