- Ва алайкум ассалом! Гуноҳ иш қиляпсиз. Аёл билан ўғилни уришингиз бу сизни тарбия қилишда ноқис эканлигингизни аломати бўлади. Чунки ҳақиқий мураббийлар муҳаббат билан ўзларига эргаштириб тарбия беришади. Педогогикада уриб тарбиялаш педогокнинг ноқислиги деб берилган. Чунки ширин сўз ва гўзал муомала тополмаган инсон уриш йўлини тутади. Бу эса заифликдир. Тарбия бериш керак бўлса сокин ҳолатда ясама жаҳл қилиб тарбия бериш мумкин. Аслида у ҳам доимий бўлмаслиги керак.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: جَاءَ رَجُلٌ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: عَلِّمْنِي شَيْئًا وَلَا تُكْثِرْ عَلَيَّ، لَعَلِّي أَعِيهِ، قَالَ: لَا تَغْضَبْ، فَرَدَّدَ ذَلِكَ مِرَارًا كُلُّ ذَلِكَ يَقُولُ: لَا تَغْضَبْ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَالْبُخَارِيُّ وَأَحْمَدُ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Менга бир нарса ўргатинг. Кўпайтириб юборманг. Шоядки, англаб олсам», деди.
«Ғазаб қилма!» дедилар.
У ўша (гапи)ни бир неча марта такрорлади. У зот ҳар сафар:
«Ғазаб қилма!» дедилар».
Термизий, Бухорий ва Аҳмад ривоят қилганлар.
Машҳур саҳобий Абу Дардо розияллоҳу анҳунинг гувоҳликларида саҳобалардан бири Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга:
«Мени жаннатга киритадиган ишга далолат қилинг», деди. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ғазаб қилма, жаннат сеники бўлади», деб жавоб бердилар.
Мадинаи Мунавваранинг серфайз маконларидан бирида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобалари билан суҳбат қуриб ўтирган эдилар.
Суҳбатда ҳозир бўлганлардан бири Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга озор берди. Ҳазрати Абу Бакр эътибор бермасдан, жим ўтиравердилар. Ҳалиги одам у кишига иккинчи марта озор берди. Ҳазрати Абу Бакр яна жим ўтиравердилар. Сўнгра учинчи марта озор берганида Абу Бакр Сиддиқнинг ғазаблари чиқди-да, унга жавоб бердилар.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирдан ўринларидан туриб, жўнаб қолдилар. Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу у зотга мурожаат қилиб:
«Мендан аччиғингиз чиқдими, эй Аллоҳнинг Расули?» деб сўрадилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига жавоб бериб:
«Унинг сенга айтган гапи ёлғонлигини билдириш учун осмондан фаришта тушган эди. Сен ғазаб қилиб, унга жавоб қайтарганингда фаришта кетиб, ўрнига шайтон ўтириб олди. Шайтон ўтирган жойда мен ўтира олмас эдим», дедилар.
Ё Аллоҳ! Наҳотки ғазаб шунчалик ёмон нарса бўлса?! Наҳот осмондан тушган фаришта ғазаб воқеъ бўлганидан хафа бўлиб, қайтиб кетса-ю, унинг ўрнини шайтон эгалласа?!
Саҳобалардан Ҳумайд ибн Абдурроҳман ҳикоя қиладилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мажлисларидан бирида бир киши у зотга:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Менга насиҳат қилинг!» деди.
Шунда оламларга раҳмат қилиб юборилган зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ғазаб қилма», дедилар.
Мурожаат қилувчи ўз сўзларини бир неча марта такрорлади. Расули Акрам ҳар сафар:
«Ғазаб қилма!» деб жавоб қилдилар.
Бу ўзаро муомаланинг тирик шоҳиди бўлган саҳобий розияллоҳу анҳу «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу турдаги жавобни эшитганимдан сўнг «Ғазаб барча ёмонликларни ўзида жамлаган экан-да», деган хулосага келдим», деган эканлар.
Ҳа, мазкур муҳтарам саҳобийларнинг хаёлларидан ўтган гап, яъни «Ғазаб барча ёмонликларни ўзида жамлаган экан-да», деган фикр менинг хаёлимдан ҳам ўтиб турибди.
Сарвари олам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «ғазаб» деб номланган маънавий жиноятни, ахлоқий разолатни қандай муолажа қилганларини ўрганишга ҳаракат қиламан. Савол берувчилар турли кишилар, саволлар ҳам турлича, лекин ҳаммаларига бир хил – «Ғазаб қилма», деган жавоб берилган. «Мени Аллоҳ азза ва жалланинг ғазабидан нима узоқлаштиради?» деган саволга ҳам, «Эй Аллоҳнинг Расули! Менга бир сўз айтинг! қисқа бўлсин. Ўзимга сингдириб олай», деган илтимосга ҳам, «Мени жаннатга киритадиган ишга далолат қилинг» деган сўровга ҳам бир жавоб – «Ғазаб қилма» жавоби берилган. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!