Ассалому алайкум! Мен шу саволга аниклиқ киритмоқчиман. Илтимос жавоб берсангизлар. Аёли ўраниб, авратларини ёпиб, жағидан рўмол ўраб юрса, уни эри рўмолни орқадан ўра ёки рўмолни еч деса ечиши керакми ёки ўраниб юравериш керакми? Агар рўмолни ечса аёлга гуноҳ бўладими? Жавоб учун олдинтан раҳмат.
Ва алайкум ассалом! Аллоҳ авратингни ёп дейди, эр оч дейди. Бу ерда Аллоҳга итоат қилиш керак. Чунки эрни азобидан Аллоҳ қутқара олади, мабодо вафот топса ҳам Осиё онамиздек Аллоҳнинг ҳузурида жаннат аёлларининг саййидаси мақомига эришганларидек мақомларга эга бўлади. Лекин Аллоҳга осий бўлиб азобига дучор бўлса, эр қутқара олмайди.
عن عائشة رَضِي اللهُ عَنْها ، قالت لفاطمة: ألا اُبشّركِ ؟ إنّي سمعت رسول الله صلى الله عليه و آله يقول : سيّداتُ نساء أهل الجنّة أربع : مريم بنت عمران ، و فاطمة بنت محمد ، و خديجة بنت خويلد، و آسية بنت مزاحم إمراة فرعون
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Сизга бир хушхабар етказайми. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Жаннат аҳли аёлларининг саййидалари тўрттадир. Марям бинти Имрон, Фатима бинти Муҳаммад, Хадижа бинти Хувайлид ва Фиръавннинг хотини Осиё бинти Музоҳим” деяётганларини эшитдим». Ҳоким ривояти. Аллоҳ таоло “Таҳрим” сурасида:وَضَرَبَ اللَّهُ مَثَلًا لِّلَّذِينَ آمَنُوا اِمْرَأَةَ فِرْعَوْنَ إِذْ قَالَتْ رَبِّ ابْنِ لِي عِندَكَ بَيْتًا فِي الْجَنَّةِ وَنَجِّنِي مِن فِرْعَوْنَ وَعَمَلِهِ وَنَجِّنِي مِنَ الْقَوْمِ الظَّالِمِينَ
11. Аллоҳ иймон келтирганларга Фиръавннинг хотинини мисол қилиб келтирди. Ўшанда у: «Роббим, менга Ўз ҳузурингда – жаннатда бир уй бино қилгин. Менга Фиръавндан ва унинг ишидан нажот бергин ва менга золим қавмдан нажот бергин», – деб айтди. Фиръавннинг хотини ўша пайтдаги энг катта подшоҳнинг аёли эди. Ҳар жиҳатдан тўкинликда яшар эди. Нимани хоҳласа, шуни қилиши мумкин. Қасрларда, турли неъматлар ичида фароғатда яшашига қарамасдан, кофир ва золим эрига ва қавмига қарши чиқди. Аллоҳ таолога иймон келтирди. Аллоҳдан жаннатда уй қуриб беришини сўради. Бу эса дунё ҳойи-ҳавасидан устун келишнинг олий мисолидир. Мўминларнинг иккинчи мисоли Биби Марямдирлар.وَمَرْيَمَ ابْنَتَ عِمْرَانَ الَّتِي أَحْصَنَتْ فَرْجَهَا فَنَفَخْنَا فِيهِ مِن رُّوحِنَا وَصَدَّقَتْ بِكَلِمَاتِ رَبِّهَا وَكُتُبِهِ وَكَانَتْ مِنَ الْقَانِتِينَ
12. Ва фаржини пок сақлаган Имрон қизи Марямни (мисол келтирди). Бас, Биз унга Ўз руҳимиздан пуфладик ва у Роббининг сўзларини ҳамда китобларини тасдиқ қилди ва итоаткорлардан бўлди. Биби Марям Имрон қизи Аллоҳга соф эътиқодда бўлганлар ва ўзларини ҳам соф тутганлар. Яҳудийлар туҳмат қилганларидек, нопок бўлмаганлар. Аллоҳ таоло Жаброил фаришта орқали ўша пок жасадга Ўз руҳидан «пуф» дейиш билан Ийсо алайҳиссаломни ато қилган. Бу қиссалар бошқа сураларда батафсил келгани учун, биз бу ерда яна такрорлаб ўтирмаймиз, фақат шуни таъкидлаймизки, у киши Аллоҳнинг сўзларига ва китобларига иймон келтирганлар ҳамда итоаткор қавмлардан бўлганлар. Мўминлар Биби Марям ҳаётларидан ўрнак олишлари керак. “Аҳзоб” сураси 33-оятида : «Албатта, Аллоҳ сиздан кирликни кетказиб, бутунлай поклашни ирода қилади, эй аҳли байт!» Ушбу жумладаги «кир», албатта, маънавиятга тегишлидир, яъни бундан гуноҳлар ва бошқа маънавий доғлар тушунилади. «Аҳли байт» – хонадон аҳллари. Шиъа мазҳабидагилар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «аҳли байт»лари деб ҳазрати Али, Фотима онамиз ва уларнинг фарзандларинигина назарда тутадилар. Аммо Аҳли сунна ва жамоа уламолари ушбу ояти каримани далил қилиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг азвожи мутоҳҳаралари ҳам «аҳли байт»га киришларини айтадилар. Бу мақом улар учун катта бахтдир. «Аҳли байт» дейилишининг ўзи катта гап. Чунки бу ибора бошқаларга ишлатилмайди. «Аҳли байт» деганда, фақат маҳбуб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хонадон аҳллари тушунилади, холос. Ўша аҳли байтдан кирликларни кетказишни Аллоҳ таоло Ўз зиммасига олмоқда. Ўша аҳли байтни бутунлай поклашни Аллоҳ таоло ўз зиммасига олмоқда. Лекин, аввало, уларни одобли, ахлоқли бўлишга, уйларида виқор билан ўтиришга, жоҳилият очиқ-сочиқлигидан узоқ туришга, нозу карашма билан гапирмасликка, намоз ўқиб, закот беришга ҳамда Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилишга амр этмоқда ва шундан сўнггина улардан кирни кетказиб, бутунлай поклашга ваъда бермоқда. Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга аҳли байт бўлишнинг ўзигина Аллоҳнинг уларни бутунлай поклаши учун етарли эмас. Балки, аввало, улар иймон-эътиқодда ва ибодату амалда бўлмоқлари зарур. Ана шундагина Аллоҳ таоло уларнинг кирларини кетказиб, бутунлай поклайди. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Фотима Муҳаммад қизи! Эй София Абдулмуттолиб қизи! Эй Бану Абдулмуттолиб! Мен сизларга Аллоҳдан келадиган бирор нарсани қайтаришга молик эмасман. Мендан ўз молимдан нимани хоҳласангиз, сўранглар», – деганлар. Имом Муслим ва имом Термизийлар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Қурайш жамоаси, ўзингизни дўзахдан қутқаринг! Эй Бану Каъб жамоаси, ўзингизни дўзахдан қутқаринг! Эй Бану Ҳошим жамоаси, ўзингизни дўзахдан қутқаринг! Эй Бану Абдулмуттолиб жамоаси, ўзингизни дўзахдан қутқаринг! Эй Фотима Муҳаммад қизи, ўзингни дўзахдан қутқар! Аллоҳга қасамки, албатта, мен сизларга Аллоҳдан келадиган бирор нарсани қайтаришга молик эмасман», – деганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтларига муносабат шунчалик экан, энди бошқалар ўзлари тушуниб олаверсалар бўлади. Ҳа, Аллоҳ таоло Ислом жамиятининг жавҳари ҳисобланган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтларидан кирни кетказишни, уларни бутунлай поклашни хоҳлайди, аммо аввал аҳли байтни иймон ва амалга чақиради. (“Тафсири Ҳилол” китобидан). Валлоҳу аълам!